Бу илмий кузатишлар тарихида биринчи бор қайд этилгани боис эътиборга молик ҳодисадир. LIGO/Virgo расадхоналарида умумий мақсад – гравитация тўлқинларини қайд қилиш юзасидан иш олиб бораётган илмий гуруҳлар тарихда биринчи марта манбаи ягона яхлит объект бўлган гравитация тўлқинларини тутишганини эълон қилди. Шу чоққача қайд этилган гравитация тўлқинлари камида иккита ўта йирик массали объект – қора туйнуклар ёки нейтрон юлдузларинг тўқнашувидан ҳосил бўлгани айтилар эди.

LIGO детектори 2002 йила қуриб фойдаланишга топширилган. Бироқ битказилиши билан деярли дарҳол яна модернизацияга топширилган ва кейинги саккиз йил мобайнида таъмирланган эди. Таъмирдан чиққач, LIGO расадхонаси биринчи уринишдаёқ жуда катта шов-шувли илмий натижа кўрсатган. Яъни ўшанда LIGO илм-фан тарихида биринчи марта гравитация тўлқинларини тутишга муваффақ бўлган эди. Ўша илк тутилган гравитация тўлқини иккита қора туйнукнинг ўзаро тўқнашувидан ҳосил бўлган ҳам баён қилинган. Ушбу илмий ютуқ учун, LIGO олимлари Нобель мукофотига ҳам лойиқ кўрилганлар.

Охирги бир неча йил ичида LIGO умумий ҳисобда 18 ойга яқин ишлади холос. Сабаби, детекторларининг сезгирлиги ҳамон етарли эмас ва уни тинимсиз мукаммаллаштирилмоқда. Хусусан, у ўта янгилар чақнашидан ва бошқа кичикроқ массали объектларнинг тўқнашувидан ҳосил бўлган гравитацион тўлқинларни ҳам қайд қила оладиган бўлиши керак. LIGO/Virgo детекторлари 2018 йилда навбатдаги марта модернизацияга олинган ва 2019 йил 1 апрелига қадар таъмирда бўлган.

Юқорида айтилганидек, расадхоналар авваллари тутган гравитация тўлқинларининг барчасида, манба – иккита ўта йирик массали объектнинг тўқнашуви бўлган. Эндиликда эса янги, модернизациядан чиққан расадхона детекторлари яхлит объектдан ҳосил бўлган гравитация тўлқинини тутгани эътироф этилмоқда. Аниқланишича, илмий манбаларда S191110af тўлқини деб ном олган ушбу яхлит объект осмон сферасининг жанубий қисмида жойлашган экан. Лекин унинг аниқ координатлари ва масофасини ҳозирча олимлар аниқ белгилашганича йўқ. Тадқиқот ҳақидаги мақоланинг етакчи муаллифи Кристофер Беррининг таъкидлашича, ушбу қайд этилган кашфиётни эълон қилишдан аввал олимлар уни барча қайта текширув жараёнларидан ўтказишган. Яъни, эндиликда гравитация тўлқинларини яхлит объектлар ҳам чиқариши мумкинлиги аниқ тасдиқланди.