9 ноябрь Берлин девори қулаган кун ҳисобланади. Ушбу сана Германия тарихида муҳим ўрин тутади – айнан шу сана фашизм туфайли вайрон бўлган мамлакат қайта бирлашиб, ривожланишига ва Европа етакчиларидан бирига айланишига замин яратди.

Фото: Wikipedia

«Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош Берлин деворининг қулаши ҳақида ҳикоя қилади.

Иккинчи жаҳон урушида Гитлер бошлиқ фашистлар Германияси енгилди. Шундан сўнг Германияда иттифоқчилар – СССР, АҚШ, Буюк Британия ва Франция қўшинлари жойлаштирилди. Шарқий Германияни тўлиғича СССР армияси, Ғарбий ва Жанубий Германияни АҚШ, Буюк Британия ва Франция қўшинлари эгаллади. Бир муаммо келиб чиқди – пойтахт Берлиннинг мақоми масаласида. СССР томони Берлин «ўзиники» бўлишини хоҳларди. Иттифоқчилар ҳам қўшинларини Берлинга жойлаштиришган эди ва улар Берлин тамомила СССР қўл остида қолишини хоҳламади. Муаммо шунда эдики, Берлин СССР қўшинлари назоратида бўлган ҳудуднинг ичида эди. Аммо иттифоқчилар биарибир кўнмади ва шу тариқа Берлиннинг ярми СССР, қолган ярми Иттифоқчилар қўшинлари назорати остида қолди.

Совет аскарлари Берлинда.
Фото: Wikipedia

Шаҳар иккита ном билан – Берлин ва Ғарбий Берлин деб атала бошланди. Ўша пайтда ҳар икки тарафда яшовчи аҳоли ҳарбийлар томонидан ўрнатилган турли кечиш масканларидан ўтиб, шаҳарнинг икки тарафига ҳам эркин ҳаракатлана олар эди. Ўшанда шаҳар бўйлаб ҳаракатланишда қандайдир чекловлар бўлмаган.

Берлин ҳақида

Германия пойтахти XIII асрнинг биринчи ярмида пайдо бўлган.

1486 йилда у Браденбургнинг, кейинчалик Пруссиянинг маркази бўлган. 1871 йилдан эса Германиянинг пойтахти ҳисобланади.

Бўлиниш

Жаҳон тарихида Берлин 1943 йилдан 1945 йилгача энг кўп бомба остида қолган шаҳардир.

Иккинчи жаҳон уруши тугаши арафасида, 2 май куни СССР қўшинлари Берлинни батамом эгаллади.

Фашистлар Германияси йиқитилгандан сўнг шаҳарнинг ғарбий қисмига иттифоқчилар қўшинлари кириб келди ва СССР қўшинлари билан бирлашди. Шу тариқа шаҳарнинг ғарбий қисми иттифоқчилар назоратида қолди.

Бундан 71 йил муқаддам – 1948 йил 24 июнда СССР қўшинлари Ғарбий Берлинни ўраб олди ва шаҳарнинг шу қисмига кирувчи барча йўлларни тўсиб қўйди.

СССРнинг бу ишидан норози бўлган Ғарб давлатлари ўзлари эгаллаб турган Ғарбий Германияда шу номли давлатни тузиш ҳаракатларини бошлади ва бу учун ҳар бири биттадан вакил тайинлади.

1948 йил 1 сентябрда Бонн шаҳрида вакилларнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Ҳаракатлар тезлашиб кетди ва 1949 йил 8 май куни Ғарбий Германия конституцияси қабул қилиниб, 23 майда Германия Федератив Республикаси тузилгани эълон қилинди.

Бунга жавобан 1949 йил 7 октябрда СССР Германия шарқида Германия Демократик Республикаси тузилганини ва Берлин шаҳри унинг пойтахти бўлишини эълон қилди.

Фото: Wikipedia

Лекин Ғарбий Берлин бу ерда бўлиб турган иттифоқчилар назоратида қолди ва ГДР пойтахти фақат Шарқий Берлиндан иборат бўлди.

