Ҳа, кўпчилигимиз, математика соҳасида Нобель мукофоти берилмаслигини яхши биламиз. Лекин бу математикларга Нобель берилмайди дегани эмас. «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов шу ҳақда ҳикоя қилади.

Альфред Нобелнинг севган қизи математикка тегиб кетгани учун олим алам устида математикларни мукофотдан маҳрум қилган деган чўпчак кенг тарқалган. Аслида бунинг замирида ҳақиқат йўқ. Нобель шунчаки васиятида математикларни тилга олмаган ва бунинг сабаби ўзигагина аён. Уни яқиндан билганларнинг фикрича, Нобель математикани абстракт фан санаган, мукофот эса амалий ютуқлар учун берилишини истаган. Шу сабабли Нобель мукофоти тиббиёт ва физиология, физика, кимё, адабиёт ва тинчлик соҳаларида берилади. Шунга қарамай, тарихда бу нуфузли илмий мукофотга эга бўлган бир неча профессионал математик олим мавжуд.

Фото: Wikipedia

Масалан, британиялик математик Бертран Рассел 1950 йила адабиёт соҳасидаги Нобелни қўлга киритган. Унинг ҳамкасби Альфред Уайтхед билан ҳамкорликда ёзган Principa Mathematica китоби ХХ аср бошларида умумий математикани оддий мантиқий хулосалар, аксиома ва чекланган сондаги асосий тушунчалар орқали содда баён этишга қаратилган эди. Асар айниқса 20–30-йилларда катта шов-шув билан қўлма-қўл бўлган ва Расселнинг обрўсини жуда ошириб юборган. Кейинчалик Бертран Рассел математикадан бироз йироқлашган ва асосан фалсафий мулоҳазаларга берилган. Шунингдек, бошидан кечирган Иккинчи жаҳон уруши даҳшатлари ҳақида хотиралар ёзиб, тинчликпарварликни, инсонийликни тарғиб қилувчи асарлар битган. Асл касби математик бўлган Бертран Рассел гуманизм ғояларини кенг тарғиб қилгани учун адабиёт бўйича Нобель мукофотига эришган.

Фото: Wikipedia

Яна бир математик – Южин Вигнер эса ўзига анча яқин соҳа – физика бўйича 1963 йилги Нобелга сазовор бўлган. Физика ва математика чамбарчас боғлиқ соҳалар саналса-да, Вигнер касбига кўра физик эмас, айнан математик бўлган. 1902 йилда Будапештда туғилган бу олим асосан гуруҳлар назарияси борасида илмий ишлар олиб борган. Бу йўналишдаги илмий хулосаларини симметрия назарияси ва квант механикасига татбиқ этган олим физика соҳаси учун ғоят муҳим натижаларни олишга муваффақ бўлган. 1963 йилги физика бўйича Нобель унга симметриянинг фундаментал тамойилларини элементар зарралар физикасига татбиқ этгани учун берилган.

Математика энг кўп қўлланиладиган яна бир соҳа иқтисодиётдир. Шу сабабли айрим математик олимлар иқтисодиёт соҳасида Нобель хотираси мукофотини қўлга киритгани ажабланарли эмас. Шундайлардан бири СССР вакили Леонид Канторович бўлиб, у 1975 йилда Нобелга сазовор бўлган.

Фото: Wikipedia

Канторович 1912 йилда Санкт-Петербургда туғилган. У фавқулодда истеъдодли бола бўлган ва 14 ёшидаёқ физика-математика факультетига ўқишга кириб, 18 ёшида аллақачон олий маълумотли, етук математик мутахассис сифатида тан олинган. Кантарович асосан ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш, иқтисодий кўрсаткичларни мақбуллаштириш, энергия, ёқилғи тежаш ва логистикани самарали йўлга қўйиш борасида катта кўламли илмий ишлар қилган. Унинг фанера ишлаб чиқариш заводи мисолида кўрсатиб берган иқтисодий таҳлиллари туфайли ресурсларни оптимал тақсимлаш назарияси юзага келган. Бу назария кўплаб ишлаб чиқариш корхоналарида катта муваффақият билан ўзини оқлаган ва айнан ушбу иши учун Кантаровичга 1975 йилги Нобель берилган.

Фото: Wikipedia

Нобель олган математиклар ичида энг таниқлиси Жон Нэш бўлса керак. Зулфия Назар сценарийси асосида ишланган, бош ролни Рассел Кроу ижро этган «Тафаккур ўйинлари» кинофильми орқали уни кўпчилик яхши танийди. Жон Нэш ўйинлар назарияси бўйича катта илмий ишлар олиб борган америкалик математикдир. Нэш ҳам Нобелини иқтисодиёт соҳасида олган. У шизофренияга чалингани ва ёш ўтгани сари буни енгиб ўтиб, йирик илмий ишлар қила олгани таҳсинга сазовордир. Унда Нобелдан аввал аллақачон Абель мукофоти ҳам бўлган.