Шу йилнинг 26 сентябрь куни Франциянинг собиқ президенти – «Бульдозер» лақабли Жак Ширак оламдан ўтди. 29 ноябрь – бу машҳур давлат арбоби таваллуд топган кун. Шу сана муносабат билан «Дарё» Жак Ширак ҳаёти ва карьераси ҳақида сўз юритади.

Фото: Google Photos

40 йилдан ошиқ вақт давомида Францияда юқори лавозимларда фаолият кўрсатган Жак Ширак 1932 йил 29 ноябрда Париж шаҳрида дунёга келди. Оилада ягона фарзанд бўлган Жак дастлабки таълимни Коррезда, сўнг Парижда олди. 1951 йилда Париж сиёсий фанлар институтига ўқишга кирди. 1954 йилда Миллий бошқарув мактабига (Ecole Nationale d’Administration – ENA) ўқишга қабул қилинди. 1956–1957 йилларда ҳарбий хизмат ўтагани туфайли ўқиши тўхтаб қолган Жак 1959 йилда Миллий мактабни тамомлади. Ҳисоб палатасидаги бир неча йиллик фаолиятдан сўнг сиёсат оламига қадам қўйди.

Жорж Помпидунинг «Бульдозер»и

1962 йилдан бошлаб бош вазир Жорж Помпиду қўли остида фаолият юритишни бошлади. 1967 йилгача лойиҳа раҳбари сифатида ишлади. 1967 йил 8 май куни Жорж Помпиду тузган ҳукумат таркибига кирди. Ширакнинг меҳнатсеварлиги ва ҳаракатчанлигини пайқаган Помпиду унга «Бульдозер» лақабини қўйди.

Меҳнат масалалари бўйича давлат котиби лавозимида ишлаган Ширак 1968 йил май июнь ойларида юз берган оммавий намойиш ва иш ташлар давомида муҳим роль ўйнади. Намойишларга якун ясаган Гренель шартномаси имзоланишида ҳал қилувчи роль ўйнади. 1968 йил воқеаларидан кейин иқтисодиёт ва молия масалалари бўйича давлат котиби лавозимига тайинланди.

1969 йилги президент сайловида Жорж Помпиду сайланди. Ширак эса 1971 йил 7 январда парламент масалалари бўйича вазир этиб тайинлади. 1972 йил июль ойида қишлоқ хўжалиги вазири этиб тайинланди. 1974 йил февраль ойидан бошлаб ички ишлар вазири лавозимида ишлай бошлади.

Бир неча ойдан сўнг президент Помпиду вафот этди. 1974 йили сайловда Ширак Валери Жискар д’Эстьенни қўллаб-қувватлади. Бу д’Эстьен ғалабасини таъминлашга замин яратди. Сайловдан сўнг ёш президент уни бош вазир лавозимига тайинлади.

Аммо муносабатлари ёмонлашуви натижасида Ширак 1976 йилнинг 26 июль куни истеъфо беришга мажбур бўлди. Унинг ўрнига Раймонд Барре тайинланди. Ширак эса парламент депутати этиб сайланди. Шунингдек, Республика учун мажлис партиясини тузиб, унга раҳбарлик қила бошлади. 1977 йил 25 март куни Париж шаҳрининг тўғридан тўғри овоз бериш йўли билан сайланган илк мерига айланди. Пойтахт унинг учун кучли сайлов трампилинига айланди.

Ҳамкорликдаги ҳукумат

Пойтахтда кучли мавқега эга бўлган Ширак 1978 йилги парламент сайловида партияси билан бирга ғалаба қозонди. Ҳукумат сиёсатига мухолиф ўлароқ у мавжуд тузумни танқид қилиб келди, президент д’Эстьен билан муносабатлари янада ёмонлашди.

Узоқ иккиланишлардан сўнг 1981 йил 3 февраль куни президент сайловида қатнашиш учун номзодини илгари сурди. Биринчи даврадаги мағлубиятдан сўнг иккинчи турда д’Эстьенни қўллаб-қувватлади. Аммо охирида сўллар вакили Франсуа Миттеран ғолиб бўлди.

