2 декабрь, душанба куни Самара-Чимкент йўлида 74 нафар йўловчиси бор автобус ЙТҲга учради. “Zakon.kz”нинг хабар беришича, ҳодиса оқибатида 2 киши жабрланган.

Фото: Instagram/kazautozhol

Автоҳалокат Қизилўрда вилоятининг Сижжак қишлоғи яқинида, 1 311 километр масофада содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, Неоплан автобуси ҳайдовчиси тезликни оширган ва оралиқ масофани сақламасдан олдинда кетаётган DAF юк машинасига тўқнашган.

Қайд этилишича, автобусда бўлган ўзбекстонлик ва тожикистонликлардан иборат 72 фуқаро эвакуация қилинган ва уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.

Жабрланганларнинг 2 нафари тез ёрдам машинасида Орол марказий шифохонасига олиб кетилган. Улар касалхонага оёқ синиши ташхиси билан ётқизилган.

Юз берган ЙТҲнинг батафсил тафсилотлари ўрганилмоқда.