Греция шимолидаги Марказий Македонияда, Сере шаҳри яқинидаги қазилма ишлари вақтида аввал фанга номаълум бўлган илонларнинг икки турнинг қолдиқлари топилди. Бу ҳақда «Известия» хабар берди.

Фото: Greekreporter

Илон қолдиқларини топган тадқиқотчи уларнинг тахминий ёшини ҳам аниқлаган. Судралиб юрувчиларнинг ёши 5,5 миллиондан 6 миллион йилгача бориб етиши мумкин. Олим уларга Periergophis micros (грекча «ғалати грекча илон») ва Paraxenophis spanios («камёб ўзгача илон») деб номлади.

Торонто университетининг палеонтологи Георгис Георгалис топилган икки илон турнинг бошқа ҳар қандай турдаги илонлардан фарқли эканлигини қайд этди ва шу сабабли ҳам уларга янги ном берилганини таъкидлади.

«Улар шу қадар ғаройибки, биз илонларни қайсидир туркум ёки турга мансуб деб айта олмаймиз. Шу сабабли уларни алоҳида бир тур деб ажратиш мақсадга мувофиқ. Умуртқа поғонасининг бундай анатом шакли аввал кузатилмаган. Замонавий ҳайвонларда ҳам қирилиб кетган турларга мансуб илонларда ҳам лоақал морфологияси ушбу икки илонга ўхшаш судралиб юрувчи учрамаган», — дейди олим.

Георгалис ушбу кашфиёт ҳақида ёзган мақоласида Германия, Швейцария ва Чехия палеонтологлари билан ушбу икки янги тур илонлари ўрганилаётганини айтиб ўтган.