Янги тадқиқотга кўра, атмосферадан карбонат ангидрид газини йиғиш ва уни ёқилғига ёки, қурилиш материалларига айлантириш соҳаси янги бизнес йўналишга айланиши мумкин. Бу ҳақда «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов ҳикоя қилади.

Лос-Анжелесдаги Калифорния технологик университети, Оксфорд университети ва яна бешта етакчи илмий тадқиқот муассасалари томонидан ўтказилган изланиши натижаларига кўра, ҳаводан карбонат ангидридни йиғиш ва уни қайта ишлаш орқали, ёқилғи ёки қурилиш материалларга айлантириш соҳаси тижорат нуқтаи назаридан янги йирик бизнес йўналишига айланиши мумкинлиги қайд этилган.

Фото: Google Photos

Агар бу иш амалга ошса, у орқали албатта иссиқхона газлари миқдорини камайтириш ва атроф-муҳит муҳофазаси борасида катта ишлар қилиш имконини беради. Бу ҳақдаги мақола муаллифлар гуруҳи томонидан Nature журналида эълон қилинган.

Мақолада таъкидланишича, олимлар атмосферадан углерод диоксидини тутиш ва ундан ёқилғи, пластмасса, қурилиш ашёлари, тупроқшунослик маҳсулотлари, ўрмон хўжалиги учун кимёвий моддалар сингариларни ишлаб чиқариш сингари имкониятларини чамалайдиган 10 хил қайта ишлаш усулини таҳлил қилиб чиққан. Албатта, ҳар бир усул учун иқтисодий самарадорлик ва техник имкониятлар ўрганиб чиқилган. Тадқиқотларда ёнилғи ёниши туфайли ҳосил бўладиган ва атмосферага ташланаётган карбонат ангидрид газини тутиб қолиш ва атмосферанинг ўзидан ҳам, мавжуд углерод диоксидни йиғиш технологиялари кўриб ўтилган. Асосий урғу углерод диоксидини биотехнологиялар воситасида, хусусан, фотосинтез сингари жараёнлар орқали «тутиш» имкониятларини текширишга қаратилган.

Тадқиқот хулосалари ҳам қизиқ. Унга кўра, таҳлил қилиб чиқилган 10 хил усулнинг ҳар бири йилига ўртача 0,5 гигатонна карбонат ангидрид газини тутиб қолиш ва фойдали маҳсулотга айлантириш имконини берар экан. Яъни бу технологиялар шунча углерод диоксидни атмосферага ташланишининг олдини олади.

Мақоланинг иқтисодий таҳлиллар берилган қисмида эса углерод диоксидининг ҳар бир тоннаси ўртача 100 АҚШ долларидан камроққа тушиши ҳисобланган. Энг катта потенсиалга эга қайта ишлаш соҳасида йиллик карбонат ангидрид гази истеъмоли 10 гигатоннагача бориб етиши тахмин қилинган.

«Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, карбонат ангидрид газини фойдали маҳсулотларга қайта ишлаш соҳаси нафақат глобал иқлим муаммоларига қарши курашда ёрдам сифатида қаралиши мумкин; балки бозор иқтисодиётининг кўплаб соҳалари учун даромадли бизнесга ҳам айланиши мумкин экан», – дея изоҳ бериб ўтган мақола муаллифларидан бири, кимё ва биомолекуляр муҳандислик профессори Эмили Картер. У яна «вақтингиз кам, тезкор ишга киришиш керак», дея қўшимча қилган.

Иқлим ўзгаришлари бўйича халқаро экспертлар гуруҳи маълумотларига кўра, XXI аср охиригача бўлган кейинги йилларда глобал иқлим исишини 1,5 даражадан оширмаслик мақсади учун атмосферадан йилига минг гигатоннагача карбонат ангидрид газини йиғиб олиш зарур бўлар экан. Ҳозирда жаҳон бўйлаб атмосферага карбонат ангидрид гази ташланиши миқдори йилига ўртача 1 фоиздан ортиб бормоқда ва ўтган 2018 йилда рекорд кўрсаткич – жами 37 гигатоннани ташкил қилгани айтилмоқда.

Мақола ҳаммуалифларидан бири Оксфорд тадбиркорлик мактаби директори Кемерон Хепберн эса «башарти биз углерод оксидларини атмосферага ташлаш миқдорини камайтира олмаётган эканмиз, иқлим муаммоларини бартараф этиш йўлида, энди, атмосферадаги углерод оксидларини йиғиш қайта ишлашни йўлга қўйишимиз керак. Ҳукумат ва корпорациялар албатта бу борада иш бошлашган, лекин, эътибор ҳануз етарлича эмас», – деб қўшимча киритган.