Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида жойлашган «Дарё» МФЙ Гулдара қишлоғи аҳолисининг бир қисми йўл муаммоси уларни қийнаб келаётганини, дарёга сел келган пайти беморларни замбилда олиб ўтишга, туғруқ вақти яқинлашган аёлларни эса от ва эшакда дарёнинг нариги томонига ўтказишга мажбур бўлаётганини таъкидламоқда.

Фото: «Дарё»

Воқеа тафсилотларини ўрганган «Дарё» мухбири Отабек Қўлдошевнинг ёзишича, Гулдара қишлоғидаги дарёнинг нариги томонида яшовчи 30 га яқин хонадон вакилларининг аксарияти 1990 йилдан кейин кўчиб ўтган.

Фото: «Дарё»

— 1990 йилдан кейин давлат режаси асосида дарёнинг нариги томонидан уй-жой қуриб, кўчиб ўтганмиз, — дейди Абдуҳалим Эгамбердиев. – Дарёнинг бу томонида яшовчилар кўприк ёнидаги йўлакчадан қишлоқ томонга ўтардик. Бундан 10 йил илгари дарёга сел келиши натижасида биз ўтиб-қайтаётган йўл ювила бошланди. Жорий йил 29 май куни келган сел йўлни батамом ювиб кетди. Оқибатда биз йўлсиз қолдик.

Сел ювиб кетган йўлнинг ўрни.
Фото: «Дарё»

Аҳоли вакилларининг айтишича, йўлни сел ювиб кетгач, дарёдан ўтиш муаммоси юзага келган.

Сел ювган жойлар.
Фото: «Дарё»

—Йўлимизни сел олиб кетгач, биз дарёдан от ва эшакда ўтишга мажбур бўляпмиз, — дейди Абдуҳалим Эгамбердиев. – Фарзандларимиз эса мактабга боришга қийналяпти. Имконсизликдан дарёга яқин жойлашган қўшнилардан бирининг ҳовлиси орқали, тепаликлар оша дарёдан ўтяпмиз. Соғлом одам тепаликлар ошса ҳам дарёдан ўтишга муваффақ бўлади, аммо беморларни олиб ўтишда, ҳомиладор аёлларни дарёдан ўтказишда қийналяпмиз.

Сел ювиб борган жойлар.
Фото: «Дарё»

Қишлоқ аҳлининг «Дарё» мухбирига маълумот беришича, сел келган пайт беморлар ва ҳомиладор аёллар дарёдан от ва эшак ёрдамида олиб ўтилади.

Сел ювиб кетгач аҳоли томонидан қилинган йўл.
Фото: «Дарё»

Дарёдан йўл сифатида фойдаланаётган аҳоли вакиллари.
Фото: «Дарё»

— Бошқа иложимиз йўқ, сел оқиб турган пайт касал бўлган беморларни ёки туғруқ пайти яқинлашган аёлни от ёки эшакда дарёдан олиб ўтамиз, — дейди Гуласал Сатторова. – Бир куни неварам касал бўлиб қолди. Сел жуда даҳшатли бўлиб оқаётганди. Шунда неварамни замбилда дарёдан амаллаб ўтказдик ва машинада қишлоқ ўртасидаги кўприкка қадар олиб бордик. Машина кўприкдан ўтолмагач, яна эшак ва от ёрдамида неварамни дарёдан олиб ўтиб, бошқа машинада туман марказидаги шифохонага олиб кетдик.

Гуласал Сатторова.
Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, қишлоқ аҳлининг тиббий хизматга бўлган эҳтиёжи қишлоқдан 14 километр нарида жойлашган Қайрағоч ҚВП ходимлари орқали қондирилади.

Фото: «Дарё»

— Шифохонага бориб-келиш ёки тиббий хизмат кўрсатувчи ходимни дарёдан олиб ўтиш муаммо бўлгани боис, ўзимиз ҳам шифокор бўлиб қолдик, — дейди Малика Нормуродова. – Уйдагиларнинг бирортаси касал бўлса, ўзимиз укол қиляпмиз. Ҳаёт шунга мажбур қилмоқда.

Айтилишича, туман марказидан Гулдара қишлоғигача бўлган масофа 38 километрни ташкил этади. Қишлоқдан туман марказига қадар Damas қатнайди. «Damas»чиларнинг айтишича, йўл кира ҳақи ҳар бир киши учун 8–9 минг сўмни ташкил этади.

Фото: «Дарё»

— Йўлнинг аҳволи ҳам жуда ёмон, ўнқир-чўнқир йўллар оқибатида ҳеч қанча вақт ўтмасдан машинани яна таъмирлашга тўғри келади, — дейди Damas ҳайдовчиларидан бири Сардор Жовлиев. – Туман марказидан қишлоққа қадар бўлган 38 километр йўлнинг 20 километри жуда абгор ҳолатда. Юриб бўлмайди. Шу масофани бир ярим соатда босиб ўтамиз.

Сардор Жовлиев.
Фото: «Дарё»

Аҳоли ташвишига қараганда 1987 йилда қурилган кўприк ҳам талаб даражасида эмас. Қишлоққа электр токи келтирган симёғочлар ҳам чириб, қулаш арафасига келган.

Аҳолини ташвишлантираётган кўприк.
Фото: «Дарё»

— Симёғочлар масаласида, кўприк масаласида, қолаверса, йўл муаммоси ҳақида айтмаган жойимиз, мурожаат қилмаган ташкилотимиз қолмади ҳисоб, барчаси келиб расмга тушириб кетишади-ю, амалий натижа йўқ, — дейди Абдуҳалим Эгамбердиев. – Қишлоқ юқорисидаги симёғочлар 1967 йил ўрнатилган бўлиб, айни кунга қадар бирортаси янгиланмаган. Мазкур симёғочлар аҳволидан ташвишга тушиб, ҳатто Президент порталига ҳам мурожаат қилдик. Келиб ўрганиб кетганлар, «имконимиз бўлса алмаштирамиз» деб кетишди. Унгача қулаб тушмасайди.

Маълумот учун, 6 ноябрда «Дарё»да Чироқчи туманининг «Сувлиқ» қишлоғидаги симёғочлар қулаш арафасига келиб қолгани ҳақида хабар чоп этилганди. Икки кун ичида қишлоқдаги симёғочлар алмаштирилганди.