Бундан роппа-роса 48 йил олдин – 1971 йилнинг 3 декабрь куни Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги учинчи ва энг йирик уруш бошланган эди. «Дарё» колумнисти Нурбек Алимов бу уруш тафсилотлари, унинг аҳамияти ҳақида ҳикоя қилади.

Уруш бошланишининг сабаблари

1947 йилда Британия Ҳиндистонининг бўлиниши натижасида ташкил этилган Покистон Ислом Республикаси ғарбий ва шарқий қисмдан иборат эди. Бу икки қисмни 1 600 километрдан кўпроқ масофада жойлашган Ҳиндистон ҳудуди ажратиб турар эди. Шунинг учун  Покистон ва Ҳиндистон ўртасида душманлик муносабатлари ривожлана бошлади. Стратегик жиҳатдан бундай бўлиниш Покистон учун фойдали эмас эди, чунки Ҳиндистон билан навбатдаги ҳарбий операция амалга оширилгудай бўлса, ушбу омил бўлинмалар ўртасидаги алоқани ва мамлакат шарқий қисмининг хавфсизлигини таъминлашни қийинлаштирарди. Бу икки мамлакат бир-бири билан 1947–1948 ва 1965 йилларда жанг қилган, иккала уруш ҳам Кашмир низосидан келиб чиққан эди. Бироқ яна бир можаро – учинчи Ҳиндистон–Покистон уруши Шарқий Покистондаги инқироз ва унинг мустақилликка интилиши билан боғлиқ бўлди.

Фото: Google Photos

Ғарбий ва Шарқий Покистон маданий жиҳатдан бир-биридан кескин фарқ қилар эди. Покистон сиёсий элитасининг аксарият вакиллари етишиб чиққан пойтахт Карачи мамлакатнинг ғарбий қисмида жойлашган. Ғарбий Покистон ҳар доим ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан Шарқий Покистондан устун бўлган, аҳоли сони бўйича ундан орқада бўлса ҳам (1972 йилдаги сўров натижаларига кўра, Покистон аҳолиси – 64,9 миллион; 1974 йилда Шарқий Покистон (Бангладеш) аҳолиси – 71,3 миллион).

Шарқий ҳудудларни ривожлантириш учун кам маблағ сарфланар эди. Тил муаммоси ҳам мавжуд эди: 1952 йилда Даккада урдуни мамлакатнинг ягона расмий тили деб тан олиш тўғрисидаги фармон бекор қилинишини талаб қилган намойишлар бўлиб ўтди (шарқдаги аҳолининг кўп қисми бенгал тилида сўзлашар эди, урду эса ғарбдаги нисбатан оз сонли этник гуруҳнинг она тили эди). Аста-секин мамлакатнинг шарқий қисмида яшовчилар ўзини иккинчи даражали фуқаролар каби ҳис қила бошлади.

Фото: Google Photos

1970 йилда Шарқий Покистонга сўнгги пайтлардаги энг вайронкор табиий офатлардан бири бўлган Бҳола деб номланган тропик циклон бостириб келди. Ярим миллионгача покистонликлар унинг қурбони бўлди. Шарқий минтақа ҳокимияти мамлакатнинг марказий раҳбариятини кўрсатилаётган ёрдам самарасизлигида айблади; президент Яҳё Хон истеъфосини талаб қилган йирик намойишлар бўлиб ўтди.

1970 йил декабрь ойида мамлакатда парламент сайлови бўлиб ўтди. Унда шайх Мужибур Раҳмон бошчилигидаги мамлакатнинг шарқига мухторият бериш дастури билан чиққан «Авами лиг» (Озодлик лигаси) партияси кўпчилик овозларни қўлга киритди. Мамлакат конституциясига биноан у ҳукумат тузиш ҳуқуқига эга эди. Аммо Покистон ғарбидаги ғолиб партия раҳбари Зулфиқор Али Бҳутто Раҳмон бош вазир лавозимига тайинланишига қарши чиқди.

