Франция императори ва лашкарбошиси Наполеон Бонапартнинг бир жуфт этиги 29 ноябрь куни Париждаги аукционда 117 минг еврога (128,8 минг АҚШ доллари) сотилди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.

Фото: Drouot

Этик дастлаб 50—80 минг еврога (55—88 минг доллар) баҳоланаётганди.

Drouot аукциони хабарига кўра, Наполеон ушбу этикларни Муқаддас Елена оролига сургун қилинган вақтида кийиб юрган. Наполеонга ҳамроҳлик қилган генерал Анри Бертран кейинчалик этикни ҳайкалтарош Карло Марокеттига совға қилган. Ҳайкалтарошнинг ўғли уни сенатор Пол Ле Руга берган ва қолган вақт давомида ушбу тарихий этик сиёсатчи оиласининг мулки бўлган.

Этик 40-ўлчамда, қўнжининг узунлиги 48 сантиметрни ташкил этади. Уларда Монмартр кўчасида устахонаси бўлган Париждаги энг машҳур этикдўз Жаканинг тамғаси босилган. Наполеон Жакага сайр учун этикларни тез-тез буюртма қилиб турган. Ўша вақтда император бир жуфт этик учун 80 франк тўлаган.

Фото: Drouot

Фото: Drouot

Фото: Drouot