1999 йилда Венгрия пойтахти Будапештда бўлиб ўтган халқаро илмий конференция иштирокчилари Бутунжаҳон илм-фан куни байрамини жорий қилиш ҳақидаги таклифни ЮНЕСКОга йўллаган эди. ЮНЕСКО 2001 йилда ушбу таклифни маъқуллади ва 10 ноябрь санасини Бутунжаҳон илм-фан куни деб расман тасдиқлади. Ушбу сана 2002 йилдан буён халқаро байрам сифатида нишонланиб келинмоқда. ЮНЕСКОнинг расман 31C/20 рақамли резолюциясига кўра бу байрамнинг тўлиқ номи «Тинчлик ва тараққиёт йўлида бутунжаҳон илм-фан куни» деб қайд этилган.

Фото: Google Photos

Байрам, албатта, илм билан профессионал тарзда шуғулланадиган тадқиқотчилар, олимлар ва умуман фан кишиларидан тортиб илм-фанга бефарқ бўлмаган ҳамма одамни қувонтиради. Ушбу байрам илм-фаннинг жамият ҳаётида нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканига урғу бериш ҳамда илм-фан ва жамият орасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши мақсад қилинган.

Ҳақиқатан ҳам, илм-фан бутун дунё ҳаётида энг катта ва муҳим аҳамият касб этадиган соҳадир. Имом Бухорий ҳам «Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмагай!» деб жуда катта ибрат ўгити қолдирган. Одамзотнинг ҳаётини яхшилашга хизмат қилувчи янги технологик ютуқлардан тортиб башарият қаршисида турган глобал муаммоларни ҳал қилишгача бўлган масалаларнинг ҳаммаси фақат илм орқали ечилади (бошқа йўли йўқ). Шунга мувофиқ, Бутунжаҳон илм-фан куни – илм-фаннинг жамият ҳаётида нечоғлик юксак аҳамиятли соҳа эканини одамларга тушунтириш ҳамда кишилар онгида илмга нисбатан рағбат уйғотиш мақсадларини кўзлагани билан аҳамиятлидир. Шунингдек, ушбу байрам баҳонасида оддий одамларнинг ҳам илмий масалаларга бўлган қизиқишини ошириш, долзарб илмий масалалар муҳокамасида, айниқса уларнинг одамзот турмушига кўрсатадиган маънавий таъсирини баҳолашда жамиятни фаол иштирок этишга чақириш ҳам мақсад қилинган. Бугунги замон кишисининг кундалик турмушида илм-фаннинг аҳамиятини эса алоҳида таъкидлашга ҳожат ҳам йўқ менимча.

10 ноябрни Бутунжаҳон фан куни деб эълон қилар экан, ЮНЕСКО бу байрамни жорий этишдан асосий мақсад сифатида қуйидаги тўрт устувор йўналишни белгилаб берган:

  • жамият тараққиёти ва тинчлиги йўлида илм-фан аҳамияти не қадар эканини кенг жамоатчиликка етказиш;
  • илм-фан ютуқларидан умумий фойдаланиш борасида турли мамлакатлар орасидаги халқаро ва миллий бирдамлик ва ҳамфикрликни қўллаб-қувватлаш;
  • илм-фан ютуқларини жамият манфаатлари учун йўналтириш борасида миллий ва халқаро қатъиятга янги куч бағишлаш;
  • илм-фан йўлига тўғаноқ бўлаётган муаммоларга жамият эътиборини жалб этиш ва илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш.

Бутунжаҳон илм-фан куни ғояси, шунингдек, «очиқ илм» тамойилини ҳам илгари суради. Номидан ҳам маълумки, бу тамойил илмий манбалар, илмий ишланмалар, ҳисобот ва хулосаларнинг барча учун очиқ бўлиши, ундан ҳар ким эркин фойдалана олишини таъминлаш ғоясини кўзлаган. Байрам ташкилотчилари бу орқали ҳеч бир халқ илмий тараққиётдан орқада қолмаслиги учун оз бўлса-да ҳисса қўшиш мумкин бўлади деб ҳисоблаган.

Ушбу байрам муносабати билан турли тадбирлар, конференция ва фан фестиваллари ўтказилади. Унда ёш олимлар ўз ғоялари, ишланмалари билан иштирок этади; катта олимлар эса ўз тажрибалари билан ўртоқлашади. Илм-фаннинг бугунги долзарб муаммолари муҳокама қилинади. Интеллектуал ўйинлар ва викториналар эса байрамга ўзгача зеб беради. Барча илм кишилари бир-бирини ушбу муҳим сана билан табриклайди.

Биз ҳам, ушбу муҳим сана муносабати билан барча илм аҳлини табриклаймиз. Илм-фан инсоният тараққиёти учун хизмат қилаверсин. Илмингиз янада зиёда бўлсин!

Музаффар Қосимов