Ижтимоий тармоқларда ниқобли чегара қўшинлари аскарлари дейилаётган шахсларнинг маҳалла ҳудудида машиналарни текшираётгани ва бир ўсмирни калтаклагани видеоси тарқалди.

Кадр: YouTube

Воқеа Фарғона вилояти Фарғона тумани Водил қишлоғида яқин кунларда содир бўлгани айтилмоқда. Халқ тилида ушбу ҳудуд «Дўм кўча» дейилади.

Ушбу видеода машинада ўтирган йигитлар томонидан яширинча тасвирга олинган. Унда ҳарбий формадаги, қора маска таққан чегарачилар автомобилларни назорат қилаётгани кўриш мумкин.

Аскарлар ёмон сўзлар билан сўкиб, фондаги овозлардан кимдир калтаклангани билиниб турибди. Шу пайтда машинадан ўсмир бола тушиб кетмоқчи бўлади. Унинг ортидан чегарачилардан бири «Ушла!» деб бақиради.

Бола қўрққанидан тўхтаб қолганида, унинг олдига спорт формасидаги ниқобли йигит келиб, қорнига ва бошига зарба беради, сўнг ҳарбий формадаги бошқа ниқобли шахс бейсбол таёғи билан бел соҳасига уради. Сўнг спорт кийимидаги ниқобли ўсмирни сочидан ушлаб судраб олиб кетади.

Шундан кейин фуқаролар 40 238 USB давлат рақамли «УАЗ» автомобилига чиқарилади.

«Манбаларнинг айтишича, чегара пости яқинда ўз фаолиятини бошлаган. Постдаги чегарачилар кўпинча ўзларини танитмаслик учун маска тақиб олишмоқда. Ўтиб кетаётган ҳар бир машина текширилиб, бўйсунмаганлар жазоланмоқда», — дейилади хабарда.