Бундан 42 йил олдин – 1977 йилнинг 4 декабрь куни Марказий Африка императори Жан Бедель Бокасса тахтга ўтирган эди. «Дарё» колумнисти Нурбек Алимов бу ғаройиб ва қўрқинчли шахс босиб ўтган йўл ҳақида ҳикоя қилади.

Болалик

Жан Бедель Бокасса 1921 йил 22 февралда француз мустамлакаси пойтахти Банги шаҳридан 80 километр жануби-ғарбда жойлашган Лобаэ префектурасида, Бобанги деб номланган катта қишлоқда туғилган. У мбака қабиласи яшайдиган қишлоқ оқсоқоли оиласидаги 12 фарзанддан бири эди (Марказий Африканинг мустамлакачилик давридаги кўп амалдорлари мбака қабиласидан чиққан). Унинг исми католик авлиёси Жан Батист де ла Саллнинг қисқартирилган номидан олинган; Бокасса – мбака тилида «кичик ўрмон» деган маънони англатадиган исм, кейинчалик фамилия сифатида ишлатилган.

Фото: Google Photos

Олти ёшида у етим қолган. Француз мустамлакачиларининг имтиёз сиёсатига қарши чиққан отаси отиб ўлдирилган, онаси эса тез орада ўз жонига қасд қилган.

Сержантдан полковниккача

Бокасса уни руҳоний бўлишга тайёрлаган қариндошлари томонидан тарбияланди. Бироқ 1939 йилнинг май ойида Бокасса француз армиясининг мустамлака қўшинлари сафига ҳарбий хизматга киради. 1941 йил ноябрда у «Франция жангчилари» қўшинларида катта сержант унвонини олди. Браззавилни қўлга олишда қатнашди. 1944 йилда Франция жанубига Гитлерга қарши коалиция қўшинлари туширилишида, кейин эса Рейндаги жангларда қатнашди. Бокасса Иккинчи жаҳон уруши тугашини Нормандияда катта сержант унвонида кутиб олди.

1949 йилда у Сент-Луидаги (Сенегал) офицерлик мактабини тугатди, 1950 йил сентябрдан 1953 йил мартгача Ҳинди-Хитой урушида қатнашди. Ҳарбий хизматлари учун «Шон-шараф легион» ва «Лотарингия хочи» орденлари билан мукофотланди. Ҳарбий хизматини Браззавилда давом эттирди ва 1961 йилда Франция армияси капитани унвонини олади.

1962 йил январда француз армиясидан чиқиб, Марказий Африка қуролли кучларга қўшилди ва майор унвонини олди. Марказий Африка Республикаси президенти, амакиваччаси Давид Дако кейинги йили Бокассани қуролли кучлар штаб бошлиғи этиб тайинлади. 1964 йилда унга полковник унвонини берди.

Президент

1965 йил 31 декабри – 1966 йил 1 январида Бокасса давлат тўнтаришини амалга оширди. Бу тарихда «Янги йил тўнтариши» ёки «Авлиё Силвестр кунидаги тўнтариш» номлари билан қолди. Бокасса Давид Дакони ағдарди ва қамоққа ташлади. Бу фитнани аслида жандармерия бошлиғи ташкил қилди, аммо Бокасса уни зарарсизлантирди ва фитнани ўз фойдасига бурди.

Фото: Google Photos

Бош штаб бошлиғи ўзини президент ва ягона сиёсий партия – «Қора Африканинг ижтимоий эволюция сари ҳаракати» (фр. Mouvement pour l'évolution sociale de l’Afrique Noire, ёки MESAN) раҳбари деб эълон қилди. Партияга мамлакатнинг барча катта ёшдаги аҳолиси аъзо эди. 4 январь куни президент Бокасса МАР конституциясини бекор қилди ва диктаторлик бошқарувини бошлади. 1972 йил 2 мартда Бокасса ўзини умрбод президент деб эълон қилди.

1969 ва 1974 йилларда Бокассани давлат тўнтариши билан ҳокимиятдан четлатишга уринишлар муваффақиятсиз бўлди; 1976 йилда унинг ҳаётига суиқасд уюштирилди. Аммо бу воқеалар унинг ҳокимиятини мустаҳкамлашга асос яратди холос.

У пан-африка ҳаракатида қатнашди. Хусусан, 1968 йилда таркибига МАР, Конго Демократик Республикаси ва Чад кирган Марказий Африка давлатлари иттифоқига асос солди.

Бокасса қишлоқ хўжалигини ва аграр ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш тарафдори эди.

Ташқи сиёсат йўналишида совет блоки, Ғарб ва қўшилмаслик ҳаракатлари ўртасида иккиланиб турди.

Одамхўрлик

Кўпчилик Бокассани руҳий носоғлом деб ҳисоблаган ва Уганданинг экстцентрик диктатори Иди Амин билан солиштирган.