Фото: Google Photos

1984 йилги парламент сайловида Ширак партияси Франция демократик иттифоқи партияси билан биргаликда кўпчилик овозни тўплашга муваффақ бўлди. Шу тариқа Ширак бош вазир лавозимига тайинланди.

Бу V республика тарихидаги илк ҳамкорликдаги ҳукумат эди. Ҳукумат раҳбари ўлароқ либерал сиёсат юритган Ширак қатор соҳаларни хусусийлаштиришга эришди. Бу сиёсат муваффақиятга олиб келди: инфляция даражаси пасайди, иқтисодий ўсиш юқорилашди. Бошқа томондан, ишсизлик даражасининг пасайиши суст кечди.

1988 йилги президент сайловидаги мағлубиятдан сўнг у яна Париж шаҳри мэри этиб сайланди.

Ширак – президент

Орадан етти йил ўтиб, 1995 йилги сайловда Ширак социалистлар вакили Лионель Жоспин устидан ғалаба қозониб, Франциянинг навбатдаги президенти этиб сайланди. Унинг содиқ ёрдамчиси Ален Жуппе бош вазир этиб тайинланди.

Янги президентнинг биринчи иши ядровий синовларни тўхтатиш бўлди. НАТО билан яқинлашиб, Босния ва Герцеговинадаги урушга барҳам берган Дайтон келишуви имзоланишига эришди.

Давлат бюджети ходимларининг нафақаси ҳақидаги қарор ортидан Ален Жуппе ҳукумати обрўси тушиб кетди. 1997 йилда Ширак парламентни тарқатиб юборишга қарор қилди. Лекин бу катта йўқотиш бўлди. Лионель Жоспин бошқарадиган мухолиф сўллар парламентда кўпчилик жойни эгаллади. Жоспин бош вазир бўлди. Бу иккикнчи ҳамкорликдаги ҳукумат эди.

Беш йил давом этган бу даврда Ширак партияси ва Париж мэриясининг сиёсий-молиявий жиноятларига доир хабабрлар чиқа бошлади. Партия ичидаги бўлиниш ва обрў тушишига қарамай, Ширак 2002 йилги сайловда ҳам қатнашишга қарор қилди ва ғалаба қозонди. Бунинг сабаби, охирги турда Миллий фронт раҳбари Жан Марин Ле Пенга қарши бутун сўллар бирлашиб, Ширакни қўллаб-қувватлади. Ширак бу сайловда 82 фоиздан юқори овоз тўплашга эришди.

Арабларнинг яқин дўсти

Ташқи сиёсат борасида Жак Ширак ўзига хос ўринга эга. АҚШнинг терроризмга қарши кураши давомида Афғонистондаги амалиётларни қўллаб-қувватлаган бўлса-да, 2003 йилги Ироққа қарши экспансияга қаттиқ қаршилик кўрсатди ва унда қатнашишдан бош тортди. Шу сабабли французлар ва араблар орасида ҳурматга сазовор бўлди.

Фото: Google Photos

Ширак араблар орасида машҳурлигининг яна бир сабаби Фаластин-Исроил муносабатларида биринчи тарафда турганидир. Ливаннинг собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририй Ширакнинг яқин дўсти экани ҳам унинг араб дунёси билан муносабатлари яқинлигидан дарак беради.

Судланган илк президент

2007 йилги сайловда қатнашмасликка қарор қилган Жак Ширак бу сафар Николя Саркозини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Зотан, 2005 йилда инсултни бошидан кечирган Ширак бунга қодир ҳам эмас эди.

Сиёсатдан кетганидан сўнг, чалкаш ижтимоиж-иқтисодий натижаларга қарамай, Ширак французларнинг севимли кишисига айланди. У қолган ҳаётини номидаги фондга бағишлади. Париж мэри лавозимида ишлаган пайтдаги иқтисодий жиноятлар сабабидан 2009 йилда суд ҳукми билан икки йилга қамоқ жазосига ҳукм этилди. У Франция тарихида қамоққа олинган илк собиқ президент эди.

Айбловга қарамасдан, Ширак Франция тарихидаги 40 йиллик сиёсий карьераси билан кўзга кўринган давлат арбоби сифатида тарихга муҳрланиб қолди.

Жаҳонгир Остонов

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.