Пекиндан Тошкентга учаётган Uzbekistan Airways самолёти Хитойнинг Ланчжоу шаҳридаги аэропортга фавқулодда қўнди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Фото: Spot

Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси берган маълумотга кўра, 6 ноябрь куни соат 23:50 да Пекин—Тошкент йўналиши бўйича учаётган Uzbekistan Airways самолёти Ўзбекистон фуқаролари бўлган йўловчилар А.С., М.М., Д.А. ҳамда Россия фуқаролари бўлган унинг турмуш ўртоғи ва ўғлининг соғлиги ёмонлашгани сабабли Гансу провинциясининг Ланчжоу шаҳри аэропортига фавқулодда қўнган.

Самолёт қўнгандан сўнг уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва  шаҳар клиник шифохонасига жойлаштирилган. 7 ноябрь соат 5:41 да самолёт Тошкентга учиб кетган.

Қайд этилишича, Бош консулхона тиббиёт муассасаси билан доимий алоқа ўрнатган ҳамда мазкур вазиятни ўз назоратига олган.

Эслатиб ўтамиз, 4 ноябрда ҳам йўловчилардан бирининг ўзини ноқулай ҳис қилгани учун Санкт-Петербургдан Урганчга учаётган самолёт Самарага фавқулодда қўнганди. Кейинчалик йўловчи Ўзбекистонга таксида йўлга чиққан.

Шу куни Москвадан Душанбега учаётган самолёт Тошкентга фавқулодда қўнган. 30 октябрда ҳам Москвадан Тожикистоннинг Кўлоб шаҳрига учаётган самолёт Тошкентга фавқулодда қўнган. Бунга ноқулай об-ҳаво шароитлари сабаб бўлган.