Мана ҳаш-паш дегунча футбол бўйича Европанинг энг нуфузли мусобақаси — Чемпионлар Лигасида 4-тур баҳслари ҳам якунига етди. Биз эса ушбу турнинг энг қизиқарли маълумотларини бир саҳифага жамлашга қарор қилдик. Демак, кетдик!

Фото: Yandex Photos

Гуруҳ босқичи 4-турида 56 та гол урилди. Шундан 29 таси 5 ноябрь кунги ўйинларда киритилди. Бундай сермаҳсуллик мусобақа тарихида қайд этилмаганди. Турнинг энг серҳмаҳсул ўйини эса Лондонда кечди. Мусобақанинг ўтган йилги ярим финалчиси, таъбир жоиз бўлса, ўша мавсумнинг энг чиройли, томошабоп ўйин соҳиблари «Аякс» Британия пойтахтида Фрэнк Лэмпард шогирдлари меҳмони бўлди. Амстердамликлар биринчи бўлимда битта зарба бериб, 3:1 ҳисобида олдинга чиқиб олиши омаддан бошқа нарса эмасдек эди гўё. Аммо ўша омад қуши иккинчи бўлимда айланиб ҳам ўргилиб ҳам «Челси»нинг бошига қўнаверди. Қандайдир бир дақиқа ичида Дейли Блинд ва Жоэл Велтманнинг майдондан четлатилиши иккита тўп фарқи билан олдинда бораётган Эрик тен Ҳаг жамоасини ҳам синдирмасдан қолмади. «Челси» эса Лэмпард келгандан буён қилаётган иши — ҳужумкорликни давом эттирди ва камбэкни амалга оширди — 4:4. Нафақат ўйинни, балки, турни безаши кутилган Ҳаким Зиёшнинг қойилмақом зарбаси эса ҳатто тур голи бўлиш учун даъвогарлар қаторидан ҳам ўрин олмади. Нега дегинг келади? Бироқ...

Тур омадсизларидан бири табиийки «Барселона» бўлди. Нега ахир Каталония клуби ютқазмади-ку дерсиз. Йўқ, Эрнесто Вальверде қўл остида тез-тез бузилиб турадиган Хожибой Тожибоев таърифлаган трактор мисоли ҳаракат қилаётган «Барселона» гуруҳ аутсайдери «Славия»ни ўз майдонида юта олмади. Буни омадсизлик, ишончсизлик ва яна нималардир деб таърифлаш мумкиндир. Аммо «Барселона»нинг тез-тез шундай тушунарсиз натижалар қайд этиб туриши ҳам одатий ҳолга айлангани бор гап. Бунга яққол исбот эса «Барса»нинг уч кун олдин Ла Лига доирасида «Леванте»дан қабул қилиб олган мағлубиятини кўрсатиш мумкин. Эрнесто Вальверденинг ўзи шундоқ ҳам муваққат турган курсиси айни дамда қимир-қимир қилиб турган бўлса не ажаб. Балки у ўз вақтида Неймар—Месси—Суарес триосини яхшигина ишга сола билган ҳамкасби Луис Энрикедан маслаҳат сўраб кўрар. Ҳар ҳолда Энрикенинг ҳужум учлигини ташкил қилиш борасида тажрибаси Вальверденикидан ортиқ бўлса борки, асло кам эмас.

Фото: Twitter/@ChampionsLeague

Қуръа жараёнида осон гуруҳга тушгани айтилган амалдаги чемпион «Ливерпуль» кучларини тежаган ҳолда «Генк»ни мағлуб этишга ҳаракат қилди ва бунинг уддасидан чиқди. Ғалаба голини эса сўнгги учрашувларда қойилмақом ўйинлари билан Арсен Венгерга салом йўллаётган Алекс Окслейд-Чемберлен томонидан урилди. Клопп шогирдлари шу тариқа Клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатига кўтаринки кайфиятда йўл оладиган бўлди. Карло Анчелотти шогирдлари бўлмиш «Наполи» эса ўз уйида 19 ёшли Эрлинг Ҳоланд етакчилигидаги «Зальцбург»ни мағлуб эта олмади. Эрлинг эса яна гол урди. 19 ёшли норвегиялик Чемпионлар Лигасидаги илк мавсумида кетма-кет тўртта ўйинда гол урди. У еттита гол билан айни дамда мусобақа тўпурарлари рўйхатида пешқадам бўлиб турибди. «Зальцбург» дарвозаси олдида эса аллақачон «Манчестер Юнайтед» ва «Бавария» каби грандлар «тақир-туқур»  ишларини бошлаб юборган.

