17:39, 08.11.2019 // 136231

«Аравакашлик қилиб, қизимни ТошМИда ўқитдим». Аравакаш амаки ҳикояси

«Дарё» ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга, бироқ жамоатчилик эътиборидан кўпинча четда қолаётган касб эгалари билан суҳбат қилмоқда. «Соядаги одамлар» лойиҳасининг бу галги қаҳрамони етти йилдан буён аравакашлик қилиб келаётган киши

 Баҳодир Тўраев 50 ёшда. Қашқадарё вилояти Қамаши туманида туғилган. Уч фарзанднинг отаси. Етти йилдан бери «Ипподром» (Чилонзор буюм бозори) бозорида аравакашлик қилиб, рўзғор тебратиб келмоқда.

Келажакда катта одам бўлмоқчи эдим...

Болалигимда футбол ўйнаш жон-у дилим эди. Келажакда машҳур футболчи бўламан, деб ният қилардим. Лекин бу мендай оддий оила фарзанди учун ушалмас орзудай гап эди. Йиллар ўтиб, айтганимдай орзу орзулигича қолди. Мақсадларим томон боришга шароитимиз бўлмади.

Фото: «Дарё»

Дадам мактабда бошланғич синфларга дарс берар эди. Мени ҳам олий маълумотли бўлиб, яхши жойларда ишлашимни хоҳлаган. Мактабни битириб, Ирригация институтига ўқишга кирганман. Лекин иккинчи босқичдалигимда ўқитувчимиз билан тортишиб қолганим учун «отчисления» қилишган. Шундан кейин тақдирга тан бериб, қишлоққа қайтдим. Бир муддат дўконларда сотувчилик қилдим, фабрикада ишладим. Ҳаётим давомида пул топиш, оила боқиш учун қилмаган ишим қолмади. Оиламни етарли даражада таъминлай олмагач, охири Тошкентга келиб, аравакашлик қилишни бошладим.

Ҳаётимдан нолимайман

Мана «Ипподром»да арава тортаётганимга ҳам етти йил бўлибди. Оиламдан, фарзандларимдан узоқдагимни айтмаганда ҳаммаси яхши, нолимайман.

Иш куним саҳар соат 3:00-4:00 дан бошланиб, то бозор ёпилгунча давом этади. Топиш-тутишим кўнгилдагидек. Кунига 80-100 минг сўм атрофида даромад қиламан.

Фото: «Дарё»

Бозорнинг ёзилмаган ўз қоидалари бор

Бозорда менга ўхшаган мингдан ортиқ аравакашлар бор. Бу ердан 18 ёшдан то 60 ёшгача бўлган ҳамкасбларимни топиш мумкин. Ҳар бир бозорларнинг ўз аравакашлари бор. Ҳатто аравалар ҳам шунга мос бўялган. Масалан, кўк рангли арава «Ипподром»ники, «Абу сахий»ники сариқ, «Бек барака»ники эса кичикроқ яшил рангда. Мен эса «Ипподром»нинг араваларини ҳайдаб юраман.

Аравакашларнинг «ставка»лари

Тайёр юкларни жойига олиб бориб қўйишимиз 5 минг сўмдан 10 минг сўмгача. Агар узоқдан харидорлар келса, улар билан аравада 1-2 соатлаб бирга юришга тўғри келади. Дўконлардан керакли нарсаларини харид қилаверишади. Биз эса  юклаб юраверамиз. Кейин машинасини тагигача ёки Бухоро «стаянка»си дейдими, «Абу сахий»ми фарқи йўқ. Айтган жойигача элтиб берамиз. Кўп вақтимиз кетгани учун нарх ҳам ошади. Масалан, 15-20 минг бўлиши мумкин. Арава кам бўлса, «ставка»миз ҳам ошади.

Фото: «Дарё»

Ортиқча сарф-харажат қилмайман

Бозор олдидаги квартирада ижарада тураман. Шароити яхши. Кунлик тўлов 7 минг сўм. Кейин аравани ижарага олганим учун кунига 22 минг сўм тўлайман, бўлди. Ортиқча овқатланмайман, умуман, ўзимга кийим-кечак олмайман. Болаларим пулдан қийналиб қолмасин, деб ишлаган пулларимни ушлаб турмай ҳар ўн кунда уйга юбораман.

Ишимда муаммолар бўлмайди

Табиатан оғир, босиқ одамман. Балки феъл-атворим ёки ёшим катталиги учунми, билмайман, мижозларим билан қандайдир келишмовчиликлар бўлмайди. Ҳечам сен-менга бормаймиз. Улар яхши гапиради, мен ҳам хўп бўлади деб хизматини чин дилдан қиламан. Ортиқча гап-сўзга ўрин йўқ.

