Ўзбекистонда Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси ташкил этилди. Бу ҳақда ташкилотнинг Instagram’даги саҳифасида маълум қилинди.

Фото: «Дарё»

Ассоциация фаолиятини GFC XX мусобақаси билан бошлайди. У 23 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Унга россиялик UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов ҳам ташриф буюради.

Таъкидланишича, мазкур ассоциация президентлигига номзодлар орасида энг кўп овоз тўплаган Отабек Умаров сайланган. Ассоциациянинг сайланган раҳбари GFC XX мусобақасида иштирок этадиган спортчилар билан учрашиб, машғулотлар жараёни билан яқиндан танишган. Шунингдек, у ерда фахрий спортчилар, чемпионлар – ўзбекистонлик ММА иштирокчилари ва спортнинг яна кўплаб етакчи вакиллари ҳам ҳозир бўлган.

Қайд этиш лозим, GFC XX мусобақасида Ўзбекистондан 8 нафар спортчи– Акмал Амиров, Авлиёхон Ҳамидов, Жаҳонгир Жумаев, Аҳлиддин Мирзадавлатов, Нурсултон Рўзибоев, Жамшид Раҳмоналиев, Музаффар Ражабов ва Амин Эргашев қатнашади.

Мусобақанинг бўлғуси иштирокчилари таъкидлашича, спортчиларга профессионал кўмак берадиган бундай ташкилот фаолият бошлагани муҳим аҳамиятга эга.

Хабарда қайд этилишича, шу пайтгача улар аралаш жанг санъатлари бўйича халқаро мусобақаларда қатнашиш учун ҳужжатлар тайёрлаш жараёнида кўплаб муаммоларга дуч келишар, йирик мусобақаларни малакали мураббийларсиз ўтказишар, бу эса, табиийки, психологик ва жисмоний тайёргарликда, тиббий кўрикдан ўтишларида жиддий бўшлиқни юзага келтирган.

Отабек Умаров шу каби масалаларни ҳал этиб, вазиятни ўнглаш учун амалий саъй-ҳаракатлар кўриш, Ўзбекистонда ММА ривожига бефарқ бўлмаган ҳомийларни жалб қилишни маълум қилган. Ассоциация раҳбари ҳамкорлик қилишни истайдиганлар кўп бўлишига ишонч билдирган.

Маълумот учун, Отабек Умаров Триатлон федерацияси раиси ҳам ҳисобланади. Ташкилотнинг «Дарё»га маълум қилишича, у федерация раислигини ҳам давом эттиради.