Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда қатор сайёҳлик фирмалари томонидан муқаддас Умра зиёратини ташкил қилиш бўйича турли рекламалар кўпайиб бормоқда. Шунингдек, айрим эълон қилинаётган «буюртма» мақолаларда Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси шаънига турлича туҳматлар ёғдирилмоқда, деб ёзади Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати.

Фото: Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

«Ҳаж зиёрати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони подшоҳлигининг Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида амалга оширилади. Умра зиёрати Ўзбекистон Республикаси Президентининг ‘Ҳар йилги Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тўғрисида’ги 2006 йил 28 августдаги ПФ-3793-сонли Фармони билан ташкил қилинган Жамоатчилик кенгаши билан келишган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилоти ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга оширилади. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Дин ишлари бўйича қўмита ёки Ўзбекистон мусулмонлари идораси Умра ва ҳаж тадбирларидан иқтисодий манфаат кўрмайди», — дейилади хабарда.

Ҳозирда Умра тадбирлари йил давомида квотасиз амалга оширилиши белгиланиб, 2018 йил 28 октябрдан бошлаб ҳафтасига 3 та рейс, 2019 йилнинг 1 апрель кунидан эътиборан ҳафтасига 7 та рейс асосида Умра сафарига Ўзбекистон фуқаролари юборилмоқда.

Қўмита хабарида айтилишича, диний зиёратларни ташкил этишга ваколати ва диний соҳага алоқаси бўлмаган «ўртакашлар» ушбу амалиёт билан шуғуллана бошлаган. Сабаби ушбу фаолият сезиларли молиявий инвестицияни талаб этмайди, бу соҳа рекламага муҳтож эмас ва мунтазам даромад манбайини ташкил этади.

«Шунинг учун ҳам айримлар гўёки халқимиз учун хизмат қилиш даъвосида ўз манфаатини ўйлаб, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ‘монополияъда айблаб тош отмоқда», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, баъзи маҳаллий тур агентлар ва тижоратчилар томонидан Ўзбекистон фуқароларига Саудиянинг туризм визаларини қалбакилаштириш ҳолатлари ҳам кўпайиб кетганлиги тўғрисида расмий нота олинган. Шунингдек, Саудия чегара хизмати томонидан 400 дан ошиқ Ўзбекистон фуқаролари депортация қилинган.

Дин ишлари бўйича қўмита айрим «шоввоз» блогерларга мурожаат қилди:

«Илтимос, диний ибодат масаласида халқимизни чалғитманг ҳамда давлат органлари ва масъул идораларни асоссиз айблашдан тийилинг. Умра ибодатини ташкил этиш масаласида ҳукумат ва мутасадди идораларни асоссиз айблаб, муборак ибодатни саёҳат ва тижоратга айлантираётган, ўз чўнтагини қаппайтириш илинжида, фуқароларимизнинг ишончига кириб, улардан моддий манфаат орттириш мақсадида юрганларга хизмат қилувчи бўлиб қолманг!».