14 ноябрь – месхети турклар Сталин буйруғига биноан Грузия ҳудудидан депортация қилинган кун ҳисобланади. «Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош ушбу жафокаш халқ фожиаси ҳақида ҳикоя қилади.

СССР деб аталмиш давлатда Сталин даври алоҳида ўрин тутади. Бу даврда давлат томонидан ўз фуқароларига қилинган зулм ва зўравонлик ниҳоятда ҳаддидан ошди. Ана шу ишларидан бири – кўплаб миллатларни ўз уйидан, ўз ватанидан бошқа ўлкаларга қувғин қилгани. Аввалига у 1943 йилда қорачойлар, қалмиқлар, 1944 йилда эса чеченлар ва ингушлар, болқорлар, қиримтатарлар, охирида эса месхети турклар, курдлар ва хемшинлиларни ўз она юртларидан бошқа ўлкаларга сургун қилган.

Фото: Wikipedia

Сургун бўлганларга «Ватанга хиёнат қилиш» айби қўйилган. Қримтатар, чечен, ингуш, қалмиқ, болқорлар немисларга жосуслик қилишда айбланган бўлса, месхети турклар, курдлар ва хемшинлилар Туркия фойдасига жосусликда айбланди.

«Немисларга сотилиб», ватанга хиёнат қилганларни жазолаш керак бўлса, биринчи навбатда русларнинг ўзини, сўнг украинлар ва беларусларни айблаш лозим бўларди. Сабаби, немислар СССРнинг ғарбий қисмига бостириб кириб, у ерларни эгаллаганидан кейин кўплаб руслар, украинлар ва беларуслар немисларга садоқат билан хизмат қилди. СССР армияси қўмондонларидан бири – генерал Власов катта қўшин билан немислар тарафига ўтиб кетди. Ана шундай ҳолатда Сталин ва Бериянинг ҳақиқий сотқинлар қолиб майда миллатларни сотқинликда айблаши ўта мантиқсиз бир иш эди.

Миллатларни қувғин қилишда НКВД (Ички ишлар халқ комиссарлиги) раҳбари Лаврентий Берия асосий ролни бажаради. Қувғинлар айнан Бериянинг ташаббуси билан амалга оширилган. Албатта, бу ишга Сталиннинг ўзи ҳам хайрихоҳ бўлган.

Энг биринчи 1943 йил 12 октябрда Қорачой АССРда яшовчи қорачой аҳоли «немислар фойдасига сотқинлик қилиш»да айбланиб, қувғин қилинган. Кейин эса шу йил 27 декабрда қалмиқлар, 1944 йил 29 январда чеченлар ва ингушлар, шу йил 24 февралда болқорлар, 10 майда қримтатарлар қувғин қилинди. Бу билан тинчимаган Берия 1944 йил 24 июль куни Сталинга N7896 рақамли хат билан мурожаат қилди:

«Бир неча йиллар давомида Туркия билан чегарадош бу ҳудуд аҳолиси чегаранинг нариги тарафидаги Туркия фуқаролари билан қариндошлик алоқаларини сақлаб келмоқда. Айримлари Туркияга муҳожирликка кетмоқда. Шунингдек, улар фаол равишда контрабанда билан шуғулланмоқда ва турк жосуслик идораларига турли манбалар этказиб бериб, ўзлари ҳам жосуслик тўдаларини тузишда хизмат қилмоқда…

НКВД Ахалцих, Ахалкалаки, Адиген, Аспиндз ва Богдановск туманларидан ҳамда Ажария АССРнинг бир неча туманидан 16 700 турк, курд, хемшинли оилаларини кўчириш лозим деб ҳисоблайди».

31 июль куни СССР мудофаа ишлари бўйича давлат қўмитаси N6279 рақамли «мутлақо махфий» қарорни қабул қилди. Қарорга кўра, Грузия ССР жанубида, Туркия билан чегара ҳудудларда яшовчи месхети турклар, курдлар ва хемшинлиларни Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳудудига бадарға қилиш кўзда тутилган эди.

«Мутлақо махфий» қарор 1944 йилнинг июль ойида қабул қилинган бўлса-да, Берия негадир уни бажаришни ноябрь ойигача кечиктирди. 14 ноябрь куни турклар уйидан ҳайдаб чиқарилди ва темир йўлга олиб келинди.

Бериянинг буйруғига кўра барча ишларга Кобулов, Грузия ССР давлат хавсизлиги халқ қўмитаси бошлиғи Рапава, Грузия ССР ички ишлар вазири Каранадзе бошчилик қилди.

Аҳолини зудлик билан қувғин қилиш ишларига НКВДнинг 4 мингдан ошиқ тезкор ходими жалб этилди.  Одамларга жўнаш учун бор-йўғи икки соат вақт беришди.

