Сочини бўяган британиялик талаба қизнинг соғлиғида жиддий муаммолар кузатилган. Бу ҳақда талабанинг сўзларига асосланиб The Sun хабар берди.

Фото: The Sun

Соч бўёғи таркибидаги пара-Фенилендиамин моддаси Эссексда яшовчи 24 ёшли Шеннон Сарстонда аллергик реакция чақирган. Қиз сочини шоколад рангига бўяшни мақсад қилган, бироқ ушбу жараённи бошлашдан аввал терисининг аллергияга мойиллиги юзасидан тиббий текширув ўтказмаган. Сабаби ушбу бўёқ брендидаги бўёқлардан узоқ вақт давомида фойдаланиб юрган.

Бўёқ сочга суртилаётган вақтда Сарстоннинг боши ловуллаб ачишган ва организми ушбу бўёқ таъсирига қарши курашган. Сочлар бўялганидан кейин қизнинг бўйнида қизил доғлар пайдо бўлган, лекин у буни одатий ҳолат деб ҳисоблаб аҳамият бермаган.

Эртасига тонгда Шеннон чап кўзида улкан шиш пайдо бўлган. Шифохонага етиб келган вақтида кўзларини ҳам оча олмаган, пешонаси ишиб кетган, нафас олишга қийнала бошлаган. Шифокорлар қизда пара-Фенилендиаминга аллергия борлигини аниқлаган. Нафас олишни меъёрлаштириш учун унга инголятор берилган ва шишларни камайтириш учун дорилар рецепти ёзилган.

Аввалига даволаш кор қилиб, Сарстон уйга қайтариб юборилганди. Аммо эртасига тонгда қизнинг икки кўзи ва бўйни ишиб кетди, боши эса ёнаётгандек ачишарди. Шифокорлар тўрт кун давомида талабадаги шишларни камайтириш ва унинг бошидаги бўёқ асоратларини кетказиш билан шуғулланган.

«Улар сочимни бутунлай олиб ташлашни таклиф қилишди, лекин мен ундай қилмасликларини ўтиниб сўрадим. Нафас олишга жуда қийналардим, шифокорлар агар вақтида етиб келмаганимда ҳалок бўлишим мумкинлигини айтишди. Бошим сувга тўлиб коптокдек ишиб кетган, кўзларимни оча олмасдим. Муайян вақт давомида ҳеч нимани кўрмадим», — дейди Шеннон Сарстон.

Ушбу воқеадан кейин Сарстон уч ой давомида дори-дармонлар қабул қилиб юрган ва аллергия асоратларидан қутулган.

Фото: The Sun

Фото: The Sun

Фото: The Sun

Фото: The Sun

Фото: The Sun

Август ойида шунга ўхшаш ҳолат бошқа бир қиз — мичиганлик 19 ёшли Саммер Жексонда кузатилган, Қиз ўзи фойдаланадиган соч бўёғи қолмагани учун бошқа бир бренд маҳсулотини харид қилган. Соч илдизигача сурилган бўёқ бошни қаттиқ ачиштирган. Якунда қизнинг бош териси ва бўйни кимёвий куйишга учраб, у кал бўлиб қолганди.