Футбол бўйича ЖЧ—2022 сарлаши иккинчи босқичи 5-тури доирасида Ўзбекистон терма жамоаси ўз майдонида Саудия Арабистони термасига қарши баҳс олиб борди.

Фото: «Дарё»

Учрашувда ҳисобни 16-дақиқада Элдор Шомуродов очди. Икром Алибоевнинг саудиялик ҳимоячига босимидан сўнг тўп Элдорга келиб тушди. Элдор эса рақиб дарвозабонини доғда қолдиришга эришди.

23-дақиқага келиб саудияликлар пенальтидан ҳисобни тенглаштирди. Гол муаллифи — Салмон ал-Фараж. Пенальтига эса Рустам Ашурматовнинг жарима майдончаси ичида рақибига қарши қўпол ўйнагани сабаб бўлди.

56-дақиқада эса Отабек Шукуров пенальтини аниқ амалга ошириб, Ўзбекистонни ҳисобда олдинга олиб чиқди. 85-дақиқада Салмон ал-Фаражнинг зарбаси Фарруҳ Сайфиевга тегиб, Элдор Суюнов қўриқлаётган дарвозадан ўрин олди. Ўйиннинг асосий вақти тугашига бир дақиқа қолганда Салим ал-Довсари ўзбекистонлик ҳимоячиларини ортда қолдириб, чиройли зарба билан Суюновнинг доғда қолдиришга эришди.

Шу тариқа саудияликлар сафарда 3:2 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Ушбу ғалабадан сўнг арабистонликларнинг очколари сони 8 тага етди ва улар гуруҳда пешқадамга айланди. Ўзбекистон ҳисобидаги очколар эса 6 талигича қолди.

ЖЧ—2022 саралаши

5-тур баҳси

14 ноябрь, пайшанба

Ўзбекистон — Саудия Арабистони  2:3

Голлар: 1:0 — 16 Элдор Шомуродов, 1:1 — 23 (пенальти) Салом ал-Фараж, 2:1 — (пенальти) Отабек Шукуров, 2:2 — 85 Салим ал-Фараж, 2:3 — 89 Салим ал-Довсари.