1970 йил июнь ойида Бокасса СССРга расмий ташриф билан келди. Кремлнинг собиқ бош шифокори Э.А. Чазов Бокасса Москвада даволанаётганида рус ошхонасига ошиқ бўлганини ва уйга совет ошпазини олиб кетишни сўраганини эслайди. Кейинроқ ўша ошпаз президент ошхонасида музлатгичдан одам гўштини топиб, даҳшат билан элчихонага қочиб кетгани ҳақидаги гаплар ҳам бор. Баъзи маълумотларга кўра, Бокасса мухолифат етакчиларини еган. Бир марта ҳатто яширин равишда вазирлар маҳкамасини унинг аъзоларидан бири билан озиқлантирган.

1971 йилда Оналар кунини нишонлаш доирасида Бокасса барча маҳбус аёлларни озод қилди ва аёл шаънига қарши жиноятларда айбланган эркакларни қатл қилишни буюрди.

Фото: Wikipedia

1976 йил 4 сентябрда Ливия инқилоби етакчиси Муаммар Каддафийнинг республикага расмий ташрифи пайтида Бокасса ва бир қатор ҳукумат аъзолари тегишли мусулмонча исмларни олиш билан исломни қабул қилди. Бокасса насронийча исми Жан Беделни Салоҳиддин Аҳмад деб ўзгартирди.

Худди шу ойда Бокасса ҳукуматни тарқатиб юборди ва унинг ўрнига Марказий Африка инқилобий кенгашини ташкил қилди.

Император

1976 йил 4 декабрда MESAN партиясининг фавқулодда қурултойида Марказий Африка Республикасининг номи Марказий Африка Империяси деб ўзгартирилиши эълон қилинди. Конгресс император конституциясини қабул қилди. Унга биноан, император ижро этувчи ҳокимият бошлиғи эди. Император тожи мерос деб эълон қилиниб, наслдан наслга ўтувчи қилиб белгиланди. Худди шу ойда Бокасса католик динига қайтди.

Унинг тўлиқ унвони «Марказий Африка халқларининг иродаси билан MESAN миллий сиёсий партиясига бирлашган Марказий Африка императори» эди. Икки йил олдин Эфиопия императори Хайле Селассие I ағдарилганидан бери Бокасса дунёда ҳукмронлик қилаётган учта императордан бирига айланди – қолган иккитаси Эрон шаҳаншоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий ва япон монархи Хирохито эди.

1977 йил 4 декабрда янги ташкил топган Бокассалар сулоласининг биринчи вакили бўлган император Бокасса I нинг тож кийдириш маросими бўлиб ўтди. Европанинг энг яхши заргарлик фирмалари икки мингта олмос билан безатилган тож ясади. Унинг қиймати 5 миллион долларни ташкил этди. Маросимга мамлакатнинг йиллик экспорт даромадининг чорак қисми сарфланди. Бундан ташқари, оғирлиги 2 тонна, леопард териси билан қопланган, бургут шаклидаги олтин тахт ясатилди. Энг яхши хорижий брендларнинг 100 дан ортиқ машинаси ва 130 та оқ от сотиб олинди. У маросимда кийган пойабзал Гиннеснинг рекордлар китобига дунёдаги энг қиммат оёқ кийим сифатида киритилган. Маросим янги император ўзининг кумири деб ҳисоблаган Наполеон Бонапартнинг тож кийиш маросимидан нусха кўчирилган ҳолда ташкиллаштирилган эди. Коронацияга дунё ва Африка давлатлари раҳбарлари, шунингдек, Папа Павел VI таклиф қилинганди. Шубҳасиз, унга Рим Папаси Пий VII нинг роли тайёрланаётганди – бир вақтлар Наполеон унинг қўлидан тожни тортиб олган ва ўзи кийганди. Аммо, ваъда қилинган қимматбаҳо совғаларга қарамай, на Папа, на бошқа давлат раҳбарлари Бангига келмади. Франциядан эса ҳамкорлик вазири, ҳарбий-денгиз оркестри ва хавфсизлик баталёни қатнашди.

Коронация ва император саройининг ғаройиб ҳашамати билан мамлакат халқининг жуда паст турмуш даражаси қарама-қарши эди. 1977 йилда 43,4 минг аҳолига битта врач тўғри келар ва бутун империя учун атиги битта тиш шифокори бор эди.

Фото: Google Photos

Империя конституциявий ҳисобланганига қарамай, Бокасса диктатурасида ҳеч қандай юмшаш йўқ эди. Мухолифатни ҳибсга олиш, қийноққа солишда императорнинг шахсан ўзи қатнашарди. Бокасса режими 1974–1981 йилларда Франция президенти Валери Жискар д’Эстеннинг қўллаб-қувватлашидан баҳраманд бўлди, унга Бокасса фойдали қазилма конлари, хусусан, Франция ядро дастури учун зарур бўлган уран қазиб олишда керакли шарт-шароитларни яратиб берди. 1975 йилда Жискар д’Эстен Бокассани ўзининг дўсти ва ҳатто оила аъзоси деб эълон қилди. У Марказий Африкага бир неча бор ов қилиш учун борди.

