Истеъмолчилар томонидан электр тармоқларига ноқонуний уланиш, электр энергиясини талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш ва уларга нисбатан тегишли чоралар кўриш юзасидан «Ўзэнергоинспекция» томонидан жойларда ўрганишлар ўтказилмоқда, деб хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Ҳафта давомида ўтказилган ўрганишлар давомида жами 26 та истеъмолчилар томонидан электр энергиясидан фойдаланишда қоидабузарликларга йўл қўйган ҳолда электр энергиясидан фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, ушбу истеъмолчиларга нисбатан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари талабларига асосан етказилган зарар бўйича 406,2 миллион сўмлик қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Хусусан, Андижон вилояти Асака туманида жойлашган «Олтин водий гиламлари» МЧЖ ва Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси томонидан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш натижасида энергетика тизимига 372,8 миллион сўмлик зарар етказилган.

Қайд этилишича, ўтказилган ўрганишлар натижасида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган 25 нафар истеъмолчиларнинг электр қурилмалари тармоқдан ажратилди.

Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш бўйича чора-тадбирлар давом этмоқда, дейилади хабарда.