Сурияда ҳаммаси нимадан бошланганлигини биласизми? Мамлакат оғир аҳволда бўлса-да, исён кайфияти йўқ эди. Бир ўсмир бола деворга «Асад золим, Асад золим» деб ёзиб кетади. Уни топиб ичкарига олиб киришади. Ҳеч кимга хабарини беришмайди. Кўп ўтмай ҳибсдан... унинг ўлиги чиқади. Марҳумнинг яқинлари норозилик намойишига чиқади ва қолганини биласиз.

Ўзбекистонликлар қарийб бир ҳафта «Абдуллоҳ_қаерда?» дея савол берди. Вилоят миқёсидаги ички ишлар бошқармаси мулозимининг палагини босиб қўйган оддий фуқарони жазосиз қўйишмаслигини кўпчилик англаса-да, сувга тушган тошдек ғойиб бўлиши одамларни қаттиқ хавотирга солди. На ИИБ, на прокуратура биладиган бу «бошқа ташкилот» қайси бўлди? Давлат қонунлари қаерда қолди? Ҳатто хаёлга қўрқинчли тахминлар келди. Қайтмаса-чи? Одамларни изсиз ўғирлаш, қийноққа солиш, қўрқитиш замони қайтдими?

Фото: «Human.uz»

Йўқ, қайтмаган экан. Чунки Абдуллоҳ уйига соғ-омон қайтди. Демак, озгина умид милтилламоқда. Фақат у қаерда бўлганини билмаганимиз ёмон. «Қарға» машинасига солиб бир кишилик камерага олиб келиндими ёки икки қаватли автобусда айлантирилдими – билмаймиз, айтмади. Абдуллоҳ айбсиз эмас, бироқ катта мансабдорнинг машинасини қириб юборгани учун жазоландими ёки интернетда «катталар»га ножоиз ёзгани учунми – буни ҳам билмаймиз. Шубҳа гумондан ёмон. Унинг айби ва қайси қонун-қоида асосида жазолангани ошкор этилса, келажакда бундай мавҳумликлар бўлмайди. Одамлар эса машинасининг газ тепкисини ҳам, клавиатурасини ҳам ўйлаб босади. Айтадиган гапларимиз шу. Очиқ-ошкоралик, қонун-қоида устунлигига, барча учун бир хил ўйин қоидасига эришиш умиди ҳамон милтилламоқда. Милтиллаган нур сўнмасин, зулмат бўлмасин.

Жафокаш мулозимлар зиёрати

Марҳум президентимизни зимдан танқид қилиш бошланган. Аммо у инсонни яхши кўрадиганлар кўп эканки, кўзда ёш билан кузатиб қўйилгандан бери қабридан одам аримаяпти. Шу десангиз, яқинда бир гуруҳ мулозимлар қора Mercedes микроавтобусида Шоҳи Зиндага бориб, йиғлаб-сиқтаб келишибди. Дардлари ичида экан.

  • Бизни қаерга ташлаб кетдингиз, дода? Микрофонга гапиришни билмаяпмиз;
  • Сиз бизни журналистлардан асрар эдингиз. Эшигимизгача минг чиғириқдан ўтиб кирарди. Ҳозир идораларимиз журналистларнинг каптархонасига айланди;
  • Нима десак кулгили чиқяпти. Сиёсий мавзуларга аралашмасдан оддийгина электрни ёки гўштни гапирсак ҳам, нонни гапирсак ҳам – халқ қаҳ-қаҳ уриб куляпти. Нималар бўлиб кетди-я, дода!
  • Блогер деган одамчалар чиққан. Сизнинг пайтингизда писиб юрарди. Ҳар куни нутқимиздан узилган гапларимиздан ясалган расмларни интернетда тарқатиб бизни масхаралайди;
  • Мажлисларда сўкинолмай қолдик. Эшикдан чиқишимиз билан интернетда сўкинганимиз пайдо бўлиб турибди. Нима қилайлик, додажон? Мажлисга ҳаммани қип-яланғоч киритиб бўлмаса;
  • Пахтани дўхтир термаса, кўчани ўқитувчи тозаламаса, ахир бу ишларни ким бажаради?
  • Мустақиллигимиз бунёдкори, давлатимизнинг шу даражага келишига сабабчи зотнинг руҳлари шод бўлсин, омийн!
  • Бу зотнинг даврларида биз мустақил эдик. Газит-жўрналлардан, мухбир-сухбирдан мустақил эдик. Икки соатлаб сўкардим, фермерлар ғинг демасди. Эҳ, у дамлар ўтди-кетди...
  • Камера қаратилса, аждарнинг оғзини кўргандай чўчиб кетяпман, додажон. Шунча камералар қаршисида қандоқ гапирар эдингиз-а;
  • Микрофон тушларимга кириб чиқяпти. Рўпарамга олиб келса, ғажиб ташлайман.

Шундай қилиб, қора Mercedes’да ғудранганча қайтишди. Айтишларича, ҳозир ҳам ўзаро суҳбатлашганда «бошқача даврлар»ни эслаб юришганмиш.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.