Бундан 78 йил олдин – 1941 йилнинг 7 декабрь куни эрталаб вице-адмирал Тюити Нагумо бошчилигидаги япон денгиз авиацияси Гавайи ороллари яқинида жойлашган АҚШ денгиз ва ҳаво базаси – Перл-Харборга даҳшатли ҳужум уюштирди. Бу икки давлат ўртасидаги урушни бошлаб берди. Шу билан бирга, ҳужум япон милитаризми тугашининг бошланиши бўлди. «Дарё» колумнисти Нурбек Алимов бу ҳақда ҳикоя қилади.

Сабаб

Перл-Харборга қилинган ҳужум Японияга АҚШнинг Тинч океанидаги флотини зарарсизлантириш, нефть ва каучук каби табиий манбаларга бой Малайя ва Голландия Ост-Индиясини забт этишни таъминлаш учун керак эди.

Аслида Япония ва АҚШ ўртасида уруш эҳтимоли 1921 йилдан бери икки давлат томонидан ҳам бор эди. Кескинлик 1931 йилда Япония Манчжурияга бостириб кирган пайтдан кучая бошлади.

Фото: Wikipedia

Кейинги ўн йил ичида Япония Хитойда таъсирини кенгайтиришни давом эттирди. Бу 1937 йилда кенг кўламли урушга олиб келди. Япония Хитойни изоляция қилиш ва материкда ғалаба қозониш учун етарли ресурс мустақиллигига эришиш учун кўп куч сарфлади; жанубдаги босқинлар эса бунга ёрдам бериши керак эди.

Ҳужумдан олдинги вазият

1941 йил ўрталарида АҚШ президенти Рузвельт Буюк Британия бош вазири Черчиллга шундай ёзган эди:

«Урушни эълон қилмасдан бошлайман. Чунки Конгрессдан уруш эълон қилишни сўрасам, бу борадаги тортишувлар уч ойга чўзилиши мумкин».

Октябрь ойи бошида, «кутилмаган» ҳужумдан икки ой олдин, совет разведкаси ходими Рихард Зорге Москвага Перл-Харборга 60 кун ичида ҳужум қилиниши тўғрисида хабар берган эди; бу маълумотни, Америка манбаларига кўра, Кремль Вашингтонга етказганди.

6 декабрь куни кечқурун Вашингтон 26 ноябрдаги АҚШ ультиматумига жавобан ёзилган япон нотасини олди. Бу узун ҳужжат уруш эълон қилиниши ҳақида гапирмаса ҳам, унинг маъноси ва етказиб берилиши керак бўлган аниқ вақти (7 декабрь куни соат 13:00 да) ҳамма нарсани ойдинлаштириб турган эди. Аммо Тинч океани флоти жойлашган Гавайига ҳеч қандай огоҳлантириш берилмади. 6 декабрь соат 9:30 да (Вашингтон вақти билан) Рузвельтга япон нотаси топширилди. Уни ўқиб чиққан президент «Бу – уруш», деган эди.

1941 йил 7 декабрдаги асосий воқеалар Форд оролида рўй берди. Оролда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари аэродроми, унинг атрофида эса кемалар тўхташ жойи бор эди.

Япония ҳужуми арафасида оролда АҚШ Тинч океани флотининг тўққизта жанговар кемасидан еттитаси йиғилган эди.

Ҳужумдан 50 дақиқа олдин Япония империяси самолётларини оролнинг шимолида жойлашган SCR-270 радари пайқаган, лекин америкаликлар бу самолётларни ўзига тегишли деб ҳисоблаб, сигнал бермаган эди.

Ҳужум

1941 йил 26 ноябрда вице-адмирал Тюити Нагумо қўмондонлиги остидаги Япония империяси флоти флот қўмондони Исороку Ямамото буйруғига биноан Итуруп ороли (Курил ороллари), Хитокаппу кўрфазидаги базани тарк этди ва Перл-Харборга йўл олди. Япон флотиляси олтита самолёт ташувчи – «Акаги», «Кага», «Хиру», «Сорю», «Сёкаку» ва «Дзуйкаку» лардан иборат эди. Уларда 414 та, шу жумладан қирувчи, торпеда ташувчи, шўнғувчи бомбардимончи самолётлар бор эди.

