Шарқий Осиёда «Тайван товуқчилик қироли» сифатида кенг танилган Тен Сюекай Наманган вилоятида йирик паррандачилик комплекси қуриш лойиҳасини амалга оширмоқда, деб хабар берди Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Вилоят ҳокимлигида 6 ноябрь куни бўлиб ўтган учрашувда Наманган вилоят ҳокимлиги билан Каи Шинг Наманган хорижий корхонаси ўртасида ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича инвестицион келишув имзоланган. Вилоятда МЧЖ шаклидаги «Каи Шинг Наманган» хорижий корхонаси рўйхатдан ўтказилди.

Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва Тен Сюекай томонидан имзоланган келишувга кўра, паррандачилик комплекси, иссиқхона, кушхона, ем ишлаб ишлаш чиқариш заводи, органик чиқиндиларни қайта ишлаш заводи каби бўлимлардан иборат ушбу йирик лойиҳа учун «Каи Шинг Наманган» хорижий корхонасига вилоятда 550 гектар ер ажратилади. Инвестор ушбу лойиҳа учун 30 миллион доллар миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвестиция киритади.

Ушбу корхонада очиқ осмон остида махсус зотли товуқларни етиштириш йўлга қўйилади. Етиштирилган товуқларнинг катта қисмини Хитойда машҳур бўлган «Император товуқ эссенцияси» ишлаб чиқаришга йўналтирилади ҳамда Хитойга экспорт қилинади. Қолган қисми «Ҳалол» сертификати билан араб давлатларига ҳамда ички бозорга сотилади.