Тўнтариш

1979 йилда шафқатсиз бостирилган мухолифат намойишларидан сўнг (хусусан, ҳукумат томонидан ўрнатилган қимматбаҳо мактаб формасига қарши мактаб ўқувчиларининг норозилик намойишлари; уларнинг 100 нафари ўлдирилди) Франция Бокасса режимини қўллаб-қувватлай олмай қолди. Шу билан бирга, монархнинг каннибализми (одамхўрлик) ҳақидаги миш-мишлар кенг тарқала бошлади. Бундан ташқари, Марказий Африка Ливия билан яқинлашиш сиёсатини режалаштираётганди.

Ливияга расмий ташриф билан кетган императорнинг мамлакатда йўқлигида француз парашютчилари иштирокида 1979 йил 20 сентябрда Бангида қонсиз тўнтариш бўлиб ўтди («Барракуда» операцияси). Давид Дако қайта тикланган республиканинг президенти бўлди. Француз дипломати Жак Фоккар бу операцияни «Франциянинг сўнгги мустамлака экспедицияси» деб атади.

Бир неча ҳафта ўтгач, француз сатирик ҳафталиги «Канар аншне»да Бокасса Жискарнинг садоқатни сотиб олган совғалар (масалан, бриллиантлар) оммага эълон қилинди. Иқтисодий инқироз шароитида буларнинг барчаси президентнинг машҳурлигига ҳисса қўшмади албатта. Натижада 1981 йилда у сайловда Франсуа Миттеранга ютқазди. Кейинчалик аниқ бўлдики, 1973 йилда Бокасса Генри Киссинжерга ҳам олмос берган экан.

Фото: Google Photos

Бокасса сургунга америкалик бизнесмен Альберт Жоли тож учун ясаган ноёб олмони ҳам олиб кетган эди. Аммо маълум бўлишича, Жоли 500 минг доллардан ортиққа сотган тош аслида 500 доллардан ошмайдиган паст навли сохта тош экан. Жоли сири очилишининг олдини олиб, Бокассага олмосни ҳеч қачон сотмасликни тавсия қилганди.

Сургун ва ҳукм

Бокасса Ливиядан Фил Суяги қирғоқларига йўл олди, кейин Францияда, Париж яқинидаги қасрда яшади.

Бу вақт эса унинг ватанида Бокасса устидан сиртдан суд жараёни бўлиб ўтди. Суд уни 1980 йил 25 декабрда 13 та жиноятда (қотиллик, одамхўрлик, давлат маблағини ўзлаштириш, давлат мулкидан шахсий мақсадда ноқонуний фойдаланиш, жинсий зўрлаш ва ҳоказо) айбдор деб топиб, ўлим ва мол-мулкни мусодара қилиш ҳукмини чиқарди.

Дайди ўғилнинг қайтиши

1986 йилда Бокасса ҳаётидаги энг ғалати ишни амалга оширди: у халқ яна уни тахтга кўтаришига умид қилиб, ихтиёрий равишда МАРга қайтди. Бироқ у дарҳол ҳибсга олинди; янги суд жараёни бошланди. Бокассага хоинлик, қотиллик, одамхўрлик ва давлат мулкини ўғирлаш айбловлари қўйилди.

Бокасса ўзини судда фаол ҳимоя қилди ва судьяларни жабрланувчиларнинг жасадини еганига эмас, рамзий мақсадлар учун («душманнинг жигари омад келтиради») музлатгичда сақлаганига ишонтиришга муваффақ бўлди.

У одамхўрликда айбдор деб топилмаган бўлса ҳам, қолган айбловлар уни 1987 йил 12 июнда яна ўлимга ҳукм қилиш учун етарли эди. Кейинги йили у авф этилди ва ҳукм умрбод қамоқ жазосига, сўнгра 20 йиллик қамоқ жазосига алмаштирилди. 1993 йилда демократик тизим тикланганидан кейин мамлакатда умумий амнистия эълон қилинди ва Бокасса озодликка чиқди.

Интиҳо

Уч йилдан сўнг – 1996 йил 3 ноябрда у инфарктдан вафот этди.

Лекин энг қизиғи унинг ўлимидан сўнг рўй берди. 2010 йил 1 декабрда МАР президенти Франсуа Бозизе Жан Бедель Бокассани тўлиқ реабилитация қилиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди. Унга биноан, истеъфога чиқарилган император барча ҳуқуқларда тикланди. Бозизе Бокассани «буюк гуманист» ва «буюк қурувчи сифатида тан олинган миллат ўғли» деб атади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.