Фото: Wikipedia

Самолёт ташувчи эскорт иккита жанговар кема, иккита оғир ва битта енгил крейсер ҳамда тўққизта эскадрилья мина ташувчисидан иборат эди. Оахуга қарши операцияда олтита сув ости кемаси ҳам қатнашди. Ҳужум жойига митти сув ости кемалари олиб келинди; кейинчалик улар ёрдамида Гавайи ороллари патрул қилинди.

7 декабрь куни эрталаб япон авиацияси Оахудаги аэродромларга ва Перл-Харбор бандаргоҳига ўрнатилган кемаларга ҳужум қилди. Ҳужум учун энг қулай вақт – якшанба танланди. Баъзи жамоалар ва қирғоқ мудофаа батареялари ходимлари дам олишда эди. 32 та қирғоқ мудофааси батареясидан атиги саккизтаси ҳужум қилганларга қарата ўт очди, шунда ҳам улардан тўрттаси тезда бостирилди.

Натижа ва оқибат

Ҳужум натижасида тўртта жанговар катта кема, иккита эсминец ва битта минадан ҳимоя қилувчи тўсиқ чўктирилди. Яна тўртта кема, учта енгил крейсер ва битта эсминец зарар кўрди. Америка авиацияси 188 та самолёт йўқотди, 159 та самолёт жиддий зарар кўрди. 2 403 нафар аскар ҳалок бўлди (улардан 1 102 нафари Аризона кемаси бортида бомба портлаши оқибатида ўлди); 1108 киши яраланди.

Японлар 29 та самолёт йўқотди, яна 74 таси зарар кўрди. Бешта кичик сув ости кемаси турли сабабларга кўра йўқолди. 64 та япон аскари ҳалок бўлди (55 учувчи ва тўққиз нафар сув ости кемаси аскари). Лейтенант Кадзуо Сакамаки асирга олинди. У жуда кичик сув ости кемасида маржонқояга урилгач, қирғоққа чиқиб қолган эди. Ўлган тўққиз нафар япон сув ости кемаси аскари миллий қаҳрамон деб эълон қилинди.

Фото: Wikipedia

Юқорида айтиб ўтилганидай, Перл-Харборга уюштирилган ҳужумдан мақсад АҚШнинг Тинч океани флотини зарарсизлантириш ва Япония армиясининг Жануби-Шарқий Осиёдаги ҳарбий-денгиз кучларига ҳаракат қилиш эркинлигини таъминлашдан иборат эди. Бу мақсадга эришилмади, чунки Тинч океан флоти кемаларининг замонавий турларига зарар этмади. Биринчи Жаҳон уруши давридан қолган, Перл-Харборда ўрнатилган саккизта ҳарбий кемадан «Аризона» ва «Оклахома» батамом йўқолди. «Пенсильвания» ва «Мэриленд» оз миқдорда зарар кўрди ва ой охирида хизматга қайтди. «Теннесси» ва «Невада» жиддий зарар кўриб, 1942 йил февраль ва октябрь ойларига қадар таъмирланди. «Калифорния» ва «Ғарбий Виржиния» фақат 1944 йилга келибгина тикланди.

Шу куни АҚШ Японияга қарши уруш эълон қилди ва Иккинчи Жаҳон урушига кирди. Бу ҳужум туфайли, айниқса у кутилмаганда содир бўлгани сабабли Америкада жамоатчилик фикри 1930 йиллар ўрталаридаги изоляционистик позициядан тўғридан тўғри ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш позициясига кескин алмашди.

1941 йил 8 декабрда АҚШ президенти Франклин Рузвельт Конгресснинг ҳар икки палатаси қўшма йиғилишида нутқ сўзлади. Президент «Тарихга шармандалик рамзи сифатида кирадиган кун» – 7 декабрдан бошлаб Японияга қарши уруш очишни талаб қилди. Конгресс тегишли резолюцияни қабул қилди.

Шундай қилиб, Тинч океани уруш театри ўз премьерасини ўтказиб олди. Олдинда ҳар икки давлатни атом бомбаси иштирокидаги даҳшатли уруш кутар эди. Лекин бу алоҳида мавзу.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.