Сўнгги пайтларда фуқароларга қуйидаги мазмундаги SMS-хабарлар келмоқда: «Ассалому алайкум. Мен онамни жанозаларига бораётганимда йўлда машинам бузилиб, Қамчиқ довонида қолиб кетдим. Менга сизнинг ёрдамингиз керак. Телефонимга озроқ пул ташлаб юборинг».

Фото: ИИББ матбуот хизмати

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматига кўра, одатда 25 минг сўм, баъзида эса каттароқ маблағ сўрашади. Ёрдам қўлини чўзган инсонлар кейинчалик билишларича, улардан ёрдам сўраган одам умуман нотаниш кимса бўлган. Оддийроқ қилиб изоҳлаганда, бу фуқароларни алдаш йўлларидан биридир.

Ачинарлиси шундаки, инсонларнинг мурувватидан фойдаланган кимсалар сабабли бир марта алданганлар кейинчалик бировга ёрдам қўлини чўзишдан ўзини тияди.

«Ҳурматли фуқаролар! Бу каби ҳолатларда нотаниш кишига ёрдам бериш ёки бермасликни ўзингиз ҳал қиласиз. Аммо алданиб қолмаслик учун барибир эҳтиёткор бўлишингиз зарур», — дейилади хабарда.