«Дарё» колумнисти Нурбек Алимов «Жаҳон адабиётининг энг буюк асарлари» рукни доирасида машҳур бадиий асарларни таҳлил қилишда давом этади. Бу ҳафта у Хосе Сарамагонинг «Кўрлик» романи ҳақида ҳикоя қилади.

Флешбек

Бу асар – энг охирги ўқиб тугатган китобим. Бу мен учун жанрда янгилик бўлиб туюлди. Асар ёзилганига 24 йил бўлган эса-да, биз китобсеварлар одатда «хайп» бўлган асарлар ортидан югурамиз. Бу асар эса унча кўзга ташланмаган «ойнинг кўринмас қисми»дир.

Асар ҳақида

«Кўрлик» 1998 йилда Нобел мукофотига сазовор бўлган португалиялик машҳур ёзувчи Хосе Сарамагонинг ижод маҳсулидир. Роман 1995 йилда ёзилган бўлиб, ёзувчи Нобел олишида энг катта ҳиссаси бўлган асари ҳисобланади. Асарда воқеалар бўлиб ўтган макон ва қаҳрамонлар умуман номга эга эмас. Ёзувчи романда кўрлашиш ҳолатига метафорик ёндашган ҳолда ўз қарашларини воқеалар ривожига мукаммал сингдириб, ўқувчини ларзага соладиган даражада таъсирли қилиб етказиб бера олган. Инсонларнинг моддий кўрликдан фарқли маънавий кўрликда яшашини кўрсатиб беришга ҳаракат қилган.

Сюжет

Номсиз мамлакатнинг номсиз шаҳри йўлларидан бирида яшил чироқ ёнишини кутиб турган йўловчи чироқ ёнса ҳам ҳаракатланмайди. Автомобиль ўрта йўлда тўхтаб қолишидан ғазабланган бошқа ҳайдовчилар ва атрофдагилар автомобилга яқинлашганларида ҳайдовчи ҳаяжон ва қўрқув ичида тўсатдан кўр бўлиб қолганини, кўз олди оппоқ сутдек оқариб, ҳеч нарсани кўролмай қолганини айтади.

Фото: Google Photos

Кўзи кўрмай қолган кишини уйига «яхши ниятли» бир инсон обориб қўяди ва қайтаётиб автомобилини ўғирлаб кетади. Хотинини кўр бўлиб қолганига зўрға ишонтирган одам энг яқин кўз шифокори қабулига йўл олади ва у ерда қора рангли кўзойнак таққан чиройли қиз, онаси билан келган ғилай болакай ва бошқа касалларнинг эътирозига қарамасдан доктор текширувига киради.

Ўша куннинг ўзида автомобиль ўғриси ҳам йўлда кетаётиб бирдан кўр бўлиб қолади ва унинг ўғри эканидан хабарсиз уйига келтириб қўйган милиция ходими ҳамда ўғрининг хотини ҳам бирин-кетин кўрмай қолади. Қора кўзойнак таққан чиройли қиз ҳам бир меҳмонхонада ишқий муносабат асносида кўрмай қолган эди. Беморларининг ҳолатидан хабарсиз уйига келган ва рафиқасига бугун дуч келган ноодатий ҳолатини ҳикоя қилган кўз шифокори ҳам кўз нуридан айрилгач, бу шиддатли эпидемия эканини тахмин қилиб, соғлиқни сақлаш вазирлигига хабар беради.

Тўсатдан кўр бўлиб қолиш шикоятлари ҳақида хабарлар келавергач, вазирлик бу кўрлик ўта юқумли эпидемия экани ҳақида шошилинч қарор чиқариб, чора-тадбир кўришни бошлайди. Вазирликдагилар кўр бўлиб  қолганларни бир ерга йиғиш ва бошқаларга юқмаслиги учун уларни касаллик чораси аниқлангунча алоҳида жойда сақлаб туриш ҳақида буйруқ чиқаради. Мамлакатда бундай ноодатий ҳолатлар учун алоҳида жой бўлмагани сабабли беморларни сақлаб туриш учун казарма, супермаркет биноси ва анча йил олдин руҳий касаллар шифохонаси бўлган бино вариантларидан учинчисини анча эскирган, шаҳардан узоқроқдаги, ҳозирда фойдаланилмаётган руҳий касаллар шифохонаси биносини танлашади.

