Дубайда кучли ёмғир сабаб дунёдаги энг катта савдо марказига сув тошди. Бу ҳақда «Русские эмирати» хабар берди.

Фото: Nawaiwaqt

Ижтимоий тармоқларда The Dubai Mall савдо марказидаги автомобиллар тўхташ жойи ва дўконларда сув тошгани ҳақидаги фото ҳамда видеолар тарқалди.

Тошқинга 10 ноябрь, якшанба куни Дубайда ёғган кучли ва қисқа давом этган ёмғир сабаб бўлган. Видеоларда катта бренд дўконлари жойлашган қаватда сувнинг 10 сантиметр баландликкача кўтарилгани кўринади. Бошқа бир видеода эса автомобиль тўхташ жойларининг бирида ёмғир сувининг шаршара каби юқори қаватлардан пастга қараб оқаётгани тасвирга туширилган.

Dubai Media Office’нинг Twitter’даги расмий саҳифасидаги суратларда сув тошган дўконлар акс этган.

Фото: Twitter

Фото: Twitter

Фото: Twitter

Emaar қурилиш компаниясининг расмий вакили сув тошқинларининг вақтинчалик ҳолат экани, савдо марказининг бренд дўконлари, ресторанлари ва бошқа оммавий нуқталари одатий ишини давом эттириши ва техник ходимлар тезкорлик билан сув тошқини асоратларини бартараф этишини билдирди. Дубайда 10–12 ноябрь кунлари уч кун давомида ёмғир ёғиши маълум қилинган.

The Dubai Mall – Downtown туманида жойлашган ва дунёдаги энг улкан кўнгилочар савдо маркази ҳисобланади. Dubai Mall’нинг умумий майдони 1,2 миллион квадрат метр, савдо расталарининг майдони эса 350 244 квадрат метрни ташкил қилади.