Тасаввур қилинг, эрталаб эшигингизни кимдир қоқди. Қарасангиз, НКВД ходими. У сизга давлат хавфсизлик қўмитасининг қарори ҳақида маълум қилди ва жўнаш учун икки соат вақт берди. Вақтга риоя қилмасангиз, қаттиқ жазоланишингиз ҳақида огоҳлантирди. Қандай аҳволга тушасиз? Месхети турклар зўрға кийим-кечак олишга улгурди. Бошқа ҳамма нарса ўз ўрнида қолиб кетди.

Фото: Wikipedia

Уларни 17 ноябрь куни 25 эшелонда вагонларга тиқиб, Ўрта Осиёга жўнатишди. Берия совуқда йўл юриш ва қийинчиликлар месхети турклар, курдлар ва оз сонли хемшинлиларнинг маълум қисмини ўлдириб юборишни хоҳлагандир. У шуни хоҳлаган бўлса, ниятига эришди. Кузнинг совуқ кунларида, юк вагонларида манзилга етиб боргунча сургун қилинганларнинг 25–30 фоизи ҳалок бўлди.

Қишнинг совуқ кунларида 5–6 ҳафталаб узоқ йўл босиш месхети туркларни жуда ҳолдан тойдирди. Юк вагонларида антисанитария ҳолати касаллик ва эпидемия тарқашига сабаб бўлди, натижада кўплар ҳалок бўлди. Бунинг устига, улар Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистонга этиб келганида қишнинг айни авж палласи эди. Совуқ бараклар, палаткаларда жон сақлаш ниҳоятда азоб эди.

Бугун юртимизда, бизнинг орамизда ёки бошқа ўлкаларда яшаётган кекса ёшдаги месхети турклардан ўша даҳшатли кунлар ҳақида сўрасангиз, улар гап бошлашдан аввал албатта ёш тўкиб олади. Сабаби, уларнинг аксарияти жуда ёш бўлган ҳолда, уйидан, ватанидан қувиб чиқарилгани етмагандай, юк вагонларида оғир шароитда йўл босиш пайтида яқинларини йўқотган.

Сургун қилинган оиланинг Ўзбекистонда туғилиб, Озарбайжонда яшаётган фарзанди ҳикоя қилади:

«Месхети туркларни қувғин қилишганида онам олти ёшда бўлган. Улар икки ой вагонда оғир шароитда йўл босган. Оиламиз Самарқанд яқинидаги қишлоққа тушган. Онамнинг айтишича, бошида роса қийналишган. Орадан бироз ўтиб, маҳаллий халқ туркларнинг сотқин эмаслигини, аксинча, ўз юртидан қувилган жафокаш халқ эканини тушуниб етган ва халқимизга муносабатини ўзгартирган. Айниқса 1956 йилда Хрушчёв бошлиқ ҳукумат Сталиннинг қримтатар, чечен, ингуш, месхети туркларни қувғин қилгани ноқонуний ва адолатсиз иш бўлганини тан олиб чиққанидан сўнг ўртадаги шубҳалар батамом тарқаган. Шу тариқа халқимиз ўзбеклар билан ҳамжиҳатликда яшади. Аммо 1989 йилда ўзбеклар билан бизнинг орамизга барибир фитна солишди. Шундан сўнг бизни Ўзбекистондан олиб чиқишди ва Озарбайжонга келиб қолдик. Бугун биз ўша қонли воқеаларда Кремлнинг қўли бўлганини яхши биламиз ва тарих ҳам буни исботлаб бўлган».

Қувғин қилинганларнинг умумий сони қарийб 120 минг нафар эди. Уларни аввалига махсус баракларга, палаткаларга жойлаштиришди. Кейинчалик улар уй-жой тиклаб олди. Қувғин қилинганларга ўзлари жойлаштирилган тумандан бошқа ҳудуд бўйлаб ҳаракатланиш тақиқланди. Бу тақиқни бузганлар аёвсиз жазоланди.

1953 йилнинг март ойида Сталин ўлди. Унинг даврида ноҳақ қамалганларнинг ишлари қайта кўриб чиқила бошланди. Шу жумладан, ноҳақ айбланиб қувғин қилинган миллатларнинг ишлари ҳам.

Ниҳоят, 1956 йил 18 апрелда СССР Олий Совети Президиумининг месхети турклар, курдлар ва хемшинлиларнинг қувғин қилиниши хато бўлгани ҳақидаги қарори эълон қилинди ва уларга СССР бўйлаб эркин ҳаракатланиб, кўчиб юриш ҳуқуқи берилди. Минг афсуслар бўлсинки, туркларга тарихий ватани Месхетияга қайтишга рухсат берилмади. Уларнинг асосий қисми сургун қилинган жойи – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистонда яшаб қолди. Озроқ қисми РСФСРдаги Кабардин-Болқор АССРдан берилган ерга кўчиб борди.

