Фарғона вилоятида носоз ҳолдаги электр иситиш мосламасидан фойдаланиб, уни назоратсиз қолдирилиши аянчли якунланди, деб хабар беради Ўзбекистон ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси.

Фото: ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси

7 ноябрь куни соат 13:24 да Фарғона вилояти Олтиариқ тумани «Навбаҳор» МФЙ Янгиқўрғон кўчасида жойлашган 45-уйда содир бўлган ёнғин оқибатида 2018 йилда туғилган қизча тутундан заҳарланиб, воқеа жойида ҳалок бўлганлиги ҳақида Олтиариқ туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлимидан туман ИИБга хабар берилган.

Тезкор-тергов гуруҳи ходимлари томонидан воқеа жойига бориб, ҳодиса юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилганда яшаш хонада носоз электр иситиш мосламасини ёқиқ ҳолда назоратсиз қолдирилиши натижасида уйнинг 5 квадрат метр майдонда пол қисми ва ички жиҳозлари ёниб зарарланганлиги, ачинарлиси, шу хонада бешикда бўлган чақалоқ тутундан заҳарланиб, вафот этганлиги маълум бўлган.

«Қўлбола ва носоз газ, электр иситиш мосламаларидан фойдаланманг, иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг тавсияси ва йўриқномаси талабларига риоя қилинг. Ёш болаларни ва гўдакларни уйда қаровсиз, назоратсиз қолдирманг», — дейилади ФВВ ЁХББ хабарида.

Аввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Давлат ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси 2019 йилнинг ўтган 10 ойи давомида юз берган ёнғинлар статистикасини тақдим этганди.

Қайд этилишича, 2019 йилнинг ўтган 10 ойи давомида содир бўлган ёнғинлар 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 345 тага, ёнғинларда инсонларнинг ҳалок бўлиши 10 тага ва тан жароҳати олиши 56 тага камайган. Лекин олиб борилаётган ишларга қарамасдан 2019 йилнинг мазкур даври давомида республика ҳудудида жами 9 384 та ёнғин қайд этилиб, ушбу ёнғинларда 88 киши ҳалок бўлган ва 240 киши тан жароҳати олган.