Фото: Twitter/@ChampionsLeague

«Барселона» ҳақида гап кетар экан, «Реал»га тўхталмаслик ҳозирги кунда мисоли жиноят эрур. Каталонлардан фарқли ўлароқ бу сафар Зинедин Зидан бошлиқ «Қироллик клуби» туркларни Мадридда савалаб-савалаб ташлади. Бу ишни эса тажрибали Каримжон Бензема ҳамда 18 ёшли йигитча Родриго амалга оширди. Бразилиялик ёш иқтидор эгаси мусобақада идеал ҳет-трик қайд этган энг ёш футболчига айланди. У бу орқали 20 ёшида бу натижага эришган Килиан Мбаппени ортда қолдирди. Идеал ҳет-трик нима дейсизми? Ўнг ва чап оёқда шу билан бирга бошда битта ўйиннинг ўзидаёқ гол уриш шундай деб аталур, азиз мухлис. «Реал»га ўтган мавсум олиб келинган Винисиус Жуниордан фарқли ўлароқ Родриго жаноблари майдонда шундай совуққонлик билан, ортиқча эмоцияларсиз ўйин намойиш этмоқдаки, худди у «Реал»га бир неча мавсум аввал келган деб ўйлайди киши. Аслида эса у асосий жамоа сафида эндигина 6 та ўйин ўтказди. Нима ҳам деймиз, бўладиган бола бошидан...

Бир неча мавсумдан бери ҳужум чизиғи нафақат Европада, балки жаҳонда тенгсиз дея эътироф этилаётган ПСЖ жорий йил ҳимояда шунчалик яхши ўйин кўрсатмоқдаки, рақиб жамоалар 4-турга келиб ҳам Кейлор Навас дарвозасига битта ҳам гол ура олмади. Ҳаттоки 11 метрлик жарима зарбасидан ҳам. «Интер»да Антонио Контега керак бўлмай қолган Мауро Икарди эса Неймарнинг йўқлигини умуман билдираётгани йўқ. Унинг бу сафарги голи ПСЖга навбатдаги уч очкони келтирди. Неймарнинг йўқлигини билдирмасликда катта хизмат кўрсатаётган бир «паҳлавон» бор. Бу — Килиан Мбаппе. Килиан ва Мауро ПСЖнинг сўнгги 13 та голига муаллифлик қилди. Нима ҳам деймиз, ёмғирдан қочиб, дўлга тутилган Неймар иним бардам бўл!

Фото: Twitter/@ChampionsLeague

Бошқалар ҳақида гап кетар экан, «Бавария» ва «Ювентус» ҳақида ҳам икки оғиз. Турин клуби Москвада Юрий Сёмин бошлиқ «Локомотив»ни сўнгги дақиқаларга келибгина мағлуб этиш имконини топди. Бу ишни эса ҳамма кутган Роналду эмас, захирадан ўйинга қўшилган Дуглас Коста бажарди. У ўзининг «соло»си орқали биринчи голда антиқаҳрамонлик кўрсатган Гильермени ожиз қолдира олди. Гол бўлган вазиятда эса Саррининг ёқимтойи Гонсало Игуаин қойилмақом узатма берганини таъкидлаш жоиз. Яна бир эътиборли жиҳат эса захирага олинган Роналду Саррига «беш ташлаш»ни хоҳламади.

Фото: Twitter/@ChampionsLeague

Бир неча кун олдин Нико Ковачни истеъфога чиқариб, бош мураббийсиз қолган «Бавария» юнон ўлкасидан келган «паҳлавонлар» — «Олимпиакос»ни гол уриш чарчамаётган Роберт Левандовски ҳамда Иван Перишичнинг ҳаракатлари орқали мағлуб этди. Мюнхенликлар ҳозирда янги бош мураббийни кутиш жараёнида. Венгер келмаслиги аниқ бўлди. Ким билади, балки ўзгача Жозе ёки Аллегри жаноблари Мюнхен жамоаси бошқарувини қўлига олар...

Нима бўлганда тақдирда ҳам ҳозирча бизда шулар. Кейинги турларда ғойибона кўришгунча деб қоламиз...

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!