Шаҳарда кўрларни зудлик билан йиғиш бошланади, бу орада кўз докторининг турмуш ўртоғи, ҳали кўраётганига қарамай, докторни олиб кетиш учун келганларга эридан ажралмаслик учун «Мен ҳам кўр бўлиб қолдим», деб ёлғон гапиради ва у билан бирга эски касалхонага олиб кетилади.

Шундай қилиб, кўрларнинг илк гуруҳи бинога олиб келингач, бу ердаги бир гуруҳ ҳарбийлар беморларни ўта қатъий ва ўзгармас қоидалар билан таништиради. Ҳарбийлар кўрларга ҳеч қандай дори-дармон берилмаслигини, беморлар соғлиғи билан юз берадиган ҳар қандай жиддий ҳолатлардан қатъи назар ичкарига қадам босмасликларини, фақат эҳтиёжга кўра озиқ-овқат берилишини, кимдир ўлиб қолса, дини ва эътиқодига эътибор бермасдан бино девори остига кўрларнинг ўзлари томонидан кўмилиши шартлигини, кимдир бинодан ташқарига чиқишга ҳаракат қилса, аяб ўтирмаслик ҳақида буйруқ олганини айтиб ўтади.

Кўз доктори, унинг ҳануз кўраётган рафиқаси, қора кўзойнакли қиз, ғилай болакай, машина ўғирлаган ўғри ва биринчи кўр бўлиб қолган кишилардан иборат илк гуруҳ инсоний эҳтиёжларга умуман яроқсиз бу бинога жойлашади. Докторнинг рафиқаси биринчи куниёқ қора кўзойнакли қизга ёқимли овози ва ундан келаётган хушбўй ҳид сабабли машина ўғрисининг шилқимлик қилмоқчи бўлганига гувоҳ бўлади. Қора кўзойнакли қиз эса пошнали оёқ кийими билан йигитни оёғидан жароҳатлайди. Машина ўғриси оёғидан олган жароҳатга инфекция тушади ва аҳволи соат сайин жиддийлашиб, оғриққа чидолмайди. Титроқ ва оғриқдан йигит судрала-судрала ташқарига ҳаракатлана бошлайди. Ичкаридан кимдир улар томонга ҳаракатланаётганини кўрган ҳарбийлар уни огоҳлантиради, лекин йигит тўхтамайди. Ҳарбийлар уни отиб ташлайди. Кўрлар ўшандаёқ бу ер уларни қутқариш жойи эмас, бирин-кетин ўлдириб, кўмиб юбориш учун қабристон эканини тушуниб етади. Ўликни бино ҳовлисига кўмишади.

Шаҳарда кўрлар сони тобора ортиб, бинога автобуслар тўла янги гуруҳлар келтирилади. Кўз докторининг рафиқаси кўраётгани сабабли барчага ёрдам беришга ва тартиб сақлашга уринади. Лекин янги келаётганлар гуруҳи ҳеч қандай тартибни тан олишни хоҳламайди. Бинода гуруҳлар жойлашган хоналар, коридорлар инсон кўзи қараб чидай олмайдиган аҳволга келади. Кўрлар барибир ҳеч ким кўрмайди деган ўй билан хоҳлаган жойга ҳожатини чиқаради, бу ифлосликлар ичида хоҳлаган ҳолатда жинсий алоқага киришиб ётади. Буларнинг барчаси доктор рафиқасининг кўз олдида рўй беради.

