Футбол бўйича ЖЧ—2022 сарлаши иккинчи босқичи 5-тури доирасида Ўзбекистон терма жамоаси ўз майдонида Саудия Арабистони термасига қарши баҳс олиб бориб, 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

Фото: «Дарё»

Ўзбекистонликлар устози Вадим Абрамов беллашувдан сўнг матбуот анжуманида иштирок этди, деб хабар беради «Дарё» мухбири.

Ўйин ҳақида

— Афсуски, мағлуб бўлдик, ҳаққоний ёки аксинча бўлганлигини айтиш қийин. Афсуслар бўлсинки, шунча мухлис келган ўйинда ютқаздик ва уларни хурсанд қила олмадик. Натижа эса жуда ёмон. Ҳаёт давом этади, менимча, ҳали имконият бор ва курашишда давом этамиз.

Шомуродовнинг иккинчи бўлимда ўзини кўрсата олмагани ва унинг ўрнига эртароқ Игор Сергеевнинг майдонга туширилмагани ҳақида

— Менимча, у ёмон ўйнамади. Йиғинга кеч келганига қарамай яхши ўйнади. Афсуски, йигитлар 2:1 ҳисоби вақтида ақлни ишлатмади, аксинча ҳиссиётларга берилиб кетишди.

Ҳимоячиларнинг техник жиҳатдан кучли рақибга қарши ёш болаларча хатолари ҳақида

— Тўғри айтдингиз, биринчи бўлимдаги қўпол хатоларда футболчимиз (Рустам Ашурматов — «Дарё») ҳаяжонлангани сезилиб қолди. Тўғри, қисқа вақт ичида ўйин услубимизни ўзгартиришимиз кераклиги олдиндан маълум эди. Балки ҳимояда бунга эриша олмагандирмиз.

Аҳмедовнинг ҳимояга қўйилиши ҳақида

— Мағлуб бўлганимиздан кейин бемалол хато дейишингиз мумкин. Агарда ютганимизда бу умуман хато бўлмасди. Аҳмедов, менимча, ҳимояда яхши ўйнади.

Ҳимояда бўйдор футболчиларнинг етишмаётганлиги ҳақида

— Кримец дейсизми? Унда кичик камчилик бор, тезлик олиши бироз секинроқ. Ўз майдонимизда ўйин ўтказишимиз сабабидан тезкор ҳимоячиларни майдонга ташладик. Кўрамиз, келажакда нима бўлар экан.

Ҳисобда олдинда бориб ютқазилгани ҳақида

— Ҳозиргина айтганимдек, бугун ҳиссиёт ақлдан устун келди. Йигитлар учинчи голни уришга интилди. Саудияда эса иккинчи бўлимда деярли яққол имкониятнинг ўзи бўлмади. Аммо сўнгги дақиқалардаги рикошет ва учинчи гол умуман тушунарсиз чиқди. Ҳимоячилар олдинга ўтиб кетаверди. Худди мухлислар қўллаб-қувватлови шунга ундаётгандек. Аммо барибир ҳам ақлни йиғиб олмадик.

Маълумот учун, ушбу ғалабадан сўнг арабистонликларнинг очколари сони саккизтага етди ва улар гуруҳда пешқадамга айланди. Ўзбекистон ҳисобидаги очколар эса олтиталигича қолди.