АҚШда 13—16 ёшли ўсмирларнинг 42 фоизи TikTok видеодастуридан фойдаланмоқда. Бу кўрсаткич Facebook’дан фойдаланувчилар кўрсаткичини бир фоизга ортда қолдирмоқда. Бу ёш гуруҳида энг оммабоп дастурлар сифатида 68 фоиз билан Snapchat ва 79 фоиз билан Instagram қолмоқда. Бу ҳақда «Vc.ru» хабар берди.

Фото: Google Images

Хитойнинг ByteDance компанияси томонидан яратилган TikTok дастури Ўзбекистонда ҳам оммалашди. Spot’нинг ёзишича, TikTok жорий йилнинг октябрь ойи ўртасида Ўзбекистонда iOS ва Android тизимларида энг кўп юкланадиган дастурларнинг Топ-5 лигига кирди.

TikTok қисқа мусиқий видео яратишга, жонли эфирларни амалга оширишга ва хабар алмашишга имкон берувчи ижтимоий тармоқ ҳисобланади. 2016 йилнинг сентябрь ойида ишга туширилган дастур Хитойда қисқа видеолар бўйича етакчи ижтимоий тармоқ ҳисобланади.

Дастур дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам оммалашиб, энг кўп юкланадиган дастурлардан бирига айланмоқда. Айни пайтда дастурдан 150 та мамлакатда 500 миллиондан ортиқ киши фойдаланади. Дастур фойдаланувчилари асосан ўсмирлар ҳисобланади.

Дастур Хитойнинг ByteDance компанияси томонидан 2016 йилнинг сентябрь ойида ички бозор учун Douyin номи остида ишга туширилган. Кейинчалик дастурнинг нусхаси TikTok номи остида халқаро бозор учун ишга туширилган. Бу компанияга ўз мамлакати қонунларини бузмаган ҳолда халқаро миқёсда ривожланишга имкон берди.