7 декабрдан 8 декабрга ўтар тунда тахминан соат 03:10 да Чилонзор туманидаги Муқимий ва Байналминал кўчалари кесишмасида Labo русумли автомобилни бошқариб борган ҳайдовчи бетон тўсиққа тўқнашган, деб хабар берди Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати

ЙТҲ натижасида Labo автомобили ағдарилиб кетган. Ҳайдовчига ёрдам бериш учун ИИББ ходимлари ва ҳодиса гувоҳлари келиб, автомобилни ғилдиракларига ўнглаб қўйган.

Labo ҳайдовчиси кабинадан чиқмас эди. Воқеа жойига биринчи бўлиб етиб келган ППХ ходими йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига ЙТҲ ҳақида хабар берди. Ҳайдовчидан тиббий ёрдам кераклиги ҳақида сўрамоқчи бўлганида, ППХ ходими ҳайдовчининг ғайритабиий ҳаракатлари ва гапларига ҳамда ҳаракатларида мувофиқлик йўқлигига эътибор қаратиб, бу ҳақда ЙПХ инспекторларини огоҳлантирган эди.

Тахминга кўра ҳайдовчи психотроп воситалар ёки спиртли ичимликлар таъсири остида бўлган. Кутилмаганда ҳайдовчи ЙТҲ жойига етиб келган ЙПХ инспекторларига қаршилик кўрсата бошлаб, тинчланиш ва жамоат тартибини сақлаш ҳақидаги чақирувларга жавобан тажовузкорона ҳаракатлар қилган.

Ёнидаги пичоғини чиқариб, кимда ким яқинлашса унга жароҳат етказиши билан қўрқитарди. Ўтиб кетаётган ҳайдовчи ва пиёдалар тўхтаб томоша қила бошлаганлари сабабли ҳодиса атрофида одам кўпая бошлагач, фуқаролар ва ходимлар ҳаёти ва соғлиғи учун реал хавф юзага келди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати

Шунда ЙПХ инспектори кичик сержант Т.О. табель қуролини қўллашга қарор қилади. ЙПХ инспектори бир неча марта ҳайдовчини қурол қўллаши ҳақида огоҳлантиришига қарамасдан, ҳайдовчи ўзини агрессив тутишда давом этиб, ходимларга пичоқ санчимоқчи бўлган. Шундан сўнг ЙПХ инспектори йўриқномага мувофиқ ҳаракат қилиб, осмонга ўқ узди, бу ҳам қоидабузарга таъсир қилмаганидан сўнг, унинг оёғига қарата ўқ ўзди. Фақатгина шундан сўнг қоидабузар пичоғини ташлади. Унинг қўллари кишанланиб, тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага етказилди.

Ҳайдовчининг шахсини аниқлаш бўйича олиб борилган ишлар натижасида у – Шайхонтоҳур туманида яшовчи, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97 (Қасддан одам ўлдириш) ва 109-моддалари (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) бўйича судланган 43 ёшли Н.И. эканлиги маълум бўлди.

Labo автомобили салонида очиқ ҳолатдаги ароқ ва коняк шишалари топилди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати

«Ҳозирги вақтда фуқаро Н.И. ўз ҳаракатларини тушунтиришга қодир эмас, чунки у айни дамгача маст ҳолатдадир. Чилонзор тумани прокуратураси Н.И.га нисбатан жиноий иш қўзғатилиши масаласи билан шуғулланмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал майор Рустам Жўраев ходимларни рағбатлантириш ҳақида топшириқ берди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ўқотар қуролни қўллаш Ўзбекистон Республикаси «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонунининг 24-моддаси билан белгиланган.