Чегаранинг ёпилиши

Германия ва унинг пойтахти иккига бўлинган илк даврларда аввалига чегаралар очиқ эди. Берлинни шаҳар ўртасидан тортилган 44,8 километр узунликдаги линия иккига ажратиб турарди. Ғарбий Берлиннинг ГДР билан умумий чегараси эса 164 километрни ташкил этар эди.

Чегара кўчалар, каналлар ҳатто уйлар бўйлаб ўтар эди.

Ғарбий Берлиндан ГДР ва унинг пойтахти Шарқий Берлинга ўтишда умумий 81 та кўчада расмий кечиш маскани, 13 та кечиш маскани эса метро ва темир йўлда жойлашган эди.

Шуни ҳам эсдан чиқармаслик керак-ки, бу икки мамлакат ўшанда бир-бирини тан олмаган эди.

1957 йилда ГФР раҳбари бўлган Конрад Аденауэр янги доктрина эълон қилди. Бу доктринага кўра, қайси давлат ГДРни тан олса, ГФР ўша  заҳоти у билан барча алоқаларни узади. Бунга жавобан 1958 йил ноябрь ойида СССР раҳбари Никита Хрушчёв Ғарб давлатларини 1945 йилда қабул қилинган Поцдам келишувини қўпол тарзда бузаётганликда айблади ва СССР Берлиннинг махсус халқаро мақомига риоя қилишни тўхтатганини эълон қилди. СССР ҳукумати Ғарбий Берлинни ГДРга қайтариш масаласида ўз таклифларини эълон қилди ва АҚШ, Буюк Британия ва Франциядан Берлин масаласида музокара столига ўтиришни сўраб, олти ойлик ультиматум қўйди. Ғарб мамлакатлари ультиматумни писанд қилмади.

1960 йил август ойида ГДР ҳукумати фуқаролари ГФРга ўтишига чеклов ўрнатди. Бунга жавобан ГФР ГДР билан тузилган савдо келишувларини бекор қилди. ГДР ҳукумати эса ГФРнинг бу хатти-ҳаракатини «ГДРга қарши савдо уруши» деб баҳолади.

Бу икки давлат тузилганидан сўнг ГДРда «Ҳар соҳада ГФРни ортда қолдириш» шиори илгари сурилган эди. Бироқ мамлакатни СССРдан «экспорт» қилинган қаттиққўллик услуби билан бошқариш, саноат ва қишлоқ хўжалигини бошқаришда зўравонлик сиёсатини юритиш ГДРни орада ўтган ўн йилдан ошиқроқ вақтда анча эркин бошқарув ва бозор иқтисодиётига асосланган иқтисод юритаётган ГФРдан ривожланишда анча ортда қолдириб юборди. Бунинг натижасида эса ҳар икки мамлакатда эркинлик ва меҳнатга ҳақ тўлашда катта тафовут юзага келди. Бу ҳолатда 1958–1961 йилларга келиб ГДРдан ГФРга кўчиб кетувчилар сезиларли кўпайди.

Социалистик лагердан капитализмга қочиш

Ҳисоб-китобларга қараганда, 1949–1961 йилларда ГДРдан ГФРга жами 2,7 миллион одам кўчиб ўтган. ГФРга кўчиб ўтувчиларнинг асосий қисмини 25 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этган. Ҳар куни биргина Берлиннинг ўзида ГФРга кириб чиқувчи одамлар ярим миллион нафарни ташкил этган. 1960 йилнинг ўзида ГДРдан ГФРга жами 200 мингдан ошиқ одам кўчиб ўтган.

Фото: Wikipedia

1961 йил 5 август куни Шарқий Европадаги социалистик давлатлар коммунистик партиясининг бош котиблари йиғилишида, 7 августда эса Германия коммунистик партияси сиёсий бюросининг йиғилишида ГДРнинг ГФР ва Ғарбий Берлин билан чегараларини ёпиш таклифи маъқулланди. 12 августда эса ГДР Вазирлар кенгаши бу ҳақда қарор қабул қилди.