Месхети турклар кимлар?

Месхети турклар – олтой оиласининг турк гуруҳига кирувчи, турк тилларининг ўғуз лаҳжасида гапирувчи, турк, озарбайжон ва гагауз миллатларига яқин бўлган бир миллатдир. Улар ўзларини Аҳиска турклари (Ahıska Türkleri) деб атайди. Бугун дунёда ярим миллиондан ошиқ месхети турк бор. Улар дунё бўйлаб тарқалиб кетган. Месхети туркларнинг энг катта диаспораси Қозоғистон, Россия ва Туркияда яшамоқда. Уларнинг аксарияти ислом динининг суннийлик йўналишига, ҳанафия мазҳабига амал қилади.

Месхети туркларнинг тарихий ватани қаер эди?

Месхети турклар азалдан Грузиянинг Туркия билан чегарадош Месхетия ўлкасида яшаган. Месхетия ўлкаси СССР пайтида Адиген, Ахалцих, Аспиндз туманларига бўлинган.

1829 йилда Россия – Туркия урушидан сўнг Адрианополь шартномасига кўра Месхетия иккига ажралиб қолди. Унинг ярми Россия таркибига ўтди, ярми Туркияда қолди. Октябр инқилобидан кейин Грузия ССР тузилганида Россия таркибидаги Месхетия Грузия ССРга қўшиб берилди.

Иккинчи жаҳон урушида Месхетиянинг урушга яроқли бўлган 40 минг аҳолиси урушга борди; уларнинг 26 минг нафари ҳалок бўлди. Улардан саккиз нафар Совет Иттифоқи қаҳрамони чиққан.

Шу ўринда бир муҳим жиҳатга эътибор беринг. Месхети туркларнинг урушга яроқли эркакларининг 99,9 фоизи урушга чиқирилган бўлса, Месхетияда фақат ёш болалар, аёллар ва кекса ёшдаги қариялар қолган бўлса, Туркиядаги қариндошлар билан мунтазам алоқада ким бўлган, ким бандит гуруҳлари тузиб, контрабанда ишлари билан шуғулланган ва Туркия фойдасига жосуслик қилган?

Мақола ёзилишидан аввал месхети туркларнинг қувғин қилинишига доир кўплаб материалларни ўқиб чиқдим. Ўзбек тилида юритиладиган сайтларимизда бу қувғин ҳақида маълумот жуда кам. Россия электрон медиасида эса негадир туркларнинг 1944 йилда қувғин қилиниши қисқача ёритилган, аммо 1989 йилда Фарғона вилоятида юз берган қонли можаро батафсил эсланган. Назаримда, бу ҳам бежиз эмас.

Маълум бўлдики, 1989 йилда Фарғонадаги қонли можаро ортидан Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилган кўплаб месхети турклар ҳатто бугунги кунгача ҳам Россия фуқаролигини ололмай юрибди. Уларнинг бир қисми Россияда фуқаролиги йўқ шахс мақомида яшаяпти. Балки рус матбуоти бу ишни хаспўшлаш учун ҳам туркларнинг қувғин қилиниши ёки бугун дуч келаётган муаммолари ҳақида камроқ ёзиб,  асосий урғуни Фарғона воқеаларига қаратаётгандир?

Фото: Wikipedia

14 ноябрда месхети туркларнинг ўз ватанидан қувилганига 75 йил тўлади. 75 йилдан буён бу миллат ўз ватанидан айрилиб, дунё бўйлаб сочилиб кетган ва дунёнинг бошқа давлатларида яшаб келмоқда. Бугун бу миллатга Туркия, Озарбайжон катта эътибор ва ёрдам беряпти. Масалан, 2014 йилда Украина шарқида айирмачилар билан ҳукумат ўртасида қуролли можаро келиб чиққанида Туркия ҳукумати можаро ичида қолган месхети туркларга бошпана беришини маълум қилди ва 400 нафарга яқин туркни кўчириб ўтказди. Бир тарафдан қараганда, кимдир ёзганидай, «инсон қаерда қулай шароитда яшаса, ўша ер унга ватандир». Аммо бугун аксарият месхети турклар барибир ватанини соғинади ва ҳанузгача халқаро ташкилотлардан тарихий ватанига қайтишда ёрдам сўрайди. Ана шундай ҳолатларда «Олтин қафас ичра гар қизил гул бутса, булбулга тикандай ошиён бўлмас эмиш» деган сатрлар эсга тушади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.