Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси икки бор ҳисобда олдинда бора туриб, якунда Саудия Арабистонига ютқазиб қўйди. Ҳамма яна Эргаш Каримов ижросидаги «Учрашув»ни эсламоқда: «Туппа-тузук ўйнаб турувдинг, оёғингга копток келиши билан, мана бизга узат, биз коптокни ёриб ташламаймизми, ютуқ сенда қолмайдими?».

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Россиядаги аёл ҳақида фожиали хабар: у уч фарзандини 10 йил тутқунликда сақлаган, болалар уйдан қочиб кетгач ўз жонига қасд қилган. Аёлнинг қўшнилари у ҳақда ёмон фикр билдирмаган, бироқ унинг болалари ҳам борлигини билмаган. Болаларнинг ёши 20, 15 ва 11 да экани айтилмоқда — кенжа фарзанд шифокорларга сўнгги бор 11 ойлигида кўринган.

Самарқандда 23 ёшли қиз қамоқхонадан қочибди. Қочиш тафсилотлари маълум эмас, бироқ 9 октябрдан бери қидирувда бўлгани аниқ. У 13 ноябрь куни Газли шаҳарчасида қўлга олинган ва Самарқанд вилояти ИИБ Жазони ижро этиш бошқармасига қарашли 37-сон манзил-колонияга топширилган. Эҳ, яқинда ҳам мақтаниб юришганди: «Ўзбекистон қамоқхоналаридан қочиш ҳолатлари йўқ», деб.

Сенат Қашқадарёда беш эркак 26 ёшли бир аёлни зўрлагани воқеасига муносабат билдирди. ИИВнинг Бирлашган таҳририяти томонидан юритиладиган «Postda.uz» сайти ушбу воқеани ёритаркан, қизнинг ўзида ва унинг ота-онасида ҳам айб борлиги, ярим тунда бир қизнинг кўчада бир ўзи  юриши яхши эмаслиги ҳақида муносабат билдириб, «қовун туширган» эди. Сенатнинг эслатишича, Ўзбекистонда аёлларнинг ярим кечаси кўчада юриши тақиқланмаган.

«Лукойл» Қашқадарёда ишчиларни ҳақорат қилган амалдор воқеасига аниқлик киритди. «Лукойл»нинг гапириши учун аввалига «Адолат» партияси, сўнг ЎзЛиДеП ва ЎзХДП муносабат билдиришига тўғри келди, «Лукойл» ходимининг хатти-ҳаракатларини «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳам қоралаб чиқди. Компаниянинг билдиришича, Деҳқонободдаги ходимлар жуда қўпол, инсонлар ўлимига сабаб бўлиши мумкин бўлган хатоликларга йўл қўйган, бош энергетик эса шундай аччиқланиб, сўкинган.

Ўзбекистонда тотализаторга рухсат берилиши мумкин. Ўзбекистонда тотализаторлар 2007 йил арафасида — Тошкент Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинганидан сўнг буткул тақиқланган эди. Кўча-кўйда тақиқлангани билан, интернет замонида хоҳлаган одам хоҳлаган ўйини учун пул тика олади, бахтга қарши. Шуни тушуниб етишган шекилли. Мабодо рухсат берилса ҳам, тотализаторлар 2021 йилдан иш бошлайди. Унгача, масалан, 2020 йилда Бухоро Ислом маданияти пойтахти бўлади.

Фото: «Халқ сўзи Online»

Ўзбекистонда яна нима янгиликлар? Президент Шавкат Мирзиёев Жаҳон божхона ташкилоти бош котибини қабул қилди, шунингдек, Президент ҳузурида Хорижий инвесторлар кенгашини тузиш ҳақида топшириқ берди. Президентнинг собиқ матбуот котиби Асаджон Хўжаев эса янги лавозимга тайинланди. Олий Мажлисда Давлат бюджети тўғрисидаги қонун муҳокама қилинмоқда — қонун парламентга қандай олиб келингани видеосини албатта томоша қилиш шарт. АҚШ элчихонасидаги битта ускуна сабаб Тошкент нуқул дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рўйхатига кириб қолади — Экология қўмитаси битта ускунага қараб ҳаво ҳолатини аниқлаш нотўғри деяпти. Туркия ўзбекистонлик талабалар учун грантлар миқдорини уч баробарга оширмоқчи. Кореялик кредитор эса Россияда «Ўзавтосаноат»ни судга берибди. Гулистонда 4-курсда ўқийдиган талаба телефонда гаплашаётиб, университетнинг 3-қаватидан тушиб кетибди. Фарғонадан ҳам бир шингил: шоввозлар китоб ташишга мўлжалланган юк машинасида картошка ташибди, ҳамшираликка ишга киритиб қўйиш учун 800 доллар сўраган аёл қўлга олинибди.

Дунёда нима гап? Гонконг ҳали ҳам нотинч, Боливия ҳам тинчигани йўқ: Мексикага қочиб кетган собиқ президент Эво Моралес АҚШни айбдор қиляпти, лекин «сиёсий инқирозга чек қўйиш учун» ватанга қайтишга тайёрлигини айтяпти; айтмоқчи, Боливиядаги ишлар Эронга ёқмаяпти. Эроннинг шундоққина ёнидаги Кувайтда бош вазир истеъфо сўради. Трамп ва Эрдўғон эса ҳали ҳам Суриядаги ишлар билан банд: Трампнинг айтишича, ал-Бағдодийнинг ўрнига ИШИД раҳбари бўлган террорчи ҳозир қочиб юрибди, Эрдўғон эса Трампнинг шов-шувли (айтишларича, ахлат қутисига ташланган) хатини қайтариб берибди. Россиядаги фожиалар эса АҚШдагиларига ўхшаб кетяпти: коллежда ўқувчи отишма келтириб чиқарган, камида икки киши ҳалок бўлган. Яна икки қизиқ хабар: ҳисоб-китобларга кўра, дунёнинг энг бой одамлари банкларга ишонмай қўйибди, давримизнинг биринчи рақамли табиат қўриқчиси ҳисобланган швециялик ўқувчи қиз Грета Тунберг АҚШдан Испанияга катамаранда йўлга чиқибди — самолётда кетса, ҳавони ифлослашга ҳисса қўшиб қўйиши мумкин экан.

Фожиали ЙТҲлар. Перуда автобус жарликка қулаши оқибатида камида 19 нафар, Словакияда автобус ҳалокатга учраши оқибатида камида 12 нафар, Эронда юз берган йирик йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 28 киши ҳалок бўлди. Йўлларда эҳтиёт бўлайлик, ватандошлар!