Кўрлар орасида озиқ-овқат учун талаш бошланади. Янги келган, ҳеч қандай тартибга бўйсунишни истамаган ва фақат безорилардан иборат бир гуруҳда қурол бор эди; улар бошқа кўрларни қурол ёрдамида қўрқитиб, озиқ-овқатни ўзига олади. Бошқа кўрлардан ўзлари билан олиб келган бутун қимматбаҳо буюмларини йиғишни талаб қилиб, бунинг эвазига овқат берилишини айтишади. Кўрлар барча буюмларини йиғиб, эвазига озиқ-овқат олади. Йиғиладиган буюмлар қолмагач, жирканч кўрлар гуруҳи энди озиқ-овқат эвазига жинсий эҳтиёжларини қондириш мақсадида бошқа гуруҳлардаги аёлларни талаб қилади. Очдан ўлмаслик учун, қанчалик оғир бўлмасин, кўрлар бу талабни ҳам қабул қилишга мажбур бўлади. Аёллар қўлма-қўл бўлиб, қаттиқ таҳқирланади, эвазига эса озиқ-овқат олиб, қорин тўйдирилади.

Кейинги сафар ҳам овқат эвазига яна шу талаб қўйилади. Бу сафар кўз докторининг рафиқаси разилликка чидай олмайди, қайчи ёрдамида безорилар гуруҳининг разил раҳбарини ўлдиради. Шундан сўнг кўтарилган жанжал ортидан бинода ёнғин чиқади ва натижада кўрлар бир амаллаб эски бинодан чиқишга муваффақ бўлади. Ниҳоят қутулдик деб ўйлаганлари ва талпинганлари ташқи дунё даҳшати яшаганлари ўша эски руҳий касалхона даҳшатидан қолишмас эди. Бу даҳшатга тўла манзарани фақатгина кўз докторининг рафиқасигина кўра оларди. Кўрлик ҳаммага юққан, кўчаларда емиш қидирган оч кўрлар, оч итлар санғиб юрарди. Сувсиз, электрсиз зулматга тўлган кўр дунё ўз фалокати ичра йўқликка юз тутган эди.

Кўз доктори ва унинг ҳали-ҳануз кўраётган рафиқаси билан бирга чиққан кўрлар гуруҳи шаҳарнинг даҳшатли манзараларини тасаввурларида жонлантиргач, бу кўргуликда ёлғиз қолиш ўлимга маҳкумлик эканини, бирга ҳаракат қилишсагина тирик қолишлари мумкинлигини англаб етади.

Охирги бўлимда бир гуруҳ кўрлар биргаликда докторнинг рафиқаси ёрдамида уларнинг уйини топиб, ўша ерда маълум тартибда яшай бошлайди. Асар сўнгида эпидемия тугаб, ҳамма кўра бошлайди ва докторнинг рафиқаси анчадан буён кутиб юрган кўрликка энди йўлиққанини ҳис қилади.

Таҳлил

Хосе Сарамаго инсонни ўрганишга уринган. Ёзувчи «Кўрлик» романида ёлғонларсиз қип-яланғоч ҳақиқат барча-барчани безовта қилишини ва инсоният ўша ҳақиқатга тик қарай олишини хоҳлаган. Асарни таҳлил қилаётиб, воқеаларни ҳар қандай илоҳийликка боғлаш ёки тасодифан юз берган фалокатга тақдири азал деб қараш, менинг фикримча, Сарамаго ижодига қилинган хиёнатдир. Чунки Сарамаго дунёсида ҳар нарсанинг яратувчиси ва ҳар қандай оқибатнинг сабабчиси, ҳирслари, иккиюзламачилиги, хиёнати, ваҳшийлиги ва керакли ё кераксиз ўринда илгари сурилган ҳиммати билан тақдирнинг ягона бошқарувчиси фақатгина инсондир.

Хосе Сарамаго.

