Ҳаётнинг кўп жабҳаларида бўлгани каби, совет иттифоқи ЭҲМ яратиш ва амалиётда қўллаш борасида ҳам жаҳондан анча орқада қолган эди. «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов бу ҳақда батафсил ҳикоя қилади.

Ҳозирги маъносига энг яқин бўлган ЭҲМнинг илк намунасини аслида 1884 йилда Герман Голлерит яратган бўлиб, у АҚШда аҳолини рўйхатга олиш жараёнини автоматлаштириш учун қўлланилган электромеханик ҳисоблаш машинаси бўлган. 1911 йилда Голлеритга тегишли TMC компанияси бошқа шу соҳага яқин компаниялар билан бирлашди ва биз яхши танийдиган IBM корпорациясига асос солинди. Кейинчалик Германияда 1938 йилда Z1, 1944 йилда эса АҚШда Mark-1 компьютерлари яратилган. Совет Иттифоқида эса бу борада амалий ишлар анча кеч бошланган. Советларнинг илк ЭҲМ намунасига патент 1948 йилнинг 4 декабрида берилган. Шунда ҳам патент ҳали ишчи намунаси бўлмаган машина учун берилган эди.

Брук, Рамеев ва улар олган патент.

Фото: Wikipedia

СССРдаги биринчи компьютер патентига Исаак Брук ва Башир Рамеев эгалик қилган. Улар орадан икки йил ўтгачгина, ҳақиқий, ишлайдиган ЭҲМни йиға олган. 1950 йилда йиғилган ва оддийгина М-1 деб номланган Брук-Рамеев компьютерида бирорта бошқарув органи бўлмаган (ҳаттоки монитори ҳам). Бу компьютер билан ишлашда махсус перфокартадан фойдаланилган. Қоғозга муайян тартибда ишланган тешиклар орқали компьютер «дастурланган».

Аслида СССРда компьютерни яратиш борасида Брук ва Рамеевдан илғорроқ бошқа мутахассис – академик Сергей Лебедев ҳам бор эди. Бироқ Лебедев ўз машинасига шунчаки патент олишдан кўра уни амалий ишлайдиган қилишни афзал билган. Шу сабабли иттифоқ парчалангунига қадар мамлакатда информатика куни сифатида Брук ва Рамеев патент олган кун нишонланган.

Лебедевнинг «Кичик электрон ҳисоб машинаси» (МЭСМ) деб номланган компьютери ҳам илк бор 1948 йилда синовдан ўтказилган эди. У сониясига 50 та амал бажара олган. 1951 йилда Лебедев «Катта электрон ҳисоблаш машинаси»ни (БЭСМ) ҳам тайёрлаб намойиш қилган. Бироқ у ҳам ўзига замондош бўлган Ғарб ишланмалари, хусусан, америкаликларнинг ENIAC компьютеридан анча кучсиз бўлган.

Лебедев ҳамкасблари билан.

Фото: Wikipedia

Патент берилган йилнинг ўзида Сталин буйруғи билан «Аниқ механика ва ЭҲМ институти» тузилган. Ташкилот иттифоқда ЭҲМ ва у билан боғлиқ фанларни ривожлантиришга хизмат қилиши керак эди.

Айнан шу йили АҚШда Норберт Виннер томонидан «Кибернетика» китоби ҳам нашрдан чиққан (Виннер кибернетика фани асосчиси ҳисобланади). Китобнинг бир неча нусхаси иттифоққа етиб келган бўлса-да, у таржима қилинмаган ва фақат махфий архивларда сақланган. Виннер китобининг бир нусхаси 1952 йилда мудофаа вазирлигида хизмат ўтаётган Анатолий Китов исмли ёш олим қўлига тушиб қолган. СССРда компьютер техникаси ва компьютер тармоқларини жорий қилишнинг аҳамиятини айнан Китов илмий таҳлил қила бошлаган ва амалий ҳаракатга тушган. У компьютер тармоқларини яратиш орқали халқ хўжалиги, иқтисодиёт, мудофаа, таълим ва бошқа соҳаларда катта муваффақиятга эришиш мумкинлигини фаҳмлаб етган. Китов компьютер тармоқларининг афзаллигини мамлакат раҳбариятига тушунтириш мақсадида ҳаво ҳужумига қараши мудофаа, соҳил қўриқлаш хизмати ва артиллерия комплексларини қамраб олувчи автоматик компьютерлашган тизимларни барпо қилиш мисолини кўрсатиб, китоблар ёзган ва ҳукуматдагиларга мактублар йўллаган (у масаланинг ҳарбий аҳамияти очиб берилса, ҳукумат тезроқ реакция билдиради ва хайрихоҳ бўлади деб ўйлаган). У СССРда ва ЭҲМ тармоқларини ривожлантиришга зўр бериб ҳаракат қила бошлаган. 1959 йилда Китов бутун СССРни қамраб олувчи ички компьютер тармоғи – «Ягона давлат электрон ҳисоблаш машиналари марказлари тармоғи» лойиҳасини ишлаб чиққан ва шахсан Хрушчёвга тақдим этган. Бироқ Китов ҳар қанча уринмасин, унинг ғояларини қўллаб-қувватлайдиган бирор одам топилмаган. Аксинча, ҳукуматдагилар ҳам, яқинидагилар ҳам бу фикрларга лоқайд муносабатда бўлганидан Китов қаттиқ хуноб бўлган. У компьютерлаштиришнинг аҳамиятини ҳеч ким фаҳмламаётганидан қаттиқ жиғибийрон бўлган. Бир неча ой ўтиб, Китов Хрушчёвга иккинчи бор хат йўллаб, яна бир бора мамлакатда компьютерлаштиришнинг аҳамиятини баён қилган ва бу борада жаҳонда ортда қолмаслик кераклигини таъкидлаган.

Шундан кейин СССРга хос бўлган тарзда Китовга нисбатан ғалати муносабат бошланган: у партиядан ҳайдалган, ўзи ташкил қилган мудофаа вазирлиги ЭҲМ-маркази раҳбарлигидан ҳам бўшатилган. Кейинчалик унинг ғояларини қайта жонлантиришга бир неча одам уриниб кўрган бўлса-да, СССРда барибир на компьютер техникаси, на ягона давлат тармоғи ривожланмай қолаверди. Яратилган намуналар деярли битта хонани эгалловчи, энергия истеъмоли жиҳатдан ҳам жуда серхаражат машиналар бўлиб чиққан. Улоқни эса Ғарбда IBM, Apple сингарилар илиб кетганини бугун барчамиз яхши биламиз.