«Фарҳод ва Ширин» мусиқий дуэти продюсери ҳисобланган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод журналист Феруз Муҳаммадга берган қисқа интервьюсида «Шириннинг тўйидан сўнг дуэт фаолиятини давом эттириш ёки эттирмаслигига» ойдинлик киритди.

Мен энг бахтли оталардан биттасиман. Инсон ҳаётда қанақадир синовлардан, давонлардан ўтади. Бу ҳам энг яхши давонлардан биттаси. Ширин келган вақтида 16 ёшлик қизча эди, мана аста-секин санъатда ўз ўрнини топди, кўплаб мухлисларга эга бўлди, мана бахтини ҳам топди. Аллоҳ бахтини зиёда қилсин иллоҳим.

Ўзим учта қизимни, иккита ўғлимни уйлантирдим. Бундан ташқари шогирдларим хонандалар — Шербек Шодиев ва Афсонанинг қувончли кунида бош бўлиб туриш насиб қилди, яқинда набирали бўлдик, мана бугун Ширинни узатяпмиз, очиғи мендан бахтли одам йўқ. Эндиги навбат Фарҳодга. Фарҳодни ҳам уйлантиргандан сўнг елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлади худо хоҳласа.

Худо хоҳласа Фарҳод ва Ширин дуэти тарқалмайди, балки янада кучаяди. Бу кўпчиликнинг кўнглидаги гап, десам ҳам адашмайман. Куёвимиз Нодирнинг ҳам жуда кучли овози бор, балки Нодир ҳам дуэтга қўшилар, қўшилиши аниқ, у ҳам лойиҳамиз сифатида фаолиятини давом эттиради.

Фарҳод ва Ширин дуэти фаолиятини давом эттиради. Чунки халқнинг олдида ваъда қилган, лавз қилган жойларимиз бор. Шу йил концерт дастурини тақдим этмоқчи эдик, тўй сабаб концерт дастури 2020 йилга қолдирилди. Биздан мухлислар янги куй, тароналар кутишмоқда, биз албатта ижодимизни биргаликда давом эттирамиз.

Бобур Бобомурод, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Фарҳод ва Ширин» дуэти продюсери  

Маълумот учун, «Фарҳод ва Ширин» дуэтидаги хонанда Ширин ўзининг «Итоат» деб номланган қўшиғи билан танилган хонанда Нодир Зоировга турмушга чиқди. Никоҳ оқшоми 2019 йилнинг 11 ноябрь куни бўлиб ўтди.