Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Муҳиддин Эсонов Қашқадарёда мингга яқин иш ўрни яратган тадбиркорга у айтган пахтани уруғликка қабул қилиши лозимлигини, айтганини бажармаса қаматишини айтиб қўрқитаётгани айтилмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га хабар берган тадбиркор Нурбек Эргашев эса мансабдор айтаётган пахта нам ҳавода қолганини, шудринг тушиб уруғликка яроқсиз ҳолга келганини таъкидламоқда.

Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, тадбиркор Нурбек Эргашев раҳбарлигидаги «Sulton tex group

» хусусий корхонаси вилоятнинг Қарши туманида 15 минг гектар экин майдонида пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришни ташкил этган бўлиб, 398 та фермер хўжалиги билан пахта хом ашёси етиштириш бўйича шартнома имзолаган. Қисқа қилиб айтганда пахта кластери ташкил этган.

Айтилишича, инспекция бошлиғи тадбиркорга шудринг тушиб, намгарчиликда қолган пахтани уруғлик сифатида қабул қилишни талаб қилган. Акс ҳолда қаматиб юборишини билдирган.

— Бош вазир маслаҳатчиси А.Ваҳобов томонидан 2019 йил 29 июлда «Уруғлик пахта хом ашёсини териш» тартиби тасдиқланган бўлиб, мазкур тартибга кўра, шудринг ва намгарчиликдан кейин уруғлик пахта терилмаслиги лозимлиги белгиланган, — дейди тадбиркор Нурбек Эргашев. — Аммо бу ишга масъул мансабдор эса талабни бузишимни сўраяпти. Бажармасам, қаматишини айтди. Ҳозир раҳбарнинг қош-қовоғига қараб, талабга жавоб бермайдиган пахтани уруғлик сифатида қабул қилсам, эртага бу ёмон оқибатларга олиб келади-ку. Мен тайёрлаган уруғни қайсидир фермер даласига экади. Унда нима бўлади? Мен ўшанда давлатга, Президентнинг ишончига хиёнат қилган бўлмайманми?

Тадбиркорнинг «Дарё» мухбирига айтишича, муаммонинг бошланиши «Уруғчиликни ривожлантириш маркази» ДК ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шомурод Султоновга тегишли фермер хўжалигининг намгарчилик ва шудрингда қолган уруғлик пахтасини қабул қилмаганидан бошланган.

— 7–8 ноябрь кунлари Шомурод Султоновнинг хотини Матлуба Шукурова раҳбарлигидаги «Камол Султон» фермер хўжалигининг 5 тиркама пахтасини уруғликка қабул қилмадик ва бошимизга ғавғо сотиб олдик, — дейди Нурбек Эргашев. — Ўшандан бери гоҳ Шомурод Султонов, гоҳ инспекциянинг Қашқадарёдаги раҳбари Акром Арипов қўнғироқ қилиб, пахтани уруғликка қабул қилишим лозимлигини айтишади. 10 ноябрь куни Муҳиддин Эсонов ҳам уларнинг сафига қўшилди ва эндиликда 3 киши бўлиб босим ўтказишмоқда. Мутасаддилар ўзлари айтган тартибга ўзлари қарши чиқишяпти. Аслида барча раҳбарлар вилоятимизда октябрь ойининг якуни ва ноябрь ойининг боши ёмғирли ва совуқ кунларга тўғри келганини яхши билишади-ю.

Лаборатория таҳлили натижасига кўра, «Камол Султон» фермер хўжалиги томонидан 7 ноябрь куни пахта пунктига келтирилган 3 тиркама пахтанинг намлиги 11,1 фоизни, ифлослиги эса 1,5 фоизни ташкил этган. 8 ноябрь куни олиб келинган 2 тиркама пахтанинг намлиги эса 9,7, ифлослиги 2,8 фоиз бўлган. Шунга қарамай уруғлик пахта сифатида қабул қилиш талаб қилинган. Табиийки, пахта кластери мутахассислари буни рад этган.

Лаборатория таҳлили натижалари.

Фото: Нурбек Эргашев

Лаборатория таҳлили натижалари.

Фото: Нурбек Эргашев

Агроинспекциянинг Қашқадарёдаги ходимларидан бири «Дарё» мухбири билан мулоқотда 7 ноябрда олиб келинган пахта ҳақиқатан ҳам намлик даражаси юқори бўлгани боис талабга жавоб бермаслигини тан олди.

— Пахта қуритилиб, 3–4 кундан кейин олиб келинган, аммо барибир қабул қилишмаган-да, — дейди инспекция ходими.

«Дарё» мухбири билан мулоқот қилган яна бир мутахассис — агроинспекциянинг республикадаги вакили Неъмат Исмоилов уруғлик пахта ҳақиқатан ҳам нам бўлган бўлса, талабга жавоб бермаслигини, аммо қуритилгач уруғлик сифатида қабул қилиш мумкинлигини билдирмоқда.

— Агар уруғлик пахта ҳақиқатан ҳам уруғлик пахта етиштириш учун танлов комиссиясидан ўтган фермер хўжалиги томонидан келтирилган бўлса ва пахтани териш қоидаларига риоя қилинган бўлса, нам пахта қуритилгандан сўнг ҳам уруғлик пахта вазифасини бажаради, — дейди Неъмат Исмоилов. – Боиси уруғлик сифатида чигит олинади. Нам эса чигитга таъсир қилмайди.

— Пахта ўзига тегишли бўлгани учунми намгарчилик ва шудрингда қолган бўлса ҳам «уруғлик сифатида қабул қиласан» дея оёқ тираб олган, — дейди тадбиркор. – Ҳолбуки, 2019 йил 21 октябрь куни ўзи Қашқадарё «Минтақавий пахта терминали» МЧЖ директори С.Кароловга ёзган хати талабларига қарши чиқяпти. Содда қилиб айтганда, раҳбар сифатидаги талабини, фуқаролик манфаати устун келиб, ўзи бузяпти.

«Дарё» мухбирига тадбиркор томонидан тақдим этилган ҳужжатга кўра, «Уруғчиликни ривожлантириш маркази» ДК ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шомурод Султонов 2019 йил 21 октябрь куни Қашқадарё «Минтақавий пахта терминали» МЧЖ директори С.Кароловга хат ёзиб, унда уруғлик пахта хом ашёсини ўз вақтида жамғариш ҳатто 2-теримдаги пахтани ҳам уруғликка қабул қилмаслик ҳақида топшириқ берилган.

Шомурод Султонов 21 октябрь кунги хатнинг мазкур масалага алоқаси йўқлигини билдирмоқда. Унинг айтишича, мазкур фермер хўжалигининг пахтаси биринчи терим пахта ҳисобланади.

— Кластер қиламан деб ҳамма жойни расво қилди бу тадбиркор, — дейди Шомурод Султонов. – Далага аҳмоқ агрономни қўйиб қўйган, ҳеч нарсани билмайди. Ўзи эса кондиционерли хонада ўтирволиб, бутун туманни бошқаряпти. Фермерларни қон қақшатди. На пул беради, на ёнилғи. Қарши тумани учун ҳеч нарса қилгани йўқ бу тадбиркор, аммо туман «оқ олтини»га эга бўлиб ўтирибди.

Тадбиркор Нурбек Эргашевнинг айтишича, унга нафақат республикадан келган раҳбар, ҳатто Шомурод Султонов ва Акром Ариповлар ҳам тазйиқ ўтказишмоқда.

Шомурод Султонов ҳамда Акром Ариповлар республика амалдорининг қуюшқондан чиққанини рад этяпти.

— Туман ва вилоят ҳокимлиги масъуллари, энг ёмони туман ҳокими ва прокурори ҳам телефон қилиб, тартибни бузишимни сўрашмоқда, — дейди Нурбек Эргашев. – Бу қанақаси?

Тадбиркорнинг маълумот беришича, республикадан келган раҳбар Муҳиддин Эсонов тадбиркорнинг орқасида ким турган бўлса ҳам аҳамиятсиз эканлигини айтиб, дўқ қилишда давом этган.

— Муҳиддин Эсонов 10 ноябрь куни менга Акром Ариповнинг телефонидан қўнғироқ қилиб, «қаердасан етиб кел», деди. Мен ҳозирда Тошкент шаҳрида эканимни, эрталаб Германияда бўлиб ўтадиган қишлоқ хўжалиги техникалари бўйича кўргазмага кетишимни айтдим. Шунда у менга «гўрда бўлсанг ҳам етиб келасан ва шу пахтани (7–8 ноябрь кунлари келтирилган, нам ва шудрингда қолган 5 тиркама пахта назарда тутилмоқда) уруғлик сифатида қабул қиласан, акс ҳолда сени қаматаман. Орқангда киминг бўлса ҳам, ишонганинг ким бўлса ҳам сени устингдан жиноий иш қўзғатаман, мени ҳуқуқим бор», деб айтди, — дейди тадбиркор.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Гулбаҳор Ганжаева ҳам «Дарё» мухбири Отабек Қўлдошевнинг сўровига жавобан раҳбари тадбиркор билан суҳбатлашганда уни ҳақорат қилмаганини айтмоқда.

— Ҳақиқатан ҳам раҳбаримиз Қашқадарёда бўлган, сиз айтган тадбиркор билан телефон орқали мулоқот қилган, аммо тадбиркорни ҳақорат қилмаган, — дейди Гулбаҳор Ганжаева. – Буни раҳбаримизнинг ўзлари рад этмоқда.

Нурбек Эргашевнинг қўшимча қилишича, дўқ-пўписа шу куни корхона ишчиларига ҳам айтилган.

— Муҳиддин Эсонов менга қўнғироқ қилган куни «Камол Султон» фермер хўжалиги даласига бориб, ишчиларимга ҳам мазкур фермер хўжалиги пахтасини уруғлик сифатида қабул қилишга мажбур эканлигимизни, йўқса корхонага нисбатан жиноий иш қўзғатишини айтган.

Тадбиркор Нурбек Эргашев мансабдорлар муносабатидан норози бўлиб, 10 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевга шикоят ариза йўллаган. Ва унда мансабдорларнинг бундайин дўқ-пўписаси тадбиркорнинг ишига бўлган иштиёқини сўндиришини, энг муҳими, уруғликка ярамайдиган пахтани қабул қилиб, келгуси йил қайсидир фермернинг азият чекиб қолишидан қўрқаётганини билдирган.

Қайд этилишича, туманда 84 та фермер хўжалиги уруғлик пахта хом ашёсини етиштириш бўйича танловдан ўтган. «Sulton tex group» хусусий корхонаси билан шартнома тузган фермер хўжаликларидан дастлаб 3496 тонна, сўнгра захира учун яна 497 тонна — жами 3993 тонна уруғлик чигит олиш режалаштирилган. 2019 йил 1 ноябрга қадар 3811 тонна уруғлик олинган.

«Дарё» воқеалар ривожини кузатиб боради.