Америкалик таниқли киноактёр Леонардо Ди Каприо бугун, 11 ноябрь куни туғилган кунини нишонламоқда. У 1974 йилда Лос-Анжелесда туғилган.

Фото: Wikipedia

Актёрнинг ота-онаси у туғилганидан кейин бир йил ўтиб ажрашиб кетган. Рассом сифатида ишлаган отаси тез орада бошқа аёлга уйланган, онаси эса бошқа турмуш қурмаган.

Леонардо болалигидан актёр бўлишни орзу қиларди. У экрандаги илк дебютини 2,5 ёшлигида ижро этган. Леонардо болалар шоусидаги эпизодда иштирок этган.

Ўсмирлик йилларида театр курслари ва студияларга қатнашиб, актёрлик маҳоратини ўрганган.

Леонардо Ди Каприо тўрт марта «Авиатор», «Қонли олмос», «Уолл-стрит бўриси», «Омон қолган» фильмлари учун «Оскар»нинг «Энг яхши эркак роли» учун номзоди қўйилган.

2016 йилда «Омон қолган» фильми учун «Оскар» мукофотини қўлга киритган.

Қуйида миллионлаб мухлислар қалбини забт этган актёр иштирокидаги энг яхши фильмлар ҳақида маълумот берамиз.

«Титаник»

Фото: Wikipedia

Суратга олинган йили: 1997

Жанр: Драма, мелодрама

Режиссёр: Жеймс Камерон

Бош ролларда: Леонардо Ди Каприо, Кейт Уинслет

Бу фильм шунчалик машҳурки, ортиқча эътирофга ҳожат йўқ. ХХ асрнинг афсонага айланган фожиаси ҳақидаги ушбу фильм кинотомошабинларга нафақат гўзал муҳаббат қиссаси, балки Леонардо Ди Каприо исмли ёш актёрни ҳам тақдим этди.

«Титаник»даги Жек образи Леонардонинг фаолиятидаги энг муваффаққиятли роллардан бири ҳисобланади.

«Эпласанг, тутиб ол»  

Фото: Wikipedia

Суратга олинган йили: 2002

Жанр: Драма, криминал

Режиссёр: Стивен Спилберг

Бош ролларда: Леонардо Ди Каприо, Том Хенкс, Кристофер Уокер

Режиссёр Стивен Спилбергнинг Фрэнк Абигнейл исмли фирибгар ҳаёти асосида суратга олинган детектив драмаси.

Фрэнк Абигнейл – одамлар билан тез тил топишадиган, қизлар кўнглига тез йўл топа оладиган ёш йигит. Бундан ташқари у ўзи ўйлаб топган ёлғонларига атрофдагиларни ишонтиришга ҳам уста. Бугун у адвокат бўлишни ихтиёр этади, эртага эса учувчилар кийимини кияди, кейинги кун эса у беморларни текширади, ҳаттоки уларга ташхис ҳам қўяди.

Хушмуомала ва маданиятли Фрэнкнинг аслида фирибгар эканлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмайди.

Агар у ФҚБ агенти Карл Хенреттининг назарига тушмаганида Фрэнкнинг кирдикорлари узоқ давом этарди…

«Буюк Гетсби»

Фото: Wikipedia

Суратга олинган йили: 2013

Жанр: Драма, мелодрама

Режиссёр: Баз Лурманн

Бош ролларда: Леонардо Ди Каприо, Тоби Магуаер, Кери Маллиган.

Фрэнсис Скотт Фицжеральднинг «Буюк Гетсби» асарининг ҳайратланарли даражада ёрқин экранга кўчган кўриниши. Фильм «BAFTA», ва «Гремми» мукофотларини қўлга киритган.

Фильм воқеалари 1922 йилда рўй беради. Ёш ёзувчи Ник Кэрруэй ижара уйида ажойиб қўшниси борлигини англаб етади.

Сирли, бадавлат Гетсби уруш қаҳрамони бўлиб, у Рим империяси руҳидаги дабдабали баллар уюштиради.

Гетсби бу ишларни Керруэйнинг жияни Дэйзи Бьюкенаннинг эътиборини тортиш учун қилади…

«Омон қолган»

Фото: Wikipedia

Суратга олинган йили: 2015

Жанр: Драма, триллер.

Режиссёр: Алехандро Гонсалес Иньярриту

Бош ролларда: Леонардо Ди Каприо, Том Харди, Уилл Поултер

Бу фильм учун Лео узоқ кутган «Оскар»ни олган. Фильм реал воқеаларга асосланган бўлиб, унда колонист Хью Гласснинг ҳаёти акс этади. Фильмнинг оригинал номи «The Revenant» бўлиб, инглиз тилида бу атама клиник ўлимдан сўнг ўзига келган инсонларга нисбатан ишлатилади.

Фильм воқеалари XIX асрда юз берган бўлиб, фильмнинг асосий қаҳрамони 36 ёшли овчи Хью Гласс. У дўстлари билан овга чиқади. Унга йўлда айиқ дуч келади, овчи жароҳатланади, мустақил ҳаракатлана олмайди. Ҳамроҳлари Глассни тўнайди, унинг ўғлини ўлдириб, ўзини эса ёлғиз ташлаб кетади. Бироқ Хью ўзини қўлга олади, эндиликда унинг ҳаётдаги асосий мақсади ҳамроҳларидан ўч олиш бўлади…

«Авиатор»

Фото: Wikipedia

Суратга олинган йили: 2004

Жанр: психологик триллер, драма

Режиссёр: Мартин Скорсезе

Бош ролларда: Леонардо Ди Каприо, Кейт Бланшет, Алек Болдуин.

Леонардо Ди Каприо руҳий бузилишларга эга инсонлар образини яратиш бўйича чампион десак янглишмаймиз.

«Авиатор» таниқли бизнес-магнат, режиссёр ва учувчи Говард Хьюз ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи психологик биографик драма.

Унинг кўп пул сарфлаши ва Голливуд актрисалари билан алоқалари обсессив-компулсив бузилишнинг дастлабки симптомлари. Хьюз бу симптомларни назорат қила олмайди. Унинг пули камая бошлаганидан сўнг ҳаёти даҳшатли тушга айлана бошланади…