Фото: Wikipedia

Ёзувчи романда анъанавийликдан қочади ва безак-жимжималардан, мукаммал бадиий жумлалардан, мураккаб характерлардан холи етук асар ярата олган. Инсон ҳар нарса қилишга қодирлигини ва бунинг исботи учун шунчаки мисол келтирмаётганини асардаги фикрлари билан бот-бот ҳимоя қилади ва мавзуни чуқур олиб, тасаввуридаги ҳолатни ўқувчига қабул қилдиришга ҳаракат қилади, ҳатто буни моҳирона уддалайди ҳам.

Бу кўрлик одатий кўрликдан фарқли. Одатий кўрликда дунё зулматга айланса, бу кўрликда одам сут денгизига чўкиб кетгандай ҳаммаёқни оппоқ кўраётганидан шикоят қилади.

Кўрлар эски бинога олиб кетила бошлагач, кўраётганига қарамай, докторнинг рафиқаси ҳам эри билан бирга кетади. Асарнинг мана шу ўрнидан матонатига ҳайкал қўйилган кучли характерга эга аёл образи кўз олдингизда гавдаланади. Романда исми айтилмасдан, докторнинг рафиқаси деб кетилган бу аёл чинакам ирода ва матонат соҳибасидир.

Инсон маст ҳолда ўзининг ҳар қандай назокатлардан холи юзини намоён қилса, кўр бўлганда ва айниқса бошқалар кўр эканини англаганда ҳам худди мана шу назокатсиз юзларини намоён этади. Кўзлари кўрмаётгани учун шундоқ ҳам суви бўлмаган ҳожатхонага бориб ўтирмасдан хоҳлаган ерга ҳожатини чиқаришни бошлайди. Кўр бўлганлари сабабли вақтнинг ҳисобини ҳам қилолмай қолишади, натижада ухлаш тартиблари ҳам ўзгариб кетади. Аввал озиқ-овқат муаммоси, кейинчалик гигиеник муаммолар инсонларни инсонийлик чегарасидан улоқтириб ташлайди. Руҳий касалхона замини сийдик, ахлат ва булардан тарқаган ҳидга чидолмаганларнинг қусуқлари, хўрланиш ёки озиқа талашишдан тўкилган қонлар билан қопланиб кетади. Докторнинг рафиқаси бир-биридан ҳирсланган кўрлар нима бўлганда ҳам ҳеч ким кўрмайди деган ўй билан хоҳлаган жойларида овоз чиқармасдан жинсий алоқага киришиб ётганига гувоҳ бўлади. Аёлнинг кўзи кўрса-да, бу ерга келиш сабаби чорасиз қолган ҳаёт йўлдошига қанчалар садоқатли эканини англатса, рафиқаси чиқиб кетган вақтда кўз доктори қора кўзойнакли қизни тўшагига қабул қилиб, у билан бўлганини ўқиган онингизда ҳамма нарса остин-устин бўлиб кетгандай, барча бўлаётганларга шу ерда нуқта қўйиш шартдай туюлади. Давом этишга маънан мадорингиз қолмайди. Аммо йўқ... Ёзувчи бизга бизни танитишдан, ўзимизга ойна тутишдан тўхтамайди. Бўлганларнинг барчасини ўз кўзи билан кўрган докторнинг рафиқаси чидолмасдан ҳамма каби кўр бўлиб қолишни жуда хоҳлайди, шу билан бирга кўра олишини бошқа кўрларга сездирмаслик учун қўлидан келганча тиришади. Унинг кўзлари кўра олишини фақат турмуш ўртоғигина билади, холос.

Аввал доктор ва унинг рафиқаси кўрларни интизомга чорлаган бўлса, бора-бора вазият оғирлашиб, тап тортмасдан инсон ўлдириш даражасига келади.