Кўчада ишлаганларга осон эмас

Очиғи айтсам, қулоғим яхши эшитмайди. Лекин бундан бошқа соғлиғимдан шикоят қилмайман. Худога шукр, куч-қувватим жойида. Ишда қаттиқ чарчасам, кечаси яхшилаб ухлаб олсам бўлди, яна ўзимга келаман.

Фото: «Дарё»

Кунимиз кўчада ўтгани учун об-ҳаво соғлиғимизга таъсир қилади. Масалан, одам ҳар қанча иссиққа чидаши мумкин, лекин қишда, қаҳратонда ишлаш қийин бўлади. Совқотамиз. Қўлларимиз музлаб қолади. Лекин бошқа иложимиз йўқ, иссиқ кийиниб, яхшилаб овқатланиб ишлайверамиз.

Менинг борлиғим — оилам

Учта фарзандим бор. Икки қиз бир ўғил. Катта қизимни ТошМИда ўқитганман. Ҳозир ўзимизда ишлайди. Оилали. Ўртанчам ўғил, дўконда сотувчилик қилади. Кенжа қизим эса 16 ёшда. Келажакда профессор бўлмоқчи. Уни опаси каби ўқитиб, олий маълумотли қилмоқчиман.

Аёлим ўқитувчи. Мактабда бошланғич таълимдан дарс беради. Лекин аёлнинг топгани ҳеч нарса бўлмайди. Оилада эркак киши ишлаб, тирикчилик қилиши керак.

Фото: «Дарё»

Қашқадарё билан Тошкентнинг орасида ер билан осмонча фарқ бор. Ўзим оиламнинг олдида ишлашни хоҳлайман, лекин иш йўқ. Майли аравакашлигимни шу ерда қилай, десам ҳам бўлмайди. У ерда аравакашга эҳтиёж йўқ. Ҳамма машинасида бориб, харажатини қилиб қайтади. Шунинг учун Тошкентга келиб ишлашга мажбурман.

Болаларим, дада бўлди, энди ишламанг, дейишади лекин мен ишламасам оилани ким боқади? Ким уларни едириб ичиради, ким ўқишига пул беради? Ҳар қанча қийин бўлмасин, улар оёққа туриб олгунича, қаттиқ меҳнат қилишга мажбурман.

Энг катта ниятим...

Болаларим келажакда ўқиб катта одам бўлишини хоҳлайман. Улғайганда мендек арава тортиб юришини истамайман. Шунинг учун бор кучим билан ишлаб, уларни олий маълумотли қиламан. Катталарини-ку бир амаллаб ўқитдим. Уйли-жойли қилдим. Энди кичкинасини ўзи истаган олийгоҳда ўқитсам бўлди.

Фото: «Дарё»

Ота-она қачон хурсанд бўлади?

Қачонки болалари бахтли бўлиб, ҳеч нимага зориқмай яшаса... Шунинг учун майли ўзим киймасам, киймайман Энди давримиз ўтди. Бизга эски-туски ҳам бўлаверади. Аммо болаларим хоҳлаганини олиб, еб ичсин, кийсин, бировдан кам бўлиб, ўксимасин дейман. Шунинг учун бор пулимни фарзандларимга бераман.

Майли, менинг қийналганим болаларимнинг роҳати. Уларнинг тани-жони соғ бўлиб, бахтли юришса бўлди. Менга бундан ортиқ ҳеч нарса керакмас.

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди.

Аввалги соядаги одамлар:

«Тушимда марҳум эрим тинмай оловда ёнарди». Гулчи аёл ҳикояси

«Мусорга ташлаб юборилган 34 миллион сўмни топиб берганман». Чиқинди йиғувчи амаки ҳикояси

Моделлар бойларга жазман бўладими? Модель қиз ҳикояси

«Тарозидан уриб, одамларга қуртлаган жигар ва гўшт сотгани учун қассоблар узоқ яшамайди». Қассоб йигит ҳикояси

«Тиланчилар таксида, ўқитувчилар автобусда юрадиган замонда яшаяпмиз». Киракаш йигит ҳикояси

«Пул топиш учун ҳаммасига розиман, фақат фоҳишаликка эмас!» Официантлик қилаётган Ўзбекистон чемпионининг ҳикояси

«Бой ўлса ўлсин, камбағал ўлмасин». Гўрков Юрсунали ота Умаралиев ҳикояси

«Менга ҳеч нарса керакмас, шунчаки бахтли бўлишни хоҳлайман». Мардикорлик қилаётган қиз ҳикояси

«Ўзбекистон ўликхоналарида мурдалар сотилмайди!» Морг ходимининг ҳикояси

«Официантлар қўпол мижозларнинг овқатига тупуриб беришини эшитганман». Официант йигит ҳикояси

«Новвой бўлиб кўз нуримни йўқотяпман». Новвой йигит ҳикояси

Энг кўп ўқилган

Қидирув