Ҳиндистон шарқидаги Одиша штатида охирги икки ҳафта ичида номаълум касалликка чалинган олти ойдан тўрт ёшгача бўлган олти нафар бола ҳаётдан кўз юмди ва етти нафар бола оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда NDTV телеканали хабар берган.

Фото: Oneindia

Хасталикка чалиниш бўйича барча ҳолатлар Малкангири вилоятидаги Таманпалли қишлоғида кузатилган.

Шифохонада ётган болаларнинг иситмаси баланд, уларда йўтал, кўнгил айниши ва қусиш каби салбий ҳолатлар кузатилмоқда. Маҳаллий шифокорлар ҳали касалликнинг аниқ сабабини топа олмаган.

Хабарга кўра, касалланган болаларнинг қон намуналари штат пойтахти Бхунбанесвар шаҳрига юборилган. Маҳаллий ҳокимлик вакиллари вилоятдаги шифокорларга ёрдам бериш учун малакали тиббиёт ходимларини касаллик тарқалган ҳудудга юборган.