Малайзиядаги банк ходимаси Хиза Эзани 10 ринггит қийматдаги ноодатий купюрага дуч келди, деб ёзмоқда Meduza.

Фото: Facebook / Hyza Ezany

Қайд этилишича, банкнотага ёзилган гаплар унинг эътиборини тортган. Унда «Бу 2010 йил 21 май куни эрталаб 7:10 да отам берган сўнгги пул. Мен сизни яхши кўраман, дада», деб ёзилган бўлган.

Эзани қандай бўлса ҳам эсдалик пулни ҳақиқий эгасига қайтиришга қарор қилган. Банк ходимаси купюра суратини ижтимоий тармоққа жойлаб, маълумот эгасига тезроқ етиши учун уни тарқатишни сўраган.

Унинг жойлаган пости фойдаланувчилар томонидан 24 мингдан ортиқ улашилган. Орадан бир ҳафта ўтгач, купюранинг эгаси ҳам топилиб, у Энн Малар Есудас исмли аёл эканлиги аниқланган. Маълум бўлишича, 2010 йилда у 17 ёшлигида отаси 21 май куни эрталаб уни мактабга кузатган ва кундалик харажатлари учун 10 Малайзия риггити берган. Бу Есудаснинг отасини сўнгги бор кўриши эди. Шу куни у бахтсиз ҳодисага учраб, вафот этган.

Шундан буён 2018 йилнинг сентябрида ўғрилар тунаб кетгунигача Есудас эсдалик купюрани ҳамёнида сақлаган. Унинг айтишича, ўғирланган ҳамёнига сира ачинмаган, фақат унга аҳамиятли бўлган эсдалик купюра учун куюнган.

Есудас ўша 10 ринггит купюранинг эгаси қидирилаётгани ёзилган Эзанининг постини кўриб хурсанд бўлиб кетган. У банк ходимаси билан боғланиб, купюрасини олиб кетган ва Facebook’да миннатдорчилик постини ёзиб қолдирган.