Яҳё Хон иштирокида ўтган музокаралар муваффақиятсиз тугади. 1971 йил 7 мартда Раҳмон партияси билан Шарқий Покистон мустақиллиги учун курашаётгани ҳақида нутқ сўзлади. Бунга жавобан 25 март куни асосан ғарбдан келган муҳожирлардан иборат Покистон армияси мамлакатнинг шарқий қисмидаги шаҳарларни назорат қилиш учун «Прожектор» операциясини бошлади. «Авами лиг» тақиқланди, Мужибур Раҳмон ҳибсга олинди. 27 март куни мамлакат қуролли кучлари майори Заур Раҳмон радио орқали Мужибур томонидан Бангладеш давлати ташкил этилишини эълон қилган мустақиллик декларациясининг матнини ўқиди. Мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетди.

Ҳарбий ҳаракатлар

1971 йил 3 декабрь куни тушдан кейин Покистон ҳаво кучлари тўсатдан Ҳиндистон авиабазаларини бомбардимон қилди. «Чингизхон» деб номланган операция 1967 йилдаги «Олти кунлик уруш»нинг биринчи кунида араб ҳаво кучларини деярли ишдан чиқарган Исроилнинг муваффақиятли ҳаво ҳужуми таъсири остида режалаштирилган эди. Бироқ Покистон Исроилнинг муваффақиятини такрорлай олмади: рейдлар натижасида етказилган зарар жуда кам эди.

Фото: Google Photos

Ярим тундан кейин Индира Ганди радио орқали халққа мурожат этиб, уруш бошланганини эълон қилди. Деярли бир вақтда Ҳиндистон авиацияси Покистондаги ҳаво базаларига қарши жавоб зарбаларини беришни бошлади. 4 декабрь куни Ҳиндистонда фавқулодда ҳолат эълон қилинди, сафарбарлик бошланди.

Бангладешдаги Покистон ҳарбий кучлари умидсиз ҳолатда эди. Бу ерда жойлаштирилган учта бўлинма партизанларга қарши ҳарбий операциялар ўтказиш учун тарқатиб юборилди. Ҳаво қўшинларидан деярли ёрдам йўқ эди. Улар учта ҳинд корпусини тўхтата олмади.

Бу вазиятдан хабардор бўлган Покистон қўмондонлиги Ҳиндистонга қарши икки фронтда уруш олиб боришга ҳаракат қилди ва ғарбдан ҳужумга ўтди. Аммо ғарбий фронтда устунлик ҳинд армияси томонида эди. 5–6 декабрь кунлари бўлиб ўтган Лонгевал жангида Панжоб полкининг 23-батальонидаги биттагина рота Покистоннинг кучайтирилган 51-пиёда бригадаси олдинга силжишига йўл қўймади. Жангда Лонгевал атрофида кўплаб душман ҳарбий техникасини йўқ қилган Ҳинд қирувчи-бомбардимон самолётлари муҳим рол ўйнади. Умуман олганда, Ҳиндистон армияси нафақат Покистон ҳужумларини қайтарди, балки урушнинг дастлабки босқичида баъзи чегара ҳудудларини эгаллаб олиб, ҳужумга ҳам ўтди.

Аввалига Покистон армияси минимал қаршиликка дуч келди. Баҳор охирида у Бангладешнинг барча шаҳарларини эгаллаб олди ва сиёсий мухолифатни йўқ қилди. Қишлоқ жойларда партизанлик ҳаракати авж олди. УУнинг иштирокчилари «мукти-баҳини» номи остида танилган эди. Армия қочоқлари ва маҳаллий аҳоли ҳисобига уларнинг сафлари тез тўлиб борди.

Фото: Google Photos

Армия бангладешликларга қарши шафқатсиз қатағон бошлади; ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, 1971 йил охирига келиб 200 мингдан 3 миллионгача одам ҳалок бўлди. Камида 8 миллион қочқин Ҳиндистонга кетди.

