Футбол бўйича ЖЧ—2022 сарлаши иккинчи босқичи 5-тури доирасида Ўзбекистон терма жамоаси ўз майдонида Саудия Арабистони термасига қарши баҳс олиб бориб, 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

Фото: «Дарё»

Учрашувдан сўнг Саудия Арабистони бош мураббийи Эвре Ренар матбуот анжуманида қатнашди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Ўйин ҳақида

— Кеча ўйин қийин бўлади деб айтгандим. Бугун худди шундай ўйин бўлди. Олдиндан буни билгандим. Иккала жамоа ҳам яхши ўйин намойиш этди. Иккинчи бўлимда дарвозамизга белгиланган пенальти бизни қийин аҳволга солиб қўйди. Аммо хурсанд бўлганим ўйинчилармиз шундай қийин вазиятдан чиқиб кета олди. Мағлуб бўлган бўлса-да, рақиб устозини табрикламоқчиман — ажойиб жамоа, ажойиб ўйин. Биз эса қисқа муддат ичида характерига эга жамоани шакллантиришга муваффақ бўлдик.

Саудия беш дақиқа ичида иккита гол ургани ва ғалабани илиб кетгани омадга боғлиқлиги ҳақида

— Иккинчи ва учинчи голга эътибор берилса, уларни индивидуал маҳорат эвазига киритганимиз кўринади. Биз бу ғалабани футболчиларнинг иқтидори эвазига қўлга киритдик деб ҳисоблайман.

Саудия Арабистони чемпионатида легионерлар лимитининг олтитадан тўрттага туширилишини истаётгани ҳақида

— Ушбу қоида Саудия Лигасида бор. Аммо маҳаллий иқтидорлар ҳам етарли. Мана «Ал-Ҳилол» ҳам Осиё Чемпионлар Лигаси финалида яхши ўйнади. Бироқ легионерлар лимитини ўзгартириш менинг ишим эмас. Бу билан федерация, лига вакиллари, масъул шахслар шуғулланади. Бор эътиборим айни дамда саралаш ўйинларига қаратилган. Асосий ишим — мамлакат бош жамоасини бошқариш. Ҳозир эса биринчи ўриндамиз, буни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз.

Саудия Арабистони футболчилари тўрт кун ичида йиғилиб, ғалаба қозонгани ва бунинг учун мураббий нима қилгани ҳақида

— Ҳа, тўғри тўрт кунда йиғилдик, бироқ биз уч ойдан бери тинмасдан ишлаяпмиз. Бу эса етарли вақт дейишимиз. Асосий вазифамиз — кейинги босқичга чиқиш. Кейингиси эса, албатта, Жаҳон Чемпионатига чиқиш. Футболчиларимиз ҳақида гапирадиган бўлсам, масалан, 20 ёшли ҳужумчимиз Фирас ал-Бурайкан мухлисларга кўплигига қарамай жуда яхши ўйин намойиш этди. Ўйинчиларимизнинг ҳаммаси жуда ҳам иқтидорли. Иштиёқ туфайли кучли терма жамоа устидан ғалаба қозондик.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!