Коинотда, масалан, GJ3512 номли экзосайёралар системаси мавжуд. Ушбу система марказида қизил митти юлдуз жойлашган бўлиб, унинг атрофида иккита газ гиганти бўлган сайёралар айланди. Марказий юлдуз бўлган ўша қизил митти бизнинг Қуёш массасидан 0,125 улушга эга, холос. Сайёралардан бирининг массаси эса Юпитердан 0,45 масса улушига тенг (яъни тахминан Юпитернинг ярмича келади). Ушбу экзосайёра ўз юлдузи атрофини 214 кунда тўлиқ айланиб чиқади. Иккинчи экзосайёра ҳақида унча кўп нарса аниқ эмас. Билганимиз шуки, у 1400 кун ичида ўз юлдузи атрофини айланиб чиқади.

Замонавий астрофизикадаги асосий моделларга кўра, бу қадар кичик юлдуз атрофида бу сингари катта сайёра шаклланиши имконсиз деб қаралади. Стандарт шароитларда бу сингари сайёралар системаси шаклланиши шу қадар узоқ вақт оладики, барибир газ гиганти бу қадар улкан масса ҳосил қила олмай, унинг моддаси, асосан, коинотга, юлдузлараро фазога сочилиб кетган бўларди.

Шу сабабли ҳам олимлар қандай қилиб бу жараён имконли бўлгани, яъни массаси жуда кичик бўлган юлдуз атрофида йирик массали газ гиганти ҳосил бўлганини тушуна олмай хуноб бўлишмоқда.

Тахминларга кўра, ўша юлдуз порлаган илк замонларда унинг атрофидаги газ ва чанг дискида гравитацион беқарорлик кучли бўлган бўлиши мумкин ва натижада диск газларга бой қисмларга бўлиниб кетиб, ундан шу каби йирик газ гиганти ҳосил бўлган бўлиши мумкин экан. Бир қарашда бўлмағур кўринадиган ушбу тахмин, афсуски, астрофизиклар ҳозирча айта олган ягона тайинли гап бўлди.

GJ3512 туридаги экзосайёралар системаси катта эҳтимол билан коинотда жуда кам бўлса керак. Ҳисоб-китобларга кўра, массаси Қуёш массасининг чорак қисмидан ҳам кам бўлган юлдузлардан атиги 3 фоизигина газ гигантлари билан гравитацион таъсирлаша олади.

Аксинча, аксарият ҳолларда (95 % ва ундан кўп) бу каби қизил миттилар атрофида сайёралар умуман бўлмайди; башарти бўлса ҳам, ўша сайёра массаси ва ҳажми жуда кичик бўлган, митти объектлар бўлиши керак.

Музаффар Қосимов тайёрлади.