Бу ўринда Уилям Голдингнинг «Пашшалар ҳукмдори» асарини эслашни жоиз деб билдим. Голдингга кўра, инсон – яратувчиси ҳам, ижро этувчиси ҳам ўзи бўлган қонунлар унга таъсир қилмаслини билса, фитратидаги йиқитиб-ёқувчи тарафларини ўртага чиқаради. «Кўрлик»даги воқеалар ҳам шу каби тус олиб, докторнинг хотини кўрларга тажовуз қилган гуруҳ бошлиғини қайчи ёрдамида ўлдиради. Сарамаго ахлоқ, танлов эркинлиги ва инсон нималар қилишга қодирлигини жасорат билан сўроқ қилади. Инсон деган яратиқни на бутунлай ёмон, на бутунлай яхши дейиш хато бўлишини уқтиради. Ёзувчи докторнинг рафиқаси тилидан шундай ёзади: «Бир инсонни ўлдирдим, бу қўлимдан келишини ҳеч қачон хаёлимга ҳам келтирмаганман. Аммо бундан кейин тағин инсон ўлдира оламанми, йўқми, буни билмайман».

Касаллик бошланганда вазирлик томонидан халққа етказилган «...ҳукуматимиз вазиятни таҳлил қилиб, чора-тадбирлар қўллайди. Ўз вазифаси деб билган нарсани, яъни халқни ҳимоя қилишнинг бу усулини қўллашга мажбур бўлганимиздан мамнун эмасмиз. Биз енгиб ўтган инқироз даври...» каби нутқлар дунёнинг ҳар уч  давлатидан биридаги диктаторликка хос ва мосдир.

«Нима учун кўр бўлдик, кейинчалик кўр бўлдик деб ўйламайман, биз аслида кўр эдик. Қарасак-да, ҳеч нарсани кўрмаган кўрлар», каби сўзлар билан роман якунланади, худди бошқа замон ва макондаги назар ташласа-да кўрмайдиган кўрларга ишора қилгандай.

Ёзувчи ҳақ. Биз қараб туриб кўрмайдиган кўрлармиз. Бегуноҳ қизлар ўзга юртларда қотиллик қурбони бўлади, ҳақни талаб қилган жонкуярлар руҳий касал деб топилади, биз эса кўриб туриб кўрмаймиз. Кўрмиз...

Хулоса

«Кўрлик»нинг ҳар бир бўлими Сарамаго романчиликда ўзига хос меъмор эканини кўрсатиб беради. Баъзи китобларни вақтимизни мазмунли ўтказиш учун ўқиймиз, баъзилари эса ақл ва руҳимизга ёзилади, ҳаётга бўлган қарашларимизга таъсир қилади, ҳатто ўзгартиради. «Кўрлик» ҳам қарашларимизни ўзгартирадиган даражада унутилмас асар. Ўқиётганингизда балки руҳингиз толиқар, аммо албатта ўқишингиз керак бўлган романдир.

Иқтибослар

Кўз балки инсон организмидаги руҳ мужассамлашган ягона органдир;

Биз аллақачон ярим ўлик инсонлармиз, деди. Йўқ, биз ярим жонли инсонлармиз, дея эътироз билдирди докторнинг рафиқаси;

Туйғуларингни ифодалайдиган сўзларни қўлламаслик аслида секин-аста кўрлашиш деганидир;

Кўрлар мамлакатида бир кўзлилар қирол бўлади;

Ҳеч нарса демасанг, сени яна-да яхшироқ тушунаман. Сўзларнинг аҳамияти қолмаган онлар ҳам бор;

Тартиб ва интизомга бўйсунмасак, бошлиғимиз очлик ва қўрқув бўлади.

Қизиқарли фактлар

- 2008 йилда роман асосида бразилиялик режиссёр Фернандо Мейреллеш томонидан фильм суратга олинган;

- 1991 йилда Сарамагонинг «Исога кўра Инжил» китоби нашрдан чиқади ва бундан норози бўлган католик черкови унга кескин норозилик билдиради. Португалия ҳукумати Сарамагога Европадаги адабиёт танловларида номзодини қўйишни тақиқлайди;

- 1998 йилда Хосе Сарамаго Нобел мукофотига сазовор бўлган.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.