Головин туман суди Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) полковниги Кирилл Черкалиннинг оиласига тегишли пуллар ва мулкни давлат даромадига ўтказиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда «Москва» агентлиги маълум қилди.

Фото: «Яндекс»

Гап жами 6 миллиард рубллик мол-мулк ҳақида кетмоқда. Черкалиннинг ота-онаси уйидан 50 миллион доллар, 1 миллион евро ва 15 миллион рубл топилган.

Суднинг 8 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида полковникнинг онаси Наталя Черкалина тинтув чоғида топилган нақд пулларни ўғли уйга «хизмат зарурати»  туфайли олиб келганини билдирган.

Россия ФХХ иқтисодий хавфсизлик хизмати банк жиноятчилигига қарши кураш бўлимини бошқарган полковник Черкалин жорий йил апрелида порахўрлик ва фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинганди.