Газ билан боғлиқ фожиалар. Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги намунавий уйларнинг бирида иситиш қозонидан газ сизиб чиқиб, хонада тўпланиб қолиши оқибатида портлаш юз берган; икки киши воқеа жойида ҳалок бўлган, тўрт киши эса касалхонага ётқизилган. Қашқадарёда саккиз киши ис газидан заҳарланган ва касалхонага ётқизилган, Нукусда эса эр-хотин ис газидан заҳарланиб ўлган.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Собиқ халқ таълими вазири, ҳозирда Халқ демократик партияси раиси ҳисобланган Улуғбек Иноятовнинг фикрича, Тошкентда 2,5 миллион сўм ойлик маош билан бир нафар боқувчи беш кишидан иборат оилани боқиши мумкин. Улуғбек Иноятовнинг ўз оиласи неча кишидан иборат эканлиги ва у оила боқувчиси сифатида қанча пул топишига аниқлик киритилмаган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистонда талаба фанни ўзлаштиролмаса, унинг ўқитувчисини ишдан ҳайдашни таклиф қилмоқда (ўқитувчи кадрлар етишмаётган вақтда — ғаройиб таклиф). Иккичи талабаларда ўз ўқитувчиларини жазолаш учун бу қадар қулай имконият ҳали ҳеч юзага келмаганди. Камига, талабалар ўқитувчиларининг фаолиятини аноним баҳолашлари ҳам мумкин бўлармиш.

«Туғруқ пайти яқинлашган аёлни от ёки эшакда дарёдан олиб ўтамиз», дейди Яккабоғдаги «Дарё» маҳалласи аҳолиси. Қишлоқни ташқи дунё билан боғлаб турган йўл 2019 йил майидаги селлар вақтида батамом ювилиб кетган. Бу маҳаллага энг яқин тиббиёт муассасаси эса 14 километр узоқликда жойлашган.

Қашқадарёда 5 нафар эркак 26 ёшли қизни зўрлади. Воқеа октябрда, тунги соат 1:30 да юз берган. Гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси 2-қисми билан иш қўзғатилган (айбдор деб топилса, 10 йилгача қамалиши мумкин). Ушбу модда бўйича, хусусан, «ўлдириб юбораман» деб гуруҳ бўлиб зўрлаганлар, шунингдек, аввал жинсий эҳтиёжини зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондиргани учун жавобгарликка тортилганлар жазоланади.

Ўзбекистонда яна нима янгиликлар? Ўзбекистонда ҳафта охирига қадар совуқ ҳаво ҳукмронлик қилади. Ўзбекистон ишчилар ҳуқуқлари бузилиши бўйича эшитувда АҚШни ютиб чиқди. Ғузор тумани ҳокими сайловга тайёргарликда кўзбўямачиликка йўл қўйгани боис ҳайфсан олди. Фарғонада масжид очишга рухсатнома олиб беришни ваъда қилиб қарийб 60 миллион сўмни ўзлаштирган шахс ушланди. Ўзбекистонда иссиқлик таъминоти тўловларида ўзгариш бўлиши мумкин. Ўзбекистонда сигарет қадоқларида қўрқинчли суратлар пайдо бўлиши кутилмоқда. Жерар Депарде Ўзбекистоннинг Франциядаги туризм элчиси этиб тайинланди.

Боливия президенти Эво Моралес истеъфога чиқди. «Мен ҳамкасбларим таҳдид, таъқиб ва ҳужумларга дуч келмаслиги учун истеъфога чиқаман», — деди Моралес Чиморе шаҳридаги матбуот анжуманида чиқиши чоғида. Шундан сўнг полиция уни ҳибсга олишга уринаётгани маълум бўлди, Мексика эса Эво Моралесга Ла-Пасдаги элчихонасида бошпана таклиф қилди.

Жаҳонда бундан бошқа яна нима бўляпти? Дубайда кучли ёмғир сабаб дунёнинг энг улкан савдо марказига сув тошди. Афғонистон ҳукумати мамлакат ҳудудида ИШИДнинг тор-мор этилганини маълум қилди. Қозоғистон президенти ўз қароргоҳида чироқнинг ўчганлиги юзасидан суриштирув ўтказишни буюрди. Францияда 2022 йилгача барча кўмир электр станцияларини ёпиш режалаштирилмоқда. Туркманистонда хорижга кетишни истаган фуқаролар 2 мингдан 5 минггача АҚШ долларида пора бермоқда. АҚШ Ироқ ҳукуматига зўравонликни тўхтатиш ва сайловлар ўтказишни тавсия қилди. Санкт-Петрбургда ўзбекистонлик эркак ногиронлик аравачасида ҳаракатланувчи 26 ёшли қизни зўрлаганликда айбланмоқда.

Ўқиш қатъий тавсия этилади: Бир шаҳарда икки давлат. Берлин девори ва унинг қулатилиши ҳақида.