Ғарбий Берлин ва ГДР чегараси бўйлаб девор тортишга қарор қилинди. 1961 йил 13 августда Ғарбий Берлинни 25 минг СССР ҳарбий аскарлари чегара бўйлаб ўраб олди.

15 августда Берлин девори қурилишига старт берилди. Ўша пайтда 19 ёшли чегарачи Конрад Шуманн блоклар устидан сакраб ўтди ва расман Берлин деворидан ошиб ўтган биринчи қочоқ сифатида тарихда қолди. Деворнинг баландлиги 6 метр бўлиб, у ўта пишиқ бетон блокларидан қурилди. Девор ёнида ўзига хос «ўлим чегараси» белгиланди ва кимки унга яқинлашса чегарачилар томонидан отиб ташланиши эълон қилинди. 17 августда 18 ёшли қурувчи Петер Фехтер девордан ошишга уринаётганда отиб ташланди ва бу ҳаракат чоғида ҳалок бўлган биринчи қурбонга айланди. Деворнинг умумий узунлиги 164 километрни ташкил этган. Берлин девори қулатилганига қадар девордан ошишга уринган 92 киши ўлдирилди, кўплаб одамлар яраланди.

Девор ўн кунда қуриб битказилди. ГДР аҳолисига ГФРга ўтиш тақиқлаб қўйилди.

Берлин девори ғишт ва тошлардан қурилган эди. Аҳоли томонидан тош ва ғиштлар ўрнидан кўчирилиб, деворнинг уёқ-буёғидан Ғарбий Берлинга қочиб ўтиш ҳолатлари кўпаявергач, 1975 йилда деворнинг асосий қисми 3,6 х 1,5 ўлчамдаги бетон блоклардан қайта тикланди. Яна бир қисми эса баланд металл панжара билан ўралди. Бунда Ғарбий Берлинни тамоман ўраб олган 164 километрли узунликдаги деворнинг бетон блок билан ёпилган қисмига жами 45 мингта бетон блок ишлатилди.

1961 йилдан 1989 йилгача ГФРнинг бир бўлаги бўлган Ғарбий Берлин девор билан ўраб олинган ва ГДР аҳолисига ГФРга ўтиш тақиқланган бўлса-да, ГФРга қочиб ўтишдан ГДР аҳолисини баланд девор ҳам, баланд панжара ҳам тўхтатиб қола олмади. Одамлар қарийб 30 йил давомида ГДРдан ГФРга тўхтовсиз қочиб ўтди. Улар ГФРга қочиш учун девордан ошиб ўтди, металл панжарани кесди, девор остидан лаҳм кавлади, ер ости канализация қувурларидан фойдаланди.

Деворнинг қулаши

1980 йилларнинг охирроғида СССРдаги ва бутун Европадаги социалистик лагерга кирувчи мамлакатларда ислоҳотлар бошланиб кетди. Шу жумладан ГДРда ҳам. Бундан роппа-роса ўттиз йил аввал, 1989 йил 9 ноябрда ГДРнинг янги тайинланган ҳукумати ГДРдан ва Берлиндан Ғарбий Берлинга ўтадиган тўсиқларни олиб ташлади ва одамлар «қўшни давлат»га эркин бориб келиши мумкинлигини эълон қилди.

Фото: Wikipedia

10–12 ноябрь кунлари, уч кунда 2 миллион ГДР аҳолиси Ғарбий Берлинга ўтиб қайтди. Шундан сўнг одамлар Берлин деворини йиқитишга тушди. 1990 йил январь ойида деворни йиқитишга расман киришилди ва қисқа муддатда йиқитилди. Деворнинг маълум қисми бир миллатни, бир давлатни иккига ажратган қора кунлардан ёдгорлик сифатида асраб қолинадиган бўлди.

1990 йил 3 октябрь куни ГДР ва ГФР ягона Германияга бирлашганидан сўнг пойтахт Бонн шаҳридан яна Берлин шаҳрига кўчириб келинди. Ҳукумат эса 2000 йилга келибгина Берлинга кўчди. Унгача фаолиятини Боннда олиб борди.

Бугун Берлин деворининг сақланиб қолган қисмини томоша қилиш учун ҳар йили Берлинга миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.