Ҳиндистон бош вазири Индира Ганди Бангладешда мустақиллик эълон қилингандан сўнг дарҳол янги давлатни қўллаб-қувватлади. Ҳиндистон ўзининг азалий душмани бўлган Покистонни заифлаштиришдан манфаатдор эди. Қочқинлар сони тобора кўпайиб борар экан, Ҳиндистон раҳбарияти Бангладешда зўравонлик тўхташидан амалий манфаатдор эди, чунки бундай миқдордаги одамни сақлаш мамлакат бюджети учун жуда қимматга тушар, ижтимоий муаммолар кучайиб кетар эди.

Халқаро эътиборни қочқинлар муаммоси ва Покистон армиясининг шафқатсиз ҳаракатларига жалб қилиш учун кампания бошланди. Бундан ташқари, Ҳиндистон «мукти-баҳини»га ҳарбий ёрдам кўрсатишни бошлади; бу уларнинг жанговар омилкорлигига таъсир қилди. 1971 йил ёзида партизанлар ҳаракатини кучайтирди. Улар мамлакатни 11 та ҳарбий зонага ажратди. Уларнинг ҳар биридаги «мукти-баҳини» кучларини Покистон армиясининг собиқ зобитлари бошқарарди. Партизанларнинг кичик ҳаво кучлари ва дарё флоти ҳам бор эди.

Ҳукумат армияси чакалакзор ва дарёлар билан қопланган ҳудудда партизанларга қарши уруш олиб боришга тайёр эмас эди. Ҳиндистондаги базавий лагерларда жойлашган «мукти-баҳини» аъзолари Бангладешда муваффақиятли операциялар амалга оширар ва чегара оқали чекинар эди.

Покистон раҳбарияти партизанлар ҳаракатини улар Ҳиндистондан ёрдам олишни тўхтатмагунча бостириб бўлмайди, деган мантиқий хулосага келди. Бу орада Ҳиндистон қўшинлари чегарага яқинлашиб, икки мамлакат ўртасидаги зиддиятлар кучайиб бораётган эди. 21 ноябрь куни Ҳиндистон ва Покистоннинг мунтазам қўшинлари иштирокида қуруқликда ва ҳавода жиддий тўқнашувлар содир бўлди.

Фото: Google Photos

Шарқий фронтда Ҳинд кучлари «мукти-баҳини» бўлинмалари билан биргаликда тезда душманнинг асосий мудофаа қисмларини ёриб ўтди. Бу ердаги ҳал қилувчи омил қийин ҳудудда юқори ҳаракатчанлик эди. Бунда СССР томонидан ишлаб чиқарилган ПТ-76 амфибия танклари ва Ми-4 транспорт вертолётлари яхши хизмат қилди. Урушнинг иккинчи ҳафтаси охирида Даккага ҳинд армияси етиб келди. Энди қаршилик кўрсатишнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқлигини тушуниб, 16 декабрь куни Бангладешдаги Покистон кучлари қўмондони генерал Ниёзий гуруҳи таслим бўлиши тўғрисидаги актга имзо чекди. 17 декабрь куни Ҳиндистон сулҳ эълон қилди. Шу билан уруш тугади.

Натижа

Ҳиндистоннинг ҳарбий аралашуви натижасида Бангладеш мустақилликка эришди. 16 декабрь Бангладешда Ғалаба куни сифатида нишонланади.

Ҳарбий ҳаракатлар тугаши билан Покистон президенти Яҳё Хон истеъфога чиқди; унинг ўрнини Зулфиқор Бҳутто эгаллади. У уч йилдан сўнг собиқ Шарқий Покистон халқидан уларга қарши қилинган жиноятлар учун расмий равишда узр сўради.

Бҳуттонинг ютуқларидан бири шундаки, у Бангладешнинг янги ҳукумати суд қилишни талаб қилган барча покистонлик ҳарбий асирларни судсиз озод қилинишига эришди. Уч мамлакат ўртасидаги муносабатлар 1972 йилда Симла шартномаси имзолангандан кейин яхшиланди.

1971 йил 3 декабрда бошланган ушбу уруш Ҳиндистон–Покистон можаролари ичидаги энг катта уруш эди.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.