«Челси» ҳужумчиси Оливье Жиру фаолиятини «Интер»да давом эттиришга яқин турибди, деб ёзади италиялик таниқли журналист Никола Скира.

Фото: ФотМоб

Қайд этилишича, миланликлар 33 ёшли французнинг агенти билан илк музокараларни ўтказишга улгурган. Жирунинг хизматларига шахсан «Интер» устози Антонио Конте қизиқиш билдирмоқда. Конте француз билан вақтида «Челси»да бирга фаолият олиб борган.

Оливье эса ўйин амалиёти камлиги сабабидан Лондон клубини тезроқ тарк этишни хоҳламоқда. У жорий мавсум Премьер Лигада атиги 123 дақиқа вақтини майдонда ўтказди.

Қайд этиш жоиз, Жиру 2018 йилдан бери «Челси» сафида. У бугунга қадар жамоа сафида 43 та ўйин ўтказиб, жами бешта гол урган.