«Олий талим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди, деб хабар бермоқда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: «Дарё»

Ҳужжатга кўра, лавозимларни эгаллашнинг беш йиллик муддати даврида ректор буйруғи билан тасдиқланадиган олий таълим муассасаси комиссияси томонидан ҳар бир ўқув йили якунлари бўйича барча педагог ходимлар фаолияти атрофлича ўрганиб чиқилади ва баҳоланади.

Шунингдек, тугалланган фан ўқитувчиларининг дарс бериш самарадорлиги талабалар томонидан аноним тарзда баҳоланади.

Лойиҳага кўра, педагог ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли ўқув-методик, илмий, тарбиявий ишлари сифати, ўқитган талабаларининг ўзлаштириш даражаси паст бўлган тақдирда танловни ўтказиш тартибида белгилаб қўйилган муддатдан қатъи назар у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади.

Қуйидаги ҳавола орқали қарор лойиҳаси юзасидан таклифлар билдириш мумкин.