07:48, 09.11.2019 // 28620

Эрдўғон «шов-шувли» мактубни Трампга қайтариб беради

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон АҚШ давлат раҳбари Дональд Трамп Суриядаги «Тинчлик булоғи» ҳарбий операцияси бошланишидан аввал «бутун дунёга юкини ташламасликни» сўраб ёзган хатини қайтариб беришни ваъда қилди. Туркия етакчиси 8 ноябрда ўз самолётидан туриб бу ҳақда НТВ телеканалига интервью берган.

Фото: TRT World

«Биз аввал жаноб Трампга Фарҳод Абди Шаҳин, яъни Мазлум Кобани Курдистон ишчи партиясининг етакчиси ва террорчи эканини хабар қилганмиз. Трамп билан суҳбатда унинг ушбу террорчи билан алоқаларини муҳокама қиламиз. АҚШ давлат раҳбари юборган ўша хатни ҳам унга қайтиб бераман», — деган Эрдўғон.

АҚШ давлат раҳбари Эрдўғонга айрим муаммоларнинг ҳал этилиши учун астойдил ҳаракат қилганлигини айтган ва ундан «бутун дунёга ўз юкини ташламаслик»ни сўраган. Икки томон учун ҳам фойдали келишув амалга ошишга яқинлиги, генерал Мазлум ҳам музокараларга тайёр эканлигини қайд этган. Трамп ўз хатига илова сифатида курдлар етакчисининг мактубини ҳам Туркия президентига жўнатган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Трамп 9 октябрда «бутун дунёга ўз юкини ташламаслик» ва Сурияда курдларга қарши уруш ҳаракатларини бошламасликни сўраб ёзган хатини ташлаб юборгани хабар қилинганди. Энди ташлаб юборилган хатнинг аслида сақлаб қўйилганлиги маълум бўлди.

«Тинчлик булоғи» операцияси ҳақида

9 октябрда Анқара Сурия шимоли-шарқида Туркиядаги қочоқлар учун хавфсиз зона ташкил этиш мақсадида «Сурия демократик кучлари» курд жангарилари ва ИШИД террорчиларига қарши «Тинчлик булоғи» ҳарбий операциясини бошлаган. Дунё давлатлари туркларнинг ушбу ҳаракатларини қоралаган. АҚШ Туркияга қарши санкциялар қўллади.

17 октябрда Анқара ва Вашингтон Сурия шимоли-шарқидаги операцияни 120 соатга, курдлар хавфсиз зона ҳудудидан чиқиб кетиши учун тўхтатишни келишиб олди ва санкциялар бекор қилинди.

22 октябрда Сочида Россия президенти Владимир Путин ва Турия давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон Сурия ҳудудидаги нотинч вазиятни муҳокама қилди ва «Тинчлик булоғи» операциясини 23 октябрдан яна 150 соатга тўхтатиш ва ўт очмаслик ҳақидаги шартлашув муддати якунига етгач ҳамкорликда Туркия—Сурия чегарасида 30 километрлик ҳудудни барпо этиш учун қўшма патрул тадбирлари ўтказиш ҳақида меморандум имзолади.

1 ноябрда курдларнинг Туркия чегарасидан 30 километр узоқликка чекингани ва улар тарк этган ҳудудни Сочида имзоланган меморандумга мувофиқ Сурия қўшинлари ва Россия ҳарбий полицияси эгаллаши маълум бўлди. 5 ноябрда Туркия ҳамда Россия ҳарбийлари Сурия шимолидаги Айн-ал-Араб аҳоли пунктидаги (Кобани) иккинчи қўшма патрул тадбирларини бошлади.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.

Энг кўп ўқилган

Қидирув