Ўзбекистон Афғонистонга электр энергиясини тинчлик мақсадларида етказиб бермоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.

Шерзод Хўжаев
Фото: Ўзбекистон Энергетика вазирлиги

Ўзбекистондан Афғонистонга 2009 йилгача жуда кам миқдорда электр энергия етказиб берилган. 2009 йилдан бу миқдор ўша давр учун 10 баробарга оширилган.

Сурхондарёдаги «Сурхон-500» подстанциясидан Афғонистонга тортиладиган 205 километрлик линия қурилиши бўйича янги лойиҳамизнинг Ўзбекистон ҳудудидаги ишларини 90 фоизга бажариб бўлдик. Қурилишнинг Афғонистондаги қисми Осиё Тараққиёт банкининг грант маблағлари эвазига амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу маблағларни олиш Афғонистон ҳукумати ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги масала. Банк Афғонистон ҳукумати олдига линияларни тўлиқ ишлатиш шартини қўйган.

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида электр энергияси етказиб бериш бўйича 10 йиллик шартнома имзоланиш керак эди. Ушбу масала 20—21 сентябрь кунлари Тошкентда Марказий Осиё давлатлари иштирокида ўтган анжуманда ҳал этилди. Ўйлайманки, Афғонистон ҳукумати қисқа муддатда Осиё Тараққиёт банкидан грант маблағларини олиш бўйича музокараларни якунлайди. 2020 йилнинг март—апрель ойларида Афғонистон ҳудудида ҳам қурилиш ишларини бошлаймиз.

Афғонистонга электр энергия етказиб бериш Ўзбекистонга қандай манфаат беради? Халқимизда «Қўшнинг тинч — ўзинг тинч» деган мақол бор. Бу Афғонистондаги тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги асосий фактор. Уларга электр энергияси етказиб берсак, уйида чироқ бўлади, бирор бир ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Ишлаб чиқариш билан банд бўлган одам, қўпол қилиб айтганда, қурол кўтариб урушга чиқмайди. Бу лойиҳага «Ўзбекистон электр энергиясини сотиб фойда олиши керак» деган фикр билан қарамаслик керак. Бунинг маъноси анча чуқурроқ.

Афғонистонга етказиб берилаётган электр энергиясини Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжлари учун сарфласак бўлмайдими, деган савол туғилиши мумкин. Мамлакатимиз Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган. Ўзбекистоннинг барча халқаро электр тизимлари билан алоқаси бор. Шу кеча-кундузги маълумотларга қарайдиган бўлсак, электр ва газ бўйича Ўзбекистоннинг экспорт ва импорт сальдоси — нол. Яъни, биз ташқарига қанча берсак, яна шунча оляпмиз ва бу сиёсатни кейинчалик ҳам давом эттиришни режалаштирганмиз.

Сурхондарё вилоятида Осиё Тараққиёт банки иштирокида жуда катта қувватли қуёш электр стнацияларани ишга туширишни режа қилганмиз. Келгуси 2020 йилнинг биринчи ярмида дастлабки тендерни якунлаб, шартнома тузишни режа қилиб йўганмиз. Ушбу лойиҳа 200 мегаватт қувватга эга бўлади. Келгусида эса қуёш электр станциялари қуввати 1000 мегаваттга етказилади.

Агар қуёш электр станцияларини қуриб, инвестордан электр энергиясини харид қилиб, Афғонистонга сотиб, ҳам молиявий жиҳатдан фойда кўрсак ва Афғонистонда тинч ҳаётга ўз ҳиссамизни қўшсак, бу жуда ҳам яхши нарса. Келгусида бошқа қўшни мамлакатлар билан ҳам интеграцияани кучайтириб борамиз. Ҳамкорликда қўшимча электр линиялари ва станцияларини ҳам қурамиз.

Шерзод Хўжаев, Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари