Австралиянинг Сидней шаҳрида яшовчи 320 килограмм вазнга эга эркак фастфуд ейишни тўхтатиб, бир йил ичида 2 центнерга озди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.

Фото: Daily Mail

41 ёшли Эндрю Зед зарарли овқатларга саккиз йил аввал муккасидан кетган. Йигитнинг вазн тўплаш жараёни рафиқаси билан ажрашиши ва бизнесда касодга учраши оқибатида бошланган. Эндрюнинг айтишича, у ҳар куни круассани, бекон, рулет, пицца, товуқ, саримсоқли нон, картофель фри, паста, музқаймоқ ва литрлаб алкоголсиз ичимликларни истеъмол қилган. Шунингдек, кўп вақтини уйқуга ва видеоўйинлар ўйнашга сарфлаган.

Шифокорлар бундай ҳаёт тарзи ўлимга олиб бориши ҳақида огоҳлантирган.

«Шифокор бир йил ичида кроватдан тура олмайдиган даражада семириб кетишимни айтган. Ушбу вазиятга жуда яқин қолганди. Бу кетишда ҳалок бўлишим тайин эди. Истеъмол қилаётган овқатларим туфайли вафот этишим мумкинлигини ўйласам, юрагим орқага тортарди», — дейди Зед.

Австралия фуқароси шундай кунларнинг бирида кутилмаганда Таиланд дастури асосида озиш ҳақидаги маълумотни ўқиб қолади. Унга икки ойга мўлжалланган озиқ-овқат истеъмоли режасини юборишади ва сал озиб Чиангмай шаҳрига келишни сўрашади. Шаҳарга келгач, 2018 йил август ойида унинг вазни 265 килограммга тушди.

«Улар жисмоний машқларга эмас, балки овқатланишга асосий эътиборни қаратарди», — деб эслайди Эндрю.

Озувчилар учун дастур лойиҳаси раҳбарларидан бири бўлган Стив Смит ушбу режада зўриқишлар йўқлиги ва хордиқ чиқариб озиш мумкинлигини таъкидлаган.

«Тана ва онг жисмоний ҳамда руҳий талваса, яъни стрессдан ҳоли бўлган ҳолатда озиш анча осон кечади», — дейди Смит.

Зед 2018 йилнинг декабрида Австралияга қайтган ва жарроҳлик столига ётиб ошқозонини бандажлаган. Бироқ ушбу жараён ҳам керагича натижа кўрсатмаганидан кейин яна Таиландга қайтиб дастур асосида озишни давом эттирган.

Таиландча дастурга кўра, Зед 12 ой ичида 201 килограмм ортиқча вазндан халос бўлди.

«Улар менинг яхши дам олишим ҳақида қайғурарди… Сув ҳавзасида чўмилардим, китоб ўқирдим, сериаллар томоша қилардим, маҳаллий туристик масканларни айланардим, ширин овқатларни ердим ва вазн ташлардим, катта юкдан қутулишда давом этардим», — дея озиши қандай кечганини сўзлаб берган Австралия фуқароси.

Озганидан кейин Зед яна ҳам қувноқ, бардам ва ўзига ишонган инсонга айланди ва уйланишга ҳам улгурди. Энди у яна 85 килограмм ортиқча вазнидан халос бўлмоқчи.

Фото: Daily Mail

Фото: Daily Mail

Фото: Daily Mail

Фото: Daily Mail