Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 14 ноябрь, пайшанба куни ЖЧ—2022 мусобақаси иккинчи саралаш босқичи 5-тури доирасида Саудия Арабистонига қарши майдонга тушади.

Фото: ESPN

Ўзбекистон терма жамоаси шу вақтгача Саудия Арабистони билан ўнта ўйинда иштирок этган. Уларнинг тўрттасида «оқ бўрилар»нинг қўли баланд келган бўлса, бешта баҳсда араблар муваффақият қозонган ва бир учрашувда муроса йўли танланган. Тўплар нисбати — 13:21, Саудия Арабистони фойдасига.

Ўзбекистон 1994 йили Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида Саудияни 4:1 ҳисобида мағлуб этганди. Бу мазкур жамоалар қарама-қаршилигида ўзбекларнинг энг йирик ғалабаси бўлиб тарихга кирди. Ўшанда Ўзбекистон сафида Игор Шквирин дубль қайд этган, Миржалол Қосимов ва Сергей Лебедевлар бир мартадан рақиб дарвозасини ишғол қилганди. Ўзбекистоннинг энг йирик мағлубияти эса 2000 йилги Осиё Чемпионатида қайд этилган, ўшанда Юрий Саркисян бошчилигидаги жамоа 0:5 ҳисобида мағлубиятга учраганди.

Ўзбекистон терма жамоаси мазкур рақиб билан сўнгги бор Австралия майдонларида ўтган ОЧ—2015 мусобақасида тўқнаш келган. Ўшанда Миржалол Қосимов қўл остидаги терма жамоа 3:1 ҳисобида зафар қучганди. Учрашувда Сардор Рашидов иккита гол урган бўлса, яна бир тўпни Воҳид Шодиев киритган. Арабларнинг ягона жавоб голига Муҳаммад аш Шаҳлавий муаллиф бўлган.

Терма жамоанинг бугунги ўйин қайдномасидан ўрин олган барча футболчилари орасида фақатгина 3 таси Саудия Арабистонига қарши аввал ҳам ўйнаган. Булар Одил Аҳмедов (4 бор), Жамшид Искандеров ва Лутфулла Тураев бир мартадан.  Қолган барча футболчиларимиз учун бу Саудия билан дебют ўйини бўлади. Ўзбекистон терма жамоаси сафида бугун майдонга тушиши мумкин бўлган уччала дарвозабон учун ҳам айнан Саудия Арабистони билан ўйин биринчиси бўлади.

Ўзбекистон терма жамоаси тарихида Саудия Арабистонига қарши энг кўп майдонга тушган футболчилар:

Максим Шацких — 6 та ўйин

Асрор Алиқулов — 5 та ўйин

Тимур Кападзе — 5 та ўйин

Игнатий Нестеров — 5 та ўйин

Виктор Карпенко — 5 та ўйин

Ўзбекистон терма жамоаси тарихида Саудия Арабистонига қарши майдонга тушган барча дарвозабонлар:

Игнатий Нестеров — 5 та ўйин

Евгений Сафонов — 2 та ўйин

Павел Бугало — 1 та ўйин

Юрий Шейкин — 1 та ўйин

Алексей Поляков — 1 та ўйин

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!