Ҳиндистон фуқароси 20 йил давомида ҳар куни тупроқ истеъмол қилган ва бундан ҳеч қандай зарар кўрмаган. Унинг ноодатий диетаси ҳақида Newsflare хабар берган.

Фото: «Korrespondent.net»

Ҳиндистонлик Нукала Котешвара Рао мамлакатнинг Андхра-Прадеш штатида истиқомат қилади. У 28 ёшидан тупроқ ейишни бошлаган.

Бугунги кунга келиб эркак кунига бир килограмм атрофида тупроқ истеъмол қилади. Баъзида кун давомида бошқа овқатлардан воз кечиб фақат тупроқ ейиш билан чекланади.

Нукала Котешвара Рао ушбу диетани 20 йилдан бери амалга ошириб келади ва ўтган вақт давомида унинг соғлиғида салбий ўзгаришлар кузатилмаган.

Тупроқ ейиш фанда геофагия деб аталади ва дунёнинг энг қашшоқ мамлакатлари Габон, Камерун, Акваториал Гвинея ва Индонезиядаги фуқароларда кўп учрайди.

Аввал Ҳиндистонда бир эркакнинг 50 та тухум ейман деб гаров ўйнаб 41-тухумни еганидан кейин вафот этгани, бошқа бир эркакнинг эса очдан ўлмаслик учун атайин қонунбузарлик қилиб қамоққа киргани, яна бир ҳиндистонликнинг эса қурилишда ухлаб қолиши оқибатида тонналаб тупроқ